24 March 2012
23:35 -
Қашқадарёча қотилликни яшириш кимга керак? (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, №7, 23.03.2012)
Қийноқлар қурбони бўлган Алмардон Бердиқуловнинг иши
БМТнинг қийноқлар бўйича кўмитасида кўрилади
Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ИИБ биносида 2011 йилнинг 20 ноябрига ўтар кечаси содир этилган қотиллик изларини ёпиш учун шахсан вилоят ИИБ бошлиғи, полковник С. Ҳайдаров келди. Келмаса бўлмасди, Алмардоннинг ўлими ҳодисаси бутун оммавий ахборот воситалари, халқаро интернет тармоғига ёйилиб улгурганди. Шу боисдан ҳам Чироқчи тумани ИИБ бошлиғи, подполковник И. Ишмуродов тергов изоляторида ўлдирилган Алмардон Бердиқулов бўйича жавобгарликни ўз бўйнига олишни ҳали етарлича таржрибага эга бўлмаган терговчи Анвар Холиёровдан илтимос қилганди, уни кўндирганди. Терговчининг иродасизлиги туфайли жиноят аслича очилмай қолди: Алмардонни уриб ўлдирган ёвуз кимсалар ҳамон очиқда, терговчи эса шу йилнинг 4 февралида қамоққа олинди ва иш шу кунларда ЖИБ Шаҳрисабз туманига ўтказилди.
Жиноят иши материалларига кўра, гўё Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси (Ўғирлик)да гумонланган марҳум Алмардон Бердиқулов ўз жонига қасд қилган. 20 ноябрга ўтар кечаси ИИБ биносининг 3 қаватидан пастга тушувчи зинапоя панжарасига ўзини осган. Наридан бери ўтказилган суд тиббий экспертиза хулосалари билан мустаҳкамланган бу ишни энди очиш қийин. Камида Алмардоннинг қабрини очиб, маййитни эксгумация қилиш лозим. Бу иш эса навқирон фарзандини тупроққа берган ота-она учун оғир, қолаверса қашқадарёлик миршаблар бунга тиш-тирноғи билан қарши бўлади.
Ўз бошлиқлари томонидан “подставка” қилинган, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг ўзини ўлдиришга мажбур қилиш ҳамда мансаб сохтакорлиги билан боғлиқ жиноятда айбланаётган терговчи Анвар Холиёров эса сирларни энди очмоқда. У аслида Алмардон расмийлар айтгани каби ўзини осган эмас, балки шафқатсиз қотиллик ва қийноқнинг қурбони бўлган демоқда. Холиёровнинг адвокатлари ўлдирилган Алмардоннинг кекса ота-онаси билан бирлашиб, ҳақиқий қотилларни кўрсатишмоқда. Улар - Алмардоннинг бўйнига бир неча очилмай қолган жиноий ишларни қўймоқчи бўлган Чироқчи тумани “Бешчашма” қўрғонча милиция пункти бошлиғи, подполковник Анвар Зиётов ҳамда унинг Нодир ва Юнус исмли шериги, Яккабоғ тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Чоршанбиевлардир.
Очилмаган ишларни бўйнига олмаса марҳумнинг ахлоқи билан боғлиқ аввалги ишларини қўзғаш билан қўрқитган бу шахслар Алмардонни ноқонуний ҳибсда ушлаб туришган, уни қамоққа олишга санкция бўлмаса-да, уни қўйиб юборишмаган. Ҳибсга олинган 12 ноябрь куни ҳам унинг шахси ва қадр-қимматини топтаб, ҳақорат қилишган. Бу ишларнинг етакчиси ва жиноий гуруҳ бошида турган подполковник Анвар Зиётов эса яқин ўтмишда Қашқадарё вилояти ИИБ ЖҚБда бошлиқ лавозимида ишлаб, нишонлик Шоҳиста Махсумованинг номусига тегиш билан қўрқитиб, уни “қотил”га айлантирган. Ғузорда бегуноҳ бир ўспириннинг қотилликда айбланашига сабаб бўлган. Шундан сўнг у гўё ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тизимида “ҳайдалиб”, Чироқчининг гадой топмас бир қишлоғига вилоят Ички ишлар бошқармаси маъмурияти томонидан яширилган. Орадан кўп ўтмай яна жиноят қилди ва кўзга ташланди.
Анвар Зиётовнинг қилмишлари бутун бошли милиция тизими, хусусан, Қашқадарё вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланаётгани боис ҳам у силлиққина пенсияга кузатилибди. Ҳолбуки, Зиётов содир этган аввалги ва кейинги қонунбузарликлар устидан ҳозирда ҳуқуқ ҳимоячи ташкилотлар БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачисига мурожаат қилган ва Ўзбекистонда қийноқларнинг одатий ҳолга айланиб бораётганини шу факт орқали исбот қилмоқчи.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти адолатнинг қачондир қарор топиши ва Зиётов мисолида ўзбек милициясининг зўровонлигига берҳам берилишига ишонади. Аммо ҳозирги кунда бу ҳаракатларнинг прокуратура органи томонидан ҳам билвосита қўллаб-қувватланаётгани, жиноятларнинг хаспўшланаётгани ишнинг орқага кетишига сабаб бўлмоқда. “Эзгулик” Алмардоннинг милиция орасидаги ҳақиқий қотилларини топиш ва жазолаш юзасидан ҳуқуқ ҳимоячилари, оммавий ахборот воситалари вакилларини фаолликка чақиради. Зеро, ўзбекнинг алплари, али ва мардонлари зулм ва зўровонлик қурбони бўлаверади.