17 June 2007
03:00 -
15:00 - Пўлат Охунга ҳали ҳам паспорти берилмади, органларнинг масхарабозлиги давом этмоқда - “Эзгулик”: эзгу фаолиятимиз давом этади! (Жамиятнинг пресс-релизи, № 42, 17.06.2007)
15:00 - Пўлат Охунга ҳали ҳам паспорти берилмади, органларнинг масхарабозлиги давом этмоқда

Аввалги хабарларимиздан маълумки, “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Пўлат Охун ўз паспортини унинг муддати ўтган куниёқ алмаштириш учун Шаҳрихон ички ишалар бошқармасига топширганди. Ўтган ярим йил ичида Пўлат Охуннинг, кейинчалик “Эзгулик” жамиянинг бу масала бўйича Ички ишлар вазирлигига ёзган хатлари жавобсиз қолмоқда. Шаҳрихон бошқармасининг ходимлари ҳам, вазирликнинг юқори даражали амалдорлари ҳам оғзаки гапларда масала яқинда ҳал бўлишини айтишдан чарчамаяптилар.

14 июнь куни Шаҳрихондан Тошкентга келдган Пўлат Охун “Эзгулик” раиси Васила Иноят билан биргаликда вазирликда бўлишди. Вазирлик ходими шахсан Пўлат Охунга унинг ишини МХХ текшираётгани, Пўлат Охун бир неча йил Швецияда яшаганда бошқа паспорт олиб олмагани ўрганилаётганини айтибди.

Шундан сўнги Пўлат Охун ва Васила Иноят МХХга бориб, унинг раисини қабулига ёзилишган. Қабулхона мудири учрашувни эртаси кунгаёқ тайинлаган. Аммо, эртаси куни қабулхонадагилар на эшикларини очишган на телефонларга жавоб беришган. Яъни, МХХ бошлиғини қўяберинг, қабулхона ходимлари ҳам учрашувдан қочиб кетишган.

Бунинг сабабини тушуниш мумкин, дейди мухбиримиз. Ички ишлар вазирлигиниг, агар бунга аралашган бўлса МХХнинг ҳам иши қонунларга зиддир. Тўғри, Ўзбекистоннинг ҳар бир органи, мамлакат хавфсизлигини ўйлаб ҳар қандай текширув олиб боришга ҳақли. Аммо, биринчидан, текширув қонунлар доирасида бўлиши керак, иккинчидан, текширув ҳеч бир фуқаронинг ҳуқуқларини чеклашга ҳақли эмас. Ҳатто чеклаш бўладиган бўлса ҳам, тегишли инстанциялар бу хусусда қарор чиқариб, у билан Пўлат Охунни расман таништиришлари керак.

Аслида, мухолифат лидерларидан бир бўлмиш Пўлат Охунга қўйиладиган ҳеч бир айб йўқ. Ички ишлар вазирлиги ва МХХ буни яхши билгани учун Пўлат Охунга расмий жавоб беришдан қочиб юриб, ишни пайсалга солмоқдалар. Яъни, мухолифат кўп марта айтаётгандек, мамлакатнинг муҳим струтураларининг фаолиятини масхарабозликка айлантирмоқдалар.

Ҳукуматнинг мақсади эса, аслида, ҳаммага аён: Бу йил бўладиган президент сайловида иштирок этиш ниятини очиқча эълон қилган “Бирлик” Партиясининг фаолиятини фалаж қилиуч учун унинг фаолларининг оёқ-қўлини турли усуллар билан боғлаб қўйишга интилиш.

Ҳозир шундай бўлмоқда. Пўлат Охун паспортсиз мамлакат ичида ҳам ҳеч бир ерга боролмайди. Унга ҳатто паспорти алмаштириш учун олингани ҳақида маълумотнома ҳам бермаяптилар. Пўлат Охун шу кунларда Шаҳрихондан Тошкентгга келаётганда 3-4 марта турли милиция постларида тўхтатилган ва ҳар сафар паспортининг ҳар эҳтиимолга қарши олинган фотонусҳаси кўрсатганидан кейин, бир неча соатлик суҳбатлар ўтказилиб ва ёзма тушунтириш хатлари ёздириб олиниб қўйиб юборилган.

“Эзгулик”: эзгу фаолиятимиз давом этади! (Жамиятнинг пресс-релизи, № 42, 17.06.2007)

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига ҳар куни ўнлаб юртдошларимиз мурожаат этади. Ҳар хил мутасадди идоралар, давлат ҳокимияти органлари турли бўғинлари фаолиятидан норози фуқаролар шикоят қилишади. Шикоятларнинг аксарияти ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига талабномалар қўйиш ёки уларни воқеа жойида ўрганиш билан ҳал этилади. Айрим шикоятлар ва уларнинг ижтимоий аҳамияти нуқтаи назаридан пресс-релиз ёки баёнотлар қабул қилинади. Демак, жамоатчиликка жамиятимиз фаолиятининг бир қисмигина маълум.

Шу кунларда вақтида жамоатчилик эътиборини ўзига жалб этган икки маҳбус тақдири жамиятимиз ва бошқа ташкилотлар кўмагида яхши томонга ўзгарди. Яъни, уларнинг бири журналист Хайрулла Эрназаров ҳамда кейингиси врач-паталогоанат, ҳуқуқ ҳимоячиси Гулбаҳор Тўраевадир. Хайрулла 2003 йилда ЖИБ Самарқанд вилояти суди томонидан етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, судлов моҳиятига кўра, унинг иши сиёсий мотивга эга эди. Яъни, у конституциявий режимга тажовуз ва радикал диний ташкилот тузишда айбдор қилинган. Гулбаҳор эса давлат тузумига зид адабиётларни олиб ўтишга уринган, контрабанда жиноятини содир этган эди.

Ҳар иккала маҳбус ҳам ҳақида ҳам жамиятимиз фаоллари мамлакатимизнинг турли идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Президент-у Олий Мажлис вакилларини тинч қўймади. Уларга кунда-кунора мурожаат қилиниб, қамоққа олинган шахсларнинг айбдор эмаслиги, қолаверса, жамоатчиликнинг бу воқеаларга ўта норози муносабатда бўлишаётганини таъкидлаб келишди. Ниҳоят, икки маҳбус озод қилинди. Уларнинг озод қилинишини амалда оқлов процедурасини амалга оширмайдиган ҳукумат гарчанд Амнистия акти ёки судловнинг бағрикенглиги билан изоҳлаётган бўлса-да, бу тўла маънодаги ғалабадир.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти қамоқларда қолаётган бошқа маҳбусларнинг ҳам тез орада озод қилинишига умид қилиб, жамоатчиликни уларни қўллаб-қувватлашга, ҳар дақиқа уларнинг озодлиги учун давлат ҳокимияти идоралари ва халқаро ташкилотларга мурожаат этишга чақиради. Ҳуқуқ ҳимоячилиги, журналистик фаолияти ҳамда илғор сиёсий қарашлари эвазига озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг озод қилиниши, ҳуқуқлари учун курашади.