02 May 2012
22:39 - Европа Иттифоқида ишсизлик даражаси 10,9 фоиз эканлигидан эмас, Ўзбекистонда ҳеч қандай рақам берилмаслигидан қўрқиш керак
Европа Иттифоқининг статистик ишлари билан шуғулланадиган идораси – Евростатнинг бугун эълон қилинган маълумотларига кўра, ЕИда ишсизлик даражаси шу йилнинг февраль ойида 10,8% бўлган, март ойида 10,9% га чиқибди, яъни ишчизлик бир оз ортган. 2011 йилнинг март ойида ишчизлик 9,9% бўлган экан.

Ишсизлик даражаси ЕИ ичида ҳам турли мамлакатларда турли. Масалан, Aвстрияда 4,0%, Голландияда 5,0%, Германияда – 5,6%, Собиқ СССРнинг Болтиқ бўйи жумҳуриятларида 15-17 фоиз, Испанияда 24,1%, Юнонистонда 21,7%.

Хуллас, ЕИнинг баъзи мамлакатларида иқтисодий инқироздан чиқиш аломатлари ҳали ҳам кўринмаяпти.

Шуни ҳам айтиш керакки, рақобатга асосланган капиталистик тузумда ишсизлик даражаси ҳеч қачон жуда оз бўлмайди, бу капитализмнинг моҳиятидир. Муҳим бўлгани – ишсизлар учун ҳар доим иш қидириш ва охир-оқибатда иш топиш имкониятининг борлиги.

Шу асрнинг бошларида, яъни ЕИ гуллаб-яшнаётган даврда ишчизлик даражаси 9 фоиз атрофида бўлган, 2008 йилдаги молиявий-иқтисодий инқироз бошланишидан аввал, тўғрироғи, 2007 йилда ишсизлик даражаси кескин пастга - 7 фоизга тушганди. Шундан кейин инқироз бошланди. Демак, авваламбор ишсизлик даражасининг кескин тушишидан кўрқиш керак.

Яна қўрқиш керак бўлган нарсалардан бири – Ўзбекистон каби давлатларда ишсизлик даражаси ҳақида ҳеч қандай расмий маълумотлар берилмаслигидир.