22 January 2012
02:50 - Миср парламентида кўпчилик ўрин исломчиларда бўлади
Миср инқилобидан кейин ўтказилган илк парламент сайловларининг учинчи босқичи ҳам тамомланди, сайловларнинг ниҳоий натижалари эълон қилинди, дейилади Reuters агентлигининг хабарида.

Параламентдаги 332 депутатнинг 2/3 қисми партиявий рўйхатлар бўйича, қолганлари бир мандатли округлар бўйича сайланди. Партия рўйхатлари бўйича берилган овозларнинг тақсимоти шундай бўлибди: “Мусулмон-қардошлар” ҳаракатининг “Эркинлик ва Адолат” партияси 38%, салафийларнинг радикал исломий “Ал-Нур” партияси 29% овоз олган. Қолган овозлар дунёвий “Янги Вафд” ва “Миср блоки” партияларига берилган.

Бир мандатли округлардаги натижаларни ҳисобга олганда паламентдаги ўринлар қандай тақсимланиши ҳақида ҳали маълумот берилмади. Аммо, умумий ҳисоб исломчилар фойдасига бўлганига шубҳа йўқ.

Кўпгина хабар агентликлари, жумладан, биз ҳам, Мисрдаги исломий партиянинг номини “Мусулмон-қардошлар” деб айтардик. Аслида, “Мусулмон-қардошлар” партия эмас, оммавий ҳаракат бўлиб, унинг таркибида “Эркинлик ва Адолат” партяси тузилган, сайловларда айнан шу партия қатнашган.

Ҳусни Муборак йиқитилмасдан олдин Миср парламенти Миллий Демократик Партия аъзоларидан иборат бўлиб, “Мусулмон-қардошлар” ташкилоти тақиқланган эди. Маълумки, ҳозир собий президент-диктатор устидан суд давом этмоқда, прокурор унга олий жазо берилишини талаб қилмоқда.