15 March 2012
17:30 - “Эзгулик”нинг Жиззах ва Сирдарё бўлимлари қўшма конференцияси ўтказди
Кеча, 15 мартда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Жиззах ва Сирдарё вилояти бўлимларининг қўшма конференцияси бўлди. Жиззах вилояти ҳокимлиги биносидан «Эзгулик» жамиятининг маҳаллий бўлими томонидан ижарага олинган хонада ўтган конференция самарали, ўз-ўзини танқид ва таҳлилий руҳда ўтди. Ҳуқуқ ҳимоячилари жойлардаги инсон ҳуқуқлари вазияти, муаммолар, иқтимоий-сиёсий аҳвол борасидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашишди, деди мухбиримиз билан мулоқотда жамият раҳбари Васила Иноятова.

Анжуманга келган 15 дан ортиқ фаоллар орасида жамиятнинг Жиззах бўлими раиси Абай Байбулатов вилоятда миграция, коммунал хўжалик фаолияти ва коррупция билан боғлиқ муаммоларнинг кун сайин ортиб бораётганини таъкидлаган. Абай Байбулатов ўз вилоятидан чиққан айрим ҳуқуқ ҳимоячиларининг хориждаги саргузаштлари, хусусан, халқаро терроризм ва бошқа жиноятларда айбланаётгани афсус билан эътироф этди.

Жамиятнинг Сирдарё вилояти бўлими раиси Исроил Ризаев вилоят ва минтақада фуқароларнинг мурожаатлари билан боғлиқ вазиятнинг аянчли ҳолга келгани, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимида олиб борилаётган коррупцияга қарши курашга қарамай ҳуқуқбузарлик ва адолатсизликларнинг кўпайиб бораётганини таъкидлади. Марказий Бошқарув вакилларидан бири Абдураҳмон Ташанов эса айнан “Эзгулик”нинг ўзида координация, ўзаро ахборотлар алмашиш ва ҳамжиҳатлик заифлиги сабабларига тўхталди.

Жамият раҳбари Васила Иноятова минтақадаги ҳамкасбларига аввало сиёсий ҳуқуқлари, болалар меҳнати ва қийноқлар масаласида таҳлилий ҳисоботлар тайёрлаш, айнан шу соҳаларни мониторинг қилиш бўйича тавсия ва топшириқлар берди. Унинг эътирофича, бундай минтақавий қўшма анжуманлар яқин орада Самарқанд ва бошқа жанубий вилоятларда ҳам ўтказилади. Фаолиятнинг стратегиялари пухта ишлаб чиқилади.