16 May 2012
22:08 - Бир қатор давлат корхоналари активларининг сотишга чиқарилиши Ўзбекистонни иқтисодий ҳалокатдан қутқарадими?
Ўзбекистон режимининг қўғирчоқ сайтларидан бири бўлган 12.uz номли информацион нашр бугун тарқатган хабарда айтилишича, кеча Давлат Мулк қўмитасида Ўзбекистон иқтисодига инвестициялар жалб қилиш масаласида матбуот анжумани ўтказилибди ва Қўмита раиси ўринбосари Сайфиддин Ғаффоров Ўзбекистон ҳукумати келаси икки йил ичида давлатга қарашли 500 га яқин ширкат активларини сотишга чиқариш режалаштирганини ҳам тилга олибди.

Хуллас, 2012-13 йилларга мўлжалланган давлат мулкини хусусийлаштириш Дастурига мувофиқ, нефт ва газ, энергетика, металлургия, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, электротехника ва фармацевтика соҳасидаги 497 ширкатнинг давлатга қарашли активлари очиқ савдога қўйилар, бундан ташқари, ушбу дастурга кўра, 63 та бўш ва ишлатилмай ëтган объект сармоя ëтқизиш шарти билан “нол” қийматида конкурс асосида янги сармоядорларга берилар эмиш.

Бу қарор Ўзбекистонни бозор иқтисодига ўтказиш йўлдида муҳим қадам бўлиши мумкин. Аммо, ҳамма гап ҳар бир давлат корхонаси активларининг қанча қисми сотишга чиқарилишидадир. Иқтисоди ва бюджети чўкиб бораётган мамлакатни банкротликдан қутқариш учун ҳар бир корхона активининг катта бўлмаган қисмигина сотилса, активларнинг асосий қисми давлат контроли остида қолаверади ва маъмурий-буйруқбозлик системаси бузилмайди. Бюджет ҳалокатдан вақтинча қутқарилади, бироқ Ўзбекистоннинг ўзи иқтисодий ҳалокат таҳликасидан қутилмайди.

Бундан қутилишнинг ягона йўли – мавжуд режимдан қутилиш, иқтисодни ҳам демократик тамойиллар асосида ривожлантиришдир.

Дарвоқе, бу хабарга қўйилган бензоколонка расмидан тушуниш мумкинки, хабар тайёрлаган журналистлар ҳам Ўзбекистонда майда-чуйда корхоналарнинг активлари сотишга чиқарилишини тушунганлар.