Актуал мавзу - 01 January 2012
06:01 - Юсуф Жума: Қадрсиз Туркистоннинг қадрсиз булбули

Дадахон Ҳасан етмишга етибди...

Гапни шундоқ бошласам: бизнинг халқ итдан баттар,мушукдан баттар, товуқдан тубан, қуёндан қўрқоқ, қўйдан ҳам паст десам, вой деб юборади барча. яна халққа тош отаяпдими, менинг онажон, жонажон халқимгая. вой, кофир!

Ислом Каримов элни Андижонда қирғин барот қилиб келиб, яъни 2005 йил 13 майда, журналистларга ўша кун кечқурун "ўзимнинг онажон, жонажон халқимга ўқ
узаманми?!" деди, халқпарварликнин қаранг!

Нима кўп бизда Каримовга ўхшаган халқпарвар кўп. Эй халқпарварлар, чиндан
халқпарвар бўлсангиз, нега менга тош отгунча халқни қирғин қилаётган Каримовга тош отмайсиз?! Тош отиб кўрингчи, жонингиз ширинми?!

Майли гапни бундоқ бошлмаймиз, бошқача бошлаймиз. мана бундоқ. Бу гапни менга
Қашқадарёлик раис бобо Жаслиқда айтиб берган. Қашқадарёлик бир чўпон очиқликда бир ўра қаздирган. Ўрада итнинг боласини, мушукнинг боласини, қўзичоқни, жўжани, қуённинг боласини биргаликда боқаркан. Улар худди аҳил ака укалардек ахир ноаҳил ака укалар ҳам бесаноқ) ўсишаркан. Мушукнинг ризқига ит, жўжанинг ризқига мушук тегинмас, бир бирини ялаб юлқаб, бир бирининг бағрида ухлашаркан.

Вояга етиб улғайгач ҳам бир бири билан шундай яшашар экан. Агар товуққа
калхатми, сақолми ташланмоқчи бўлса ит ҳам, мушук ҳам, товуқ ҳам биргаликда
душманга қарши ташланишар экан. Итлар чўпонсиз подани боқиб бўрилардан асрашар экан.

"Менинг ҳам сиз каби халқим бўлсайди!"

Дадахон Ҳасан етмишга етибди Ўзбекистон матбуоти жим!
Озодлик радиоси жим!
ББС (BBC радиоси) жим!
Мухолифат жим!
Гўё Дадахон Ҳасан дунёга келмагандай. Ҳолбуки у туғилибди, етмишга етибди.
Хўш етмишга етган бўлса етибдида, ким ўзи?!

Ахир ҳар куни бесаноқ одам туғилади, бесаноқ одам ўлади. Ҳатто ҳар куни бесаноқ одам етмишга, саксонга, ҳаттоки юзга етади.

Хўш нима бўлибди?!

Ўзбекистон матбуоти тўй қилсинми?! ахир бу матбуотнинг яккаю ягона мавзуси – на ўлик, на тирик, на соғ, на жинни Ислом Каримов бор.

Дадахон Ҳасан етмишга етибди деб "Озодлик" радиоси тўй қилсинми?!

"Озодлик" Ўзбекистоннинг аллақандай футбол командаси, ёхуд Руслан Чагаев ҳақида шошилинч хабарлар тайёрлашдек келажаги буюк программасини бажариш билан банд.

Дадахон Ҳасан етмишга етибди деб ББC тўй қилсинми?!

Ахир улар жинсий тарбия тўғрисидаги жиддий программалар билан ишлаябди. Буюк
ўзбек адиби, буюк ўзбек журналисти Ўринбой Усмон тўғрисидаги систематик
программалар тўғрисида тер тўкишаябди.

Ахир Ўринбой Усмондан ташқари ўзбекда адиб йўқ. Ўринбой Усмон олдида Дадахон
Ҳасан деганлари ким бўлибди? Ўбекистон матбуотида ёзиш учун мустабид Ислом
Каримов рухсати керак.

Озодлик ва ББC радиолари учун Муҳаммад Солиҳнинг розилиги керак.

Албатта Ислом Каримов Дадахон Ҳасанни душман деб билади. чунки Ўзбекистонда
халқ деганда Ислом Каримов тушунилади. Ўзбекистонда ҳатто халқ ҳам халқнинг
душмани. Чунки халқ -- Ўзбекистон халқи -- Ислом Каримов. Демак Ўзбекистонда
Дадахон Ҳасан ҳақида ёзиш мумкин эмас. М.Солиҳ эса Дадахон Ҳасанни бир отарчи
деб билади. Чунки Дадахон Ҳасан Ислом Каримовни мақтамаганидек ҳозир М.Солиҳни ҳам мақтамай қўйган. Ораларидан қора мушук ўтган.

Ўзбекистон матбуотини мустабид Ислом Каримов онасининг томорқаси қилиб олган.
Озодлик ва ББCни сизлар онангизнинг томорқаси қилиб олгансизлар. Томорқога ҳам яхши уруғ экиш керак. Озодлик тўппичи Р. Эрматовни, ББС Ўзбекистоннинг ҳозирги яхши тўппичи, ўйинчисини эккунча Дадахон Ҳасан дарду ҳасратини экса бўлмайдими?!

Ё Муҳаммад Солиҳнинг "мени кимдир ерга урмасалар, бунчалар кўкка сапчирмидим"
деган шоҳбайтлардан иборат шеърини гимн қилиб олинглар. "Шеър"га тўп деб
сарлавҳа қўйинглар. Фақат тўпни ерга қанчалар қаттиқ урсанг шунчалар теппага
сакрайди. Шу гимнни куйлаб футболчилардан, Руслан Чагаевдан, бонг уриб доллар
олаверинглар.

Ижодкорлар -- мухолифатчилару, ҳукумат ижодкорларининг кейинги чорак аср ичида ёзганларини варақлаб, даҳшатга тушдим. Битта мақола йўқ. Шеър ё наср нари турсин битта мақола йўқ. Муҳаммад Солиҳнинг "Йўлнома"си унинг ҳатто бир мақола ҳам ёза олмаслигини кўрсатган. Айримлар роман деб эълон қилаётган нарсалар мақола даражасидан тубан. Ҳолбуки Маҳмудхўжа Беҳбудий мақолалари ўлмас мақолалардир.

Хўш ўзингиз бирор мақола ёза олмас экансиз ҳар бир қўшиғи элга сабоқ бўладиган Дадахон Ҳасаннинг йўлини нега боғлайсиз. Нега Каримовдан қолганини сизлар тўсаяпсизлар?!

Мен қамоқдан чиққандан кейин "Озодлик"нинг ўзбек бўлими каттакони Алишер
Сиддиқ қўнғироқ қилди. Суҳбат қилиб эшиттириш берди, раҳмат. Шу суҳбатдан кейин сиз билан Абдулла Искандар - Шуҳрат Бобожонов боғланиб қамоқхонада
кўрганларингиз, бошингиздан кечирганларингиз бўйича суҳбатлашиб туради.
Кейинчалик китобми, диск қиламиз," деган мазмунда гапирди. Мен рози бўлдим.

Абдулла Искандар уч тўрт марта қўнғироқ қилиб тезроқ ёзишимни айтди. Шу орада
ББС мен билан суҳбатлашиб Ўзбекистон халқ ҳаракати тўғрисида сўради. Саволга
жавоб бериб Муҳаммад Солиҳ қайси бир ҳаракатга, қайси бир ташкилотга бошлиқ
бўлган бўлса бари фожеа билан якунланганини бундан кейин ҳам шундай бўлажагини мен ўзимча баён қилдим. Яқинда Россиядаги раҳбари ўлдирилди. Бу албатта бошланиши.

Муҳаммад Солиҳнинг бирликка қилган хиёнатини билмаган, Ш. Мирсаидовлардан
Каримовни асраб қолганини билмаган гўл авлод вакиллари тағин Муҳаммад Солиҳга
эргашиб ҳалокат томонга бораётганини айтгандим ўша суҳбатда. Албатта ББСдаги
Солиҳчилар суҳбатнинг халқ тақдирига алоқадор қисмини беришмади. Халқ
тақдиридан Муҳаммад Солиҳ баланд туради улар учун. Шу ҳақда Туронзаминда бир
мақолача эълон қилинди. Шундан сўнг Озодликдан Шуҳрат Бобожон телефон қилиб
Солиҳ Озодликни сензура қилмайди деган маънода гапирди. Алқисса бу Озодликдан
қилинган охирги қўнғироқ бўлди. "Жаслиқ" ҳақидаги китоб ҳам битди, лекин
Озодликдагиларга муҳими Жаслиқ зиндониниг мудҳиш манзарасини очишдан кўра,
Солиҳнинг шону шавкати муҳим.

Қайтага яхши эмасми, бир томондан Каримов хурсанд, иккинчи томондан Солиҳ.
Каримов Жаслиқ зиндони мудҳиш манзаралари очилмаганидан хурсанд, Солиҳ ўзига тил теккизганларнинг Озодликдан четлаштирилганидан хурсанд.

Сталинча ҳукумат,

Сталинча мухолифат!

Ўзбекнинг буюк Абдулла Қодирийдан кейинги буюк ва яккаю ягона адиби Одил Ёқубов (истаймизми йўқми, юз йилдан кейин Одил Ёқубовдан бошқа бирорта ҳам ёзувчиман деб юрганлар қолмайди) билан суҳбатлашардик. Гап айланиб Муҳаммад Солиҳга келди.

- Одил ака, нима бўлганда ҳам Солиҳ ўзимизнинг одам, уни ёмон кўрмаймиз,-дедим мен.

- Эҳ санинг Солиҳингни..... У бизни бир жаллодга топшириб кетди. Сен шоир
одамсан ниҳоятда кечирувчисан, уни яхши кўрасан, кўравер, лекин уни кечириб
бўлмайди. Бизни бир зомбига сотиб кетди. Бу мустабиддан халқ бошига кўп бало
ёғилди, ҳали кўп ёғилади.

Раҳматлик Одил акани биз қадрламадик, худо қадрласин.

Буюк адиб айтганларидек мен ниҳоятда кечирувчан одамман. Кимнинг оғзидан бир
ўғиз элга, юртга манфаатдор бир оғиз гап чиқса уни бошимга қўйгим келади. У ҳеч нарсага арзимаслигини билсам ҳам ўша бир оғиз сўзга шеър бағишлаб юборавераман.

Муҳаммад Солиҳдан ББС даги Паҳлавон Турғунову, Озодликдаги Сарвар Усмонлар
(Ўктам Каримов)гача шеърлар бағишлаганман. Афсус, мана шундай шеър бағишлаган инcонман деб юрганлардан бирини йўқлаб, қарийб бир ярим минг клометр йўл босиб уни кўришга бордим. Биз (ўғлим ҳам овора бўлиб машинада мени олиб борганди)уйининг ёнида кўчада тўхтадик. Шу пайт ҳовлиси атрофида юрган биродаримиз уйига кирди. Бизни кўрдими, йўқми билмайман. Биз бирдан бостириб келгандай бўлмаслик учун одоб юзасидан қўнғироқ қилдик. Салом бериб ҳол аҳвол сўрадим. Дўстимиз, бундай одамни берган миллатга раҳмат деб шеър бағишлаган халқпарвар, юртпарвар мендан ҳол аҳвол сўрашни ҳам эп кўрмай, нима гапинг бор дегандай сукут сақлади.

- Ака, сизни бир зиёрат этайлик деб келгандим.

- Бекорга овора бўлибсиз. Биласиз, мен ҳар кун бир штатда бўламан. Ҳозир сиз
турган ердан бир неча соатлик йўл наридаман. Сизни қабул қилолмайман. “Қочқин" романимнинг учинчи китоби устида ишлаяпман. Эшигимда ётиб олган билан фойда йўқ. Анави мексикалик Габриэл Марксни танимасангиз керак, Нобел мукофотини олган. Сиз бир қишлоқи одамсиз, уни ўқимагансиз. Маркс деганда анаву Карл Марксни тушунманг тағин. Габриэл Маркс дунёнинг ёзувчиси. Бир ойдан буён остономда ялиниб ёлбориб ётибди. Фурсатим йўқ қабул қилолмайман. Бир йил бўлса ҳам кутаман, қабул қилсангиз, бас, янги романимни қандай тугатай, шунга маслаҳат беринг деяпди. Сизга ўхшаган қишлоқи билан телефонда шунча гаплашганимга хурсанд бўлиб кетаверинг!

Мана шундай оҳангда гапирди "буюк" ватандошим. Мен ундан ош нон сўраб
бормагандим. Тоғдек хиёнат этган бўлса ҳам урвоқдек яхшилик ҳам этган, ҳар ҳолда бир мусофир, кел ундан ҳол аҳвол ҳам сўраб келай деб боргандим. Сен ким, мен ким деб ўйламагандим. Балки у дарёдир, балки мен кўлмакдирман! Балки унга ўхшаганларнинг миллион миллиони менинг тўпиғимдан ҳам келмас. Гап унда ҳам эмас, ахир иккаламиз ҳам мусофирлармиз.

Эшак йўлда кўринмай қолибди, саман от анчадан буён йўлда кўринмайди, шўрлик
касал бўлганга ўхшайди деб эшакдан ҳол аҳвол сўрашга борибди. Эшак отга "хурсандман, мендан ҳол аҳвол сўраб келганинг учун эмас, мендан пастлигингни тан олиб, эшакхонамга бош эгиб келганингдан хурсандман” дебди.

Америкага мен яқинда келдим, лекин ҳар куни паркка чиқиб кўраман. Барча миллат баъзан паркда тўпланишиб, дардлашиб хурсанд бўлиб ўтирадилар. Мана булар испанлар, мана булар корейслар, мана булар немислар... эҳе санайверсанг барча миллатда бор бу аҳиллик. Фақат худо қарғаган ўзбекда йўқ.

Бир мақола ёзолмайдию осмондан келишини кўринг. Мард бўлсанг ҳозир Ўзбекистонга бориб бир оғиз ҳақ сўзни айтиб кўрчи. "Жаслиқ"да ётиб, қовурғаларинг синиб, бутун вужудингдан қон оқиб, юрагинг устига, бошингга дубинкалар билан уриб турганларида бир оғиз ҳақ гапни айтиб кўр. Бундай қилолмайсан, бир қуён юраксан. Бас, бир оз пастга тушиб сени йўқлаб келган мусофирга бағрингни бўлмаса ҳам эшигингни оч!

Эй бахти қаро миллат!

Миллатни бир четга қўяйлик, эй миллатнинг пешвоси мухолифат!

Чўпоннинг ўрасида ўсган кучук, мушук, товуқ, қўзичоқ, қуёнча бўлсангчи!

Жанозога борган ўз дардига йиғлайди дейдилар. Ҳозир дард шу қадар кўпайиб
кетганки тўйга борган ҳам ўз дардини айтиб йиғлайди. Хуллас калом Дадахон
Ҳасаннинг етмиш йиллик тўйида хурсанд бўладиган бирор бир зафар йўқ. Етмиш
йилликка нуқул мағлубиятлар, фожеалар билан келдик. Биттагина худо берган
ғалабамиз Дадахон Ҳасандир. Кўҳна Турон - Туркистонга худо даҳолар беради, лекин бу даҳоларни қадрлайдиган эл бермайди. Оғзи ола элга қурол берсанг душманни отмайди, бир бирини отади. Ҳозир ташланиш имкони берилса айрим мухолифат вакиллари золим Каримовга эмас Дадахон Ҳасанга ташланадилар.

Дадахон Ҳасан етмишга етибди, Ўзбекистон матбуоти жим бу ҳақда оғиз очмайди.

Озодлик жим бу ҳақда оғиз очмайди.

Ҳукумат жим бу ҳақда оғиз очмайди.

Мухолифат жим бу ҳақда оғиз очмайди.

Ҳа, майли оғизларида балки бир нарса бордир. Чайнаб-чайнаб ютсинлар.

Оғиз очганлар Дадахон Ҳасанни қутлаш учун эмас, тишлаш учун оғиз очади. Шўрликлар қутуришган начора. Ҳукумат томондан оғиз очганлар бўлса Дадахон Ҳасанни халқ душмани дейди. Бир мухолифат лидери мен бу отарчи билан тенглашиб ўтирмайман дейди.

Дадахон Ҳасанни халқ душманига чиқарган Ислом Каримовнинг ўзи халқ душмани
эканини халқ яхши билади. Менинг эса Дадахон Ҳасанни отарчи, мен отарчи билан
тенглашиб ўтирмайман деган лидерга раҳмим келади. Дадахон Ҳасан киму сен
кимсан?! Тўнғиз йўлбарсга “ҳой тўнғиз сен менинг тенгим эмассан” дегандек.
Гўнгқўнғиз булбулга “ҳой гўнгқўнғиз, сен менинг тенгим эмас” дегандек.


Хўш Дадахон Ҳасан ким?!

Баҳор кунларининг бирида болаларим билан айвонда Дадахон Ҳасан қўшиқларини
тинглай бошладик. Уйимиз атрофи боғ, боғда булбуллар сайрарди. Дадахон Ҳасан
озози янгради. "Оллоҳу акбар, эй санам, ҳуснинга ҳайрон ўлмишам". Булбуллар айвон олдидаги толларга келдилар. Толларда тизилишган булбуллар Дадахон Ҳасанга жўр бўлиб сайрай бошладилар.

Дадахон Ҳасан касетасини олиб бошқа бир машҳур ҳофизлар қўшиқларини қўйдик.
Бошқа машҳур ҳофизлар куйлаётганда булбуллар тарқалишиб кетдилар. Дадахон Ҳасан қайта куйлай бошлагач булбуллар толларга тизилдилар. Худонинг қудратига ҳайрон қолмай илож йўқ. Дадахон Ҳасан билан булбуллар ўртасида бир илоҳий яқинлик бор.

Ҳофиз сеҳрли ва қудратли овоз соҳиби! Айрим машҳур ҳофизлардай оғзини карнайнинг оғзидек очиб, бўйин томирларини канализасия турболаридек йўғон қилиб, ортига зўр бериб айтмайди. Оғиз ярим очилмай шундай ҳайқирадики, бундай овозни худо фақат Дадахон Ҳасандай даҳога берган холос. Бу ҳофизда буюк аждодлар руҳи бор. Кўҳна Туркистоннинг ер юзида адолат, Озодлик, ор-номус ўрнатган қўшинларининг шиддати бор! овозида култегинлар қиличининг қудрати бор. Бу овозда яна Туркистон армонлари, нолалари бор. Бу овозда нега юз йиллардан буён разолатга, жаҳолатга, ноаҳиллик ва хиёнатга ғарқ бўлган разил ва жоҳил авлодларга маломатлар бор.

Бу овозда қақнус қушнинг ўти, булбул қушнинг ўти, булбул қушнинг
дарди-муҳаббати, бургутнинг журъати бор.

Бу овозда мудраётган, юз йиллардан буён ғафлат уйқусига ботган элни уйғотувчи
таъна тошлари бор.

Дадахон Ҳасан шундоқ шахски, битта ўзи - битта Дадахон Ҳасан бутун туркий
халқларни тарбиялашга қодир. Бундай қудратга Tуркистон тарихида саноқли даҳолар муяссар бўлган.

Буни англаганлар бизнинг 28 миллионлик деб айтилаётган чаласавод, жоҳил халқдан 28 та ҳам топилмайди.

Чаламулла ҳукумат.

Чаламулла мухолифат.

Чаламулла халқ.

Чаламулла бўлгандан умуман саводсиз бўлган афзал. Чаламулла ўзини оламдаги
яккаю ягона мулла деб ҳисоблайди. "Пайғамбар ҳазратлари ўтдилар, ўринларига мен халифа бўлиб қолдим. Пайғамбар ҳазратларича бўлмасак ҳам у кишида ортиқроқмиз", дейди.

Саводсиз одам ҳеч нарса даъво қилмайди, ҳа энди мен бир саводсиз одамман дейди.

Чаламуллалар Дадахон Ҳасанни "отарчи " дейди. Улар Усмон Носирдан ўзини баланд ҳисоблайди.

Улар "Ўтган кунлар"ни ўтган замон феълида гапирадилар. Улар Дадахон Ҳасан ҳам
юрибдида, бир отарчида, йигирма саккиз миллионнинг биттасида, бизнинг
олдимимизда ким бўлибди?!

"Мендай президент бўлмаса!"

"Мендай ҳоким бўлмаса."

"Мендай мухолифат лидери бўлмаса."

"Мендай Озодликда ишламаса."

"Мендай ббCда ишламаса."

Ҳамма ўзича лидер. Бири элга юртбоши, бири тубанликнинг қутурган итларига
итбоши, бири ҳасад битларига битбоши, бири ғийбатнинг ахлатқуртларига қуртбоши, бири номуссизлик кетларига кетбоши. Барчаси Жаноб лидерлар!

Ҳой жаноб лидербаччалар, сиз истайсизми йўқми Дадахон Ҳасан мактаб!

Туркистон мактаби!

Дарду армон мактаби!

Номус иймон мактаби!

Ғафлатга исён мактаби!

Жасорат мактаби!

Муҳаббат мактаби!


Бу мактабни худо берган бизга. "Мен шоирман, истасангиз шу," дейди Абдулла Ориф.

Дадахон Ҳасан - даҳо! Истамасангиз ҳам шу!

Дадахон Ҳасан етмишга етибди.

Юқорида ёзганларимни ноябр бошида ёзган эдим. ўғлим Алишер "Дада, Дадахон
Ҳасаннинг туғилган куни 11 ноябр. "Озодлик" ва "ББС" берса керак. Шундай улуғ
инсон етмишга кирадию, жим ўтирсалар шармандаликку!" деди.

Мен Дадахон Ҳасаннинг етмиш йиллиги октябр ойида бўлиб ўтган бўлса керак деб
ўйлагандим. Ўғлимнинг сўзидан кейин, кутдим, мен янглишибман, демак Озодлик ва ББC сукут сақламайди, беради. Ўғлим тўғри айтди деб ўйладим. Афсуски....


Бунча бағри тор бўлмасанг, бунча кекчи бўлмасанг, бунча тубан бўлмасанг.

Ўзбекистон матбуоти жим, Озодлик жим, ББC жим!

Сенга тарафкашлик қилса зўру, бир оғиз э деса нозўрми?!

Майли даҳо бўлмасин, майли оддий одам бўлсин, битта сафдошингку. Ҳатто манфур
Каримов ҳам ўз сафдошларини, ҳатто энг оддий участка миршабигача сарайди.

Олот туману участка инспекторларидан бири бир йигитни ўлдириб, йигитнинг жасадини молхонасига оcиб кетади. Гўё йигит ўз ўзини осгандай. Юу миршабни жазолаш керак деб узоқ шуғулландим. Халқаро ташкилотлар, АҚШ элчихонаси аралашди. Бор йўғи этганимиз шу бўлдики, миршаб ишдан ҳайдалди. Мустабид малайлари миршабни ҳимоя
этди.

Каримовни мақташ керак!

Сени ҳам мақташ керак!

Мақтасанг дўстсан!

Мақтамасанг душман!

Акажон ассалому алайкум, сиз Беркнинг раиси Маҳмуд Ялавочмисиз! Қойил, акажон, қойил! Сиз даҳосиз! Сиз Ўзбекистон президентисиз! Бу Каримов деганлари сизнинг ўрнингизда вақтинчалик ўтирибди. Ҳақиқий президент Сиз. Қойил, акажон, сизга қойил! Бизнинг президентимиз сиз!

Ҳар бир ўзбекка мана шундай мурожаат этиш керак. Шундай десанг бас, снбнинг
малайи бўлсанг ҳам уйининг тўри сеники. Йўқса душмансан.

Дунёда Қоракўл деган туман бор. Бу ернинг халқидек халқ кўрмадим жаҳонда.
Тўғри унда ҳам сотқинлар, мустабидга малайлар етарлича топилади. Лекин аксарият халқи жасоратли, ғурурли, худодан бошқадан қўрқмайдиган, дангалчи, танти эр халқ. Улар сайловда Каримовга овоз бермади. Олот тумани ҳам мустабидга овоз бермади. Олот ва Қоракўл азалдан бир туман бўлган. Қоракўл бўлган икки туман аҳли Каримовга овоз бермаслик бўйича республикада биринчиликни олган. Аксарият халқ мустабидга овоз бермади. Ўша сайловдан буён Қоракўлда қирғин барот.

Мустабид энг яхши фарзандларини ўлдирди, олдирмоқда. Қоракўл халқидек халқ фақат чеченлар орасида кўпдир. Бошқа ерда кам учрайди. Улар ундоқ қилдик, бундоқ қилдик деб вайсаб юрмайдилар. Икита беш олти кишилик мажлисларга бориб биз ундоқ қилдик, биз бундоқ ташкилот туздик деб дунёга бонг урмайди. Керак бўлса бир ўзи мустабиднинг ўнлаб миршаблари билан олишиб жон беради, лекин қаҳрамонлик даъво қилмайди. Айримлар Озодлик радиосига уй телефонидан икки оғиз вайсаб йигирма йиллар катакдан чиқмай қаҳрамонлик даъво қилади.

Қоракўлда бундай қилинмайди


Қоракўлда бундай қилинмайди. Хуллас, Қоракўлда ғалати халқ яшайди. Шу туманда
Хирс деган бир қишлоқ бор. Шу қишлоқда туғилганман. Хирсликларнинг ғалати одати бор. Ғалати халқнинг ғалати одати. Мисол учун: дейлик Имом Ҳасан билан Тошмон урушаяпди. Қир пичоқ бўлишаяпди. Лекин хирснинг халқи шундайки, бир зумда ҳозиру нозир бўлади. Икковини ажратишади. Четдан келиб бу жанжални кўрган одам Имом Ҳасан билан Тошмон умр бўйи бир бирларига ёв бўлиб қолади, имкон топса бир бирини ўлдиради деб ўйлайди. Лекин жанжал эрталаб бўлган бўлса тушда ё Имом Ҳасан Тошмоннинг уйида, ё Тошмон Имом Ҳасаннинг уйида тўрда ёнбошлаб зиёфат устида отамлашаётган бўлишади.

- Қани Тошмон, катта катта ол! Уйингга лойсувоқ этсанг мени айт. Айтмасанг
хафа бўламан.

- Раҳмат, айтаман. Шу қўйни нотўғри сўйдингизда. Музлатгич тўла гўшту, яна қўй сўйдингиз.

- Ҳурматинг битта қўйчалик ҳам йўқми. Керак бўлса сен учун жонимни бераман.

Бундай халқни дунёда кўрмадим. Кўрдим деганларни ҳам кўрмадим. Мен бағри тор,
мунофиқ, разил одамларни кўрганда ўзимнинг Хирсимни қўмсаб қоламан. Хирсга
кетгим келаверади.

Ўринли, ўринсиз бир оғиз гап учун бир умрлик душманга айланиш ноинсонийликдир.

Бир биримизни танқид қиламизми, бир биримизнинг камчилигимизни кўрсатамизми, бир биримизга душман бўлишимизга сабаб бўлмаслиги керак. Дадахон Ҳасан қочондир мени уйида ҳайдагани учун унга душман бўлишим керакми?! Ўзингни беайб санаб кимсан?! Худомисан, худодан бошқада айб бўлади. Ҳатто Оллоҳнинг Расулига ҳам бир қовоқ осгани учун тангридан маломат ёғилган. "Абаса" сураси Оллоҳ Расулига бир қовоқ осгани учун келган: "Ҳалок бўлгур инсона, бунчалар кофир бўлмасанг" деган оят бор ўша сурада. Сену мен ким бўлибмиз! Эй бағри тор, юраги кир! Ўзимизни тозалаб бир биримизга қўл берайлик. Сўзимнинг бошида айтганим чўпоннинг ўрасини эсла. Ўша ўра ичида кучукча, қўзичоқ, жўжа, мушукнинг боласи, қуённинг боласи. Бир ўрада улғайган жониворлар бир умр бирга яшашади. Товуққа калхат ҳужум қилса ит мушук, товуқ, қўй, қуён ҳаммаси бир бўлиб калхатга ташланишадилар. Наҳотки, шу жониворларчалик бўлолмасак?!

Дадахон Ҳасан этмишга етибди. Тангри уни юз етмишга етказсин! Армон этган Туркистонини кўрсин. Туркистонни Дадахон Ҳасан мактабининг ўқувчилари қуради.

 

* * * * *