01 May 2012
01:31 - Туркиянинг Назилли туманида 36 кишининг ёши 100 дан катта
Бу мамлакатнинг Эгей денгизига чиқадиган Ойдин вилоятининг Назилли туманида 100 минг киши яшайди. Уларнинг 36 нафарини ёши 100 дан катта. Бу туман ёши катталар сони бўйича Туркияда биринчи ўрида туради.

Ўрта Ер денгизи университетининг олимлари бу туман аҳолиси ичида сўровномалар ўтказиб, узоқ умр сирини топишга ҳаракат қилдилар, дейилади Миллиёт газетасининг хабарида, аммо жиддий бир натижага эришолмадилар. Одамларга берилган саволлардан бири, уларнинг қандай овқатланиши ҳақида экан. Масалан, 102 ёшли Ойша буви “Нима бўлса шуни ейман, ёғли нарса ҳам ейман, зайтун ҳам ейман” дебди.

Туркияда одамларнинг ўртача умри 70 йил, йигирма йил аввал 60 экан.

Солиштириш учун эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Ислом Карим баъзи чиқишларида бизда одамларнинг ўртача умр кўриши 20 йил ичида 67 ёшдан 73 ёшга узайганини гапиради. Аммо, Интернетнинг бу соҳага оид саҳифаларида кўрсатилишича, Ўзбекистон собиқ Совет мамлакатларидан фақатгина Тожикистондан олдинда бўлиб, бу соҳада фожеавий аҳволда ҳисобланадиган Россиядан ҳам орқада. Ўша ердаги рақамларга кўра, Ўзбекистонда одамлар ўртача 65,1 йил умр кўришади, эркаклар – 61,6 ва аёллар – 68,6.