06:01 - Исмоил Дадажоннинг алжирашлари ва Абдураҳим Пўлатнинг шок терапияси услубли таҳлили
Собиқ сафдошимиз Исмол Дадажонниг гапларини “алжираш” деб баҳолаш менга осон бўлмади, дейди Абдураҳим Пўлат. Ахир у “Бирлик”нинг шу аср бошларида қайтадан оёққа туришида катта роль ўйнаган одам. У партия раисининг ўринбосари. Демак, унинг алжирашлари партиянинг ҳам обрўсини тушириши мумкин. Аммо, масаланинг бошқа тарафи бор. Исмоил Дадажон, Толиб Ёқуб, Алибой Йўляхши, Ҳазратқул Худайберди ва уларга ўхшаш собиқ сафдошларимизнинг мисоли кўрсатмоқдаки, улар ўз вақтида “Бирлик”нинг кучи билан сиёсий саҳнага чиқишди, “Бирлик”дан айрилгач, тушган вазиятларини ҳазм қилишга кучлари етмади. Очиғини айтса, “Бирлик”дан четлангач ёки четлатилгач ақл-хушларини йўқотишди, алжирашга ўтишди.

Алоҳида уруғулаш керакки, дунёнинг ҳамма сиёсий ташкилотларида ички муаммолар, турли даражадаги раҳбарлар ўртасида қандайдир келишмовчиликлар, масалаларга турли ёндошишлар доим бўлган, бор ва бўлади. Етук партиялар бундай нарсаларни ташқарига олиб чиқиб ўтирмасдан, маданий йўллар билан ичкарида, яъни партия ичида ҳал қилишади. Ноҳақ экани аниқланган, хато қилган партия фаоллари ёки мардлик кўрсатиб, кечирим сўрашади ва фаолиятларини давом эттиришади ёки яна мардларча четга чиқиб кетишади. Ички муаммолар ўта принципиал бўлса, партиялар парчаланади.

Аммо, минг афсуски, ўзбек сиёсатчиларида, ҳокимиятдагиларида ҳам, мухолифатдагиларида ҳам, ҳали муаммоларни ўзаро ҳал этиш маданияти йўқ, қолаверса, бунинг анъаналари ҳали яратилмади. Демак, номардларни шок терапияси усуллари билан “ўрнига ўтқазиб қўйиш” ҳозирча ягона йўлимиз.

Аслида, шу таҳлил билан чегаралансам ҳам бўларди. Лекин, бошқаларга дарс бўлсин дея, Исмоил Дадажоннинг баъзи алжирашларига тафсилотли жавоб бермоқчиман. Аввал, у алжирашлар билан қуйида ўзингиз танишинг. Менинг таҳлилим ҳам шу ерда.

I. Исмоил Дадажон: Мен "Бирлик" Халқ Ҳаракати Партияси аъзосиман

(Ўзбекистон "Бирлик" Халқ Ҳаракати Партияси раисининг собиқ ўринбосари, айни дамда Швецияда сиёсий муҳожиратда яшаётган Исмоил Дадажоннинг Улуғбек Бакир билан эксклюзив суҳбати. I қисм)

Улуғбек Бакир: Исмоилжон ака, аввало, қимматли вақтингизни ажратиб, суҳбатга розилик билдирганингиз учун Сизга раҳмат! Келинг, суҳбатимизни "Бирлик" Халқ Ҳаракати Партияси ("Бирлик" ХҲП. Кейинги ўринларда "партия" сўзи ёзилади-У.Б.)дан чиқиб кетганингиз масаласидан бошласак. Сизнинг партиядан чиқиб кетганлигингиз жуда кўпчиликка оғир ботганлигини биламан.

Исмоил Дадажон: Улуғбек, "партиядан чиқиб кетишингиз", - деган иборангиз, менимча, бироз нотўғри. 2009 йил 24 августда истеъфо берганлигим тўғрисида мурожаат билан чиқдим. Бу мурожаатимда партия Низомига кўра, партия раиси ўринбосари лавозимидаги муддатим тугаганлиги боис, истеъфо берганман. Лекин, мен партия аъзолигида қолганман. Мен ҳеч қаерда, -партия аъзолигидан кетганман, - деб эълон қилмаганман.

Улуғбек Бакир: Демак, шу пайтгача партия аъзосисиз, шундайми?

Исмоил Дадажон: Албатта.

Улуғбек Бакир: Нима учун у ҳолда, орадан анча вақт ўтишига қарамай, Сизни сиёсий саҳнада кўрмаябмиз?

Исмоил Дадажон: Бугун партия сиёсий саҳнасида аслида кимни кўрябсиз? Менимча, партияда ўзига ҳос бир диктаторликка ўхшаган тизим пайдо бўлган. Айни кунда партия раисидан бошқа ҳеч ким сиёсий саҳнада кўринмаябди. Баъзан сайтда бир нарсалар чиқиб қолади. Булар фақат мустаҳкам, жуда қаттиқ ўрнатилган цензурадан ўтиб кейин чиқарилади. Ўтган йили менга Тошкентдан "Эзгулик" жамияти раис ўринбосари Абдураҳмон Ташанов қўнғироқ қилиб, мендан интервью олмоқчилигини айтди. Мен айтдим, - марҳамат, фақат цензура қилинмаса, сўзларим кесиб ташланмаса, адолатли тарзда баён этилса, розиман, - дедим. Шундан кейин Абдураҳмон умуман қўнғироқ қилмай қўйди. Кейин ўзим партия раҳбариятига мурожаат қилиб, ўзимнинг фикрларимни цензура бўлмасагина ёзмоқчилигимни айтдим. Улар, - йўқ, текшириб кўрамиз, цензура бўлади, -деган жавобни айтишди. Партия сиёсий саҳнасида кўринмаётганимнинг сабабларидан бири ҳам шу. Бемор бўлиб, кўп вақтимни ўзимни даволатишга сарф қилаётганим ҳам сиёсий актив бўлолмаслигимга сабаб бўлябди. Умуман олганда, ҳозирда, ўзбек мухолифати бирон бир сиёсий саҳнада фаол ҳаракат қилаётганини сезмаябман.

Улуғбек Бакир: Сизни партияда бўлмаса-да, лекин, бошқа сиёсий саҳналарда ҳам кўрмаябсиз-ку? Бу фақат соғлигингиз туфайлими ёки бошқа сабаблар ҳам борми? Бу савол фақат бир мени эмас, кўпчиликни қизиқтирябди.

Исмоил Дадажон: "Бирлик" партияси томонидан бирор бир анжуман, йиғилиш, митинг ёки пикетлар ўтказилиб, мен кўринмаётган бўлсам бу бошқа гап. Лекин, "Ҳаракат" сайтида кўринмаётганимнинг сабаби эса, мен ёзган нарсалар сайтда босиб чиқарилмайди. Шунинг учун кўринмаябман.

Улуғбек Бакир: Йўқ, сиёсий саҳна деганимда нафақат "Ҳаракат" сайтидаги чиқишларингизни балки бошқа мухолифат саҳифаларидаги чиқишларингизни, ёзган ўткир мақолаларингизни назарда тутябман.

Исмоил Дадажон: Бунга сабаб беморлигим, албатта. Суҳбат бошида ҳам айтдим, беморлигим сабаб менда сиёсий активлик йўқ ҳозир.

Улуғбек Бакир: Дарҳақиқат, кейинги саволим ўз-ўзидан Сизнинг соғлигингиз ҳақида. Бугунги кунда соғлигингиз, аҳволингиз қандай? Бу саволимга истасангиз жавоб беринг, истамасангиз йўқ, лекин, жавоб берсангиз яхши бўларди.

Исмоил Дадажон: Украинада яшаётган пайтимда жарроҳлик амалиётини ўтказганман. Ўт пуфагимни олиб ташлашганидан кейин менга гепатит С деган қандайдир бир юқумли касал юқуб қолган. Бу касаллик жигар фаолиятини ёмонлаштиради. Аста-секин циррозга, цирроздан фиброзга айланиб, ҳозирги дамда жигарим қуришни бошлаган. Бир йил аввал врачлар касалликни 2- босқичда, деб ташҳис қўйган. Жигар қуриши касалига учраганман. Умуман олганда, ҳозир соғлигим билан, албатта, мақтанолмайман. Жисмоний ҳаракат қилишим қийин, ҳали ёш бўлишимга қарамай, анчадан буён ҳассага суяниб қолганман. Шунинг учун ҳам соғлигим тўғрисида мақтанолмайман. Фарзандларим, набираларим бор, аввало, шуларни вояга етказиб олгунча умр беришини ва Ватанимни бир кун бўлса ҳам озод кўришлик насиб этишини Худодан сўрайман.

Улуғбек Бакир: Илоҳим айтганингиз келсин, ниятингизга етинг! Яратган Сизга шифо берсин. Ижозатингиз билан яна сиёсий мавзуга қайтсак. Яқинда партиямиз раиси жаноб Абдураҳим Пўлат билан суҳбатлашганимда, суҳбатимиз Сизга бориб қадалди. Раис Сизни - партиядан чиқиб кетган, сиёсатдан узоқлашиб кетди, - дедилар. Демак, Сиз партия Низомига кўра, раис ўринбосари лавозимингиз муддати тугаганлиги сабаб, истеъфога чиққансиз, шундайми?

Исмоил Дадажон: Ҳа, албатта.

Улуғбек Бакир: Лекин, партия раиси жаноб А.Пўлат ёки раис ўринбосари жаноб П.Охун ва бошқа партия раҳбарлари ўз лавозимларида ишламоқдалар. Сиз бунга қандай қарайсиз?

Исмоил Дадажон: Энди биласизми, Ўзбекистон Конституциясига хилоф равишда Ислом Каримов ҳам турибди ўз постида. Биз партия тузганимизда дастури ва Низомини ўзимиз яратганмиз. Шунда катта ҳарфлар билан ёзиб қўйганмиз, "маълум бир вақтга раис ва унинг ўринбосари сайланади", -деб. Аммо, бугун ўша ўзимиз яратган Низомга ўзимиз итоат қилмасак, Каримовдан - нима учун сен Конституцияга хилоф равишда, қонунларни бузиб, президентлик курсисида ўтирибсан, - дея, ундан талаб қилишга ҳақимиз йўқ. Чунки, қарангда, партия ҳеч кимнинг маҳрига тушган бир нарса эмас. Партияда Низомга амал қилиш керак, агарда амал қилинмаса, уни ёзишни кераги йўқ эди. Низом бу - партиянинг ичидаги Конституцияси. Уни бузишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Кўп вақтлар раисга айтганман, - раис, кадрларни ёшлардан тайёрлашимиз керак, ёшларга партияда ўз ўрнимизни бўшатиб беришим, уларни ўрнимизга тайёрлашимиз керак, деганман. Лекин, минг афсуски, бундай бўлмади. Улуғбек, менимча, ҳозир партияда фаолият олиб бораётганлар ичида энг ёши сизсиз, тўғрими?

Улуғбек Бакир: Ҳа, шундай.

Исмоил Дадажон: Партиядагиларнинг ўртача ёшини, ҳисоблаб чиққанман, 54 ёшга тўғри келади. Бу аслида жуда ҳам даҳшатли нарса. Партияда ёшлар йўқ, ҳисоб. Яна бир мисол, Абдураҳим акани ҳурмат қилган ҳолда, у кишини умрбод раис бўлишини хоҳламайман. Умрбод раис бўлиш, бу бамисли И.Каримовдан ўрнак олишдай гап. Бир пайтлар раисни алмаштириш масаласида, Толиб Ёқуб, -отлар кечувда алмаштирилмайди, мен бу фикрга қўшилмайман, ҳозирги шароитда Қурултой қилиб бўлмайди, - дегандилар. Ваҳоланки, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари жамияти ўзларининг Қурултойини ўтказиб олишди. Демак, ҳозирги шариотда ҳам Қурултой қилса бўларкан. Қолаверса, кечув бундай узоқ давом этиши мумкин эмас. Биз океанни кечиб ўтаётганимиз йўқ. Қолаверса, яхши юрмаган отларни, фильмларда кўрганман, отнинг эгалари қулоғидан отиб ташлаган. Шунинг учун қўрқмаслик керак.

Ислом Каримов 2007 йилги президент сайловида ҳеч қандай важ кўрсатмасдан, ҳеч кимга ҳеч нарса тушунтирмасдан, ўзининг номзодини қўйди, ҳаттоки, ҳеч бўлмаса, - менинг номзодимни халқ талаб қилябди, -деб айтмади. Ёки Конституцияга ўзгартириш ҳам киритмади, ҳатто, бу борада Қозоғистон президенти Н.Назарбоев баъзи бир ҳаракатларни қилди, лекин, Каримов ҳаракат қилмади. Худди шу каби "Бирлик" партиясидан бир садо чиқмади. Ҳеч бўлмаганда, -бугунги шароитда биз Қурултой ўтказиб, Низомга амал қилолмаймиз, шунинг учун узр, маълум бир вақтгача амалдаги шу раҳбарият бошчилигида ишлашга мажбурмиз, -деган мазмунда партия Марказий Кенгаши бир қарор чиқариш керак эди. Ўзини ва бошқаларни ҳурмат қилган инсонлар шундай йўл тутадилар. Бироқ, бизлар ўзимизнинг Низомни ҳурмат қилмай, қонунни оёқ ости қилдик. Шу боисдан ҳам партия раҳбариятини тарк этдим. Лекин, мени -партиядан чиқиб кетди, -деган гап нотўғри. Аслида партияга кўп меҳнатим сингган. Ҳеч қачон она ўз туққан боласини ташлаб кетадими?! Партия учун кўп нарсаларимни йўқотдим. Агар мени - партиядан чиқиб кетди, -деб ҳисобласалар, бу уларнинг катта хатоси. Партияда партия раиси ёки бошқа раҳбарлар партия аъзоларини белгиламайди. Мен партиянинг оддий аъзосиман. Оддий аъзолар эса, унча катта сиёсий фаоллик қилолмайди.

Улуғбек Бакир: Сизнинг партиядаги сиёсий фаоллигингиз аввалгидек давом этиши учун нима етишмаябди ёки нималарни ўзгартириш керак, деб ҳисоблайсиз?

Исмоил Дадажон: Биринчи навбатда, Низомни оёқ ости қилмасдан, уни ҳурмат қилишимиз керак. Иккинчи ўринда, партия раҳбарияти бошқаларга нисбатан олиб бораётган сиёсатини тубдан ўзгартириши керак. Ёдингизда бўлса, ўтган йилги Қирғизистондаги июнь воқеалари пайтида раисимиз барча ўзбекларга қорамоллар деган тамға босди. Лекин, ким бўлишидан қатъий назар бундай дейишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Аввало, "Бирлик" партияси ҳали ҳукумат тепасига келгани йўқ. Партия қачонки ҳукуматга келсагина муваффақиятга эришган ҳисобланади. Бугун давлат рўйхатидан ўтолмаётган партия бу даражада ўзини кўкларга кўтариши керак эмас. Бундан ташқари раҳбариятимизда қизиқ бир одат бор. Кимки бир янги ташаббус билан чиқса ёки Ўзбекистонда бирор бир янги партия ё ҳаракат пайдо бўлса, "Бирлик" раҳбарияти дарҳол уларни ҳақоратлаб, уларга тош отишни бошлайди. Кўролмаслик касали бор. Мен эса, бу нарсалардан узоқ бўлишни истайман. Энди бир кўлмакда яшаётган балиқ ўша кўлмакни дунё деб ўйларканда. Дунё эса жуда катта ва бепоёндир. Дунёда "Бирлик" партиясига ўхшаган партиялардан миллионлаб бор, ер юзида миллиардлаб одамлар яшайди. Ҳеч бўлмаса, шу катта дунёда яшаётганимизни билишимиз керак. Яна бундан ташқари, менга тўсқинлик қилаёган нарса шуки, масалан, "Ҳаракат" сайтига айрим материаллар нашр қилинганда, бизлар -бу материаллар нашр қилинмаслиги керак, -дея, талаб қилсак, сайт раҳбарияти, -йўқ, бу сайт "Бирлик" партиясининг сайти эмас, бу ўзимизнинг веб-саҳифамиз, дейдилар. Демак, бундан келиб чиқадики, "Бирлик" партиясининг бир нашр органи йўқ, газетаси йўқ. Шунинг учун партиянинг оддий аъзосидан тортиб, то МК раҳбарларигача бўлганларнинг ўз фикр ва мулоҳазаларини эркин ёритадиган бир нашр органи бўлиши керак.

Улуғбек Бакир: У ҳолда "Ҳаракат" сайти қандай сайт? Сиз нима деб ҳисоблайсиз?

Исмоил Дадажон: Йўқ, "Ҳаракат" айнан партиянинг сайти эмас, бу гап менинг гапим ҳам эмас. Агар сиз партия раҳбариятига мурожаат қилиб сўрасангиз, улар сизга, - бу ўзимизнинг сайт, деб айтадилар. Тўғри, партиянинг "Бирлик" номланган сайти бор, у сайтга ҳеч ким ҳеч нарса ёзмайди. Улуғбек, сиз шу масалани бир қизиқиб сўраб кўринг. Саволингизга айни шундай жавоб оласиз. Кейин яна биласизми нима, мен шахсан Абдураҳим Пўлатовга шахс сифатида ҳеч қандай даъвоим йўқ. Биз у киши билан бирга ишладик. Маълум бир пайтгача жуда яхши ишладик. Мен ҳам у кишидан кўп нарса ўргандим. Лекин вақти келиб, мана шундай бўлди. Ўрисларнинг бир гапи бор, -"какая муха укусила?", -деган. Ва шундай бўлди. Пўлатовнинг характерида жуда кескин ўзгаришлар сездим. Шундай ўзгаришлардан бири, тўғридан-тўғри равишда ўзидан бошқаларни тан олмаслик, мусулмонларга нисбатан жуда ҳам ёмон кўз билан қараши, ўзи билмаган нарсаларни, -биламан, -деб кўрсатишлиги, шулар жумласидан. Ақлимиз етмаган нарсаларга аралашмаслигимиз лозим.

Энг асосийси, 2002 йилдан буён Абдураҳим акага, - мақтанчоқликни бас қилиш керак, деб айтиб келаман. Биласизми, ўзбекларда мақтанчоқлик жуда ҳам ёмон қабул қилинади. Масалан, сайтни ўқисангиз, -Европа Иттифоқи бизнинг маслаҳатимиз билан ундай қилди, ёки -Япония биз билан маслаҳатлашмагани учун мана бундай аҳволга тушди,- мазмунидаги ёзувларга кўзингиз тушади. Қисқаси, дунёда нима яхшилик бўлса, бу "Бирлик"нинг маслаҳатига қулоқ солгани учун бўлябди, дунёда нима ёмонлик бўлса бу "Бирлик"нинг маслаҳатига қулоқ солмаганидан бўлябди, маънодаги мафкура пайдо бўлган. Бу эса, ўз-ўзидан одамларни партия устидан кулишига олиб келябди. Чунки, партия ҳали ҳеч нарсага эришолгани йўқ, ҳаттоки, давлат рўйхатидан ўтолгани йўқ. Бу томондан ҳам кичикроқ бир митинг ўтказолмайдиган партия нимага маслаҳат беради, -аввал сен ўзингни тўғрилаб ол бировга маслаҳат беришдан кўра, шунча кўп билар экансан нега ўзинг ўша ишларни қилмаябсан, -деган ҳақли саволлар бўлябди одамларда. Бундайин саволларга нима деб жавоб берамиз. Партия раҳбариятига шундай тоифа одамлар йиғилиб қолганки, уларнинг гаплари бир-бирига тўғри келади, улар бир-бирларининг қилаётган ишларидан, демак, қониқадилар. Бу, аслида, бир томондан яхши. Аммо, партияда фикрлар хилма ҳиллиги бўлиши керак, плюрализм бўлмай, бир хил фикр бўладиган бўлса, у ҳолда партияда кўп одамнинг кераги йўқ. Бир одам бўлса бўлдида. Мен шунинг учун партияда фикрлар хилма ҳиллиги бўлишни хоҳлайман. Афсуски бундай эмас.

Улуғбек Бакир: Сиз юқорида айтиб ўтдингизки, партиямиз раиси А.Пўлат ўтган йилги июнь қирғини пайтида кўплаб зиёлиларимизни, масалан, академик Бек Тошмуҳамедовларни қорамоллар деб айтган. Ўша пайтда раисдан сўраганман, -бундай дейишимиз қанчалик тўғри бўларкин, -деган маънода. Шунда раис, -Улуғбек, мен ҳам маданият доирасида нафосат билан гапиришни биламан ва кўп йиллар шундай гапирганман ҳам. Лекин, бундай гаплар бизнинг халқимизга ҳозир таъсир қилмайдиган бўлиб қолган. Мен миллатимизни шундай шок терапияси усули билан даволаябман, -деган мазмунда жавоб берган эдилар. Ва бу фикрларини ҳамиша сайт орқали ҳам айтиб келадилар. Исмоилжон ака, ҳақиқатдан ҳам шундай шок терапияси усулини қўллаш керакмасми ҳозирда ёки Сизнингча бу борада қандай йўл тутиш керак?

Исмоил Дадажон: Аввало, Пўлатовга ҳеч ким одамларни бу усулда даволашга ҳуқуқ бермаган. 28 млн.лик Ўзбекистон аҳолиси айнан Пўлатов айтгандай яшамайди. Биринчидан, А.Пўлатов президент эмас. Келинг, бир нуқтага келиб тўҳтайлик. Улуғбек, Пўлатовни Ўзбекистонда қанча одам танийди, деб ўйлайсиз?

Улуғбек Бакир: Сон жиҳатидан айтишим қийин. Менда бундай маълумот йўқ.

Исмоил Дадажон: Масалан, 28 млн.дан 1 млн. одам танийдими?

Улуғбек Бакир: Аниқ бир рақамни айтолмайман.

Исмоил Дадажон: Улуғбек, биз Фарғонада "Бирлик" раҳбарияти бу борада аҳолининг фикрини ўрганганмиз. 2000 йилларда аҳолининг фикрини ўрганганимизда ҳар 100 одамдан 3 нафари Пўлатовни таниган. Ҳар 100 одамдан 17 нафари эса, Дадахон Ҳасанни таниган. Гарчи шундай экан, Пўлатов қандай қилиб, уни танимаган одамларни, ҳаттоки, у кишини борлигини ҳам билмайдиган одамларни четдан туриб, "қорамоллар", деб ҳақорат қилиб, шок терапияси усулида даволайди? Пўлатовдан сўрадими биров, - бизни даволанг, деб. Умуман олганда, Ўзбекистонда бирор инқилоб ёки бошқа бир нарса қилиб қўзғалиш учун биз ўша халқдан сўрадикми бунга эҳтиёж борми?, деб. Эҳтиёжи бор халқ мана чиқябди кўчаларга. Бизнинг халқда йўқ-ку эҳтиёж. Шунинг учун чиқмаябди. Энди, нима учун эҳтиёж йўқ? Бу борада халқдан сўрайдиган одамнинг ўзи йўқ. Бири бутун бошли халқни "қорамол", деб ҳақорат қилса. Биласизми, бизнинг Абдураҳим ака билан муносабатимиз бузилиши қачон бўлган? Сиз, албатта, шунга урғу бериб ёзинг. 2006 йил "Ҳаракат" сайтида бир мақола ўқиб қолдим. Мақолада Абдураҳим ака томонидан, Толиб ака Ёқубов билан Баҳтиёр Ҳамроев жудаям қаттиқ равишда ҳақорат қилинган. Толиб акани "Толиб" деб ёзган. Шунда мен раисдан, -Абдураҳим ака, нимага Сиз Толиб акани "Толиб" деб ёзасиз?,- дедим. Толиб ака Сизнинг қўлингизда катта бўлганми, бошини силаб нон берганмисиз?. У кишининг Сиздан ёши анча катта-ку, нимага Сиз у одамни ҳақорат қилиб, "Толиб" деб ёзябсиз? Толиб аканинг айби партиядан Сизга ёқмай қолгани учун чиқиб кетганлигими? Нима партия бу қамоқхонами, партияга кирган киши қайтиб чиқолмайдими, маҳкум бўлдими шу партияга?, -деб сўрадим. Энди биласизми, бу скайп орқали ҳамма гапни гапириш қийинда, ҳамма гапларни айтолмайсизда. Хуллас, ҳозир сизга бир гап айтаман. Буни ёзасизми йўқми, ўзингиз биласиз.

Улуғбек Бакир: Ёзаман айтаверинг.

Исмоил Дадажон: Майли ўзингиз биласиз. 2006 йилда мен Швецияга келдим. Пўлатжон Охунов билан қўшни бўлдик. Ўша пайт бу ерда бир кайфият бор эди. -"Бирлик"нинг номи одамларни чўчитадиган бўлиб қолган, "Бирлик" одамларда фақат нафрат уйғотади, шу партияни ўрнига бошқа бир янги партия тузишимиз керак. Агар шундай янги партия тузсак, одамларни ўзимизга жалб қила оламиз, -деган фикр чиқди.

Улуғбек Бакир: Ким томонидан чиқди бу фикр? Кимларни назарда тутябсиз?

Исмоил Дадажон: Бу фикр Пўлатжондан чиқди. Бу гапга гувоҳлар - МК аъзоларидан Акбартой, мен, Рафиқжон бор эдик. Пўлатжон, -Исмоил ака, мен Ўзбекистонга бориб паспортимни алмаштириб келай, кейин битта янги партия тузмасак бўлмайди, -деди. Шу гапдан кейин Пўлатжон Ўзбекистонга кетди. Ўша кайфиятда биз юрибмиз энди. Пўлатжон Ватанга кетганидан кейин уч кун ўтиб, Абдураҳим ака менга қўнғироқ қилиб: - Исмоил, Пўлатни қилиб юрган ифлосликларидан хабаринг борми?, -деб сўради.

Улуғбек Бакир: Бу вақтда Абдураҳим ака билан ораларингиз узилмаган эдими?

Исмоил Дадажон: Йўқ, батамом узилмаган эди. Аста-секин узилганда алоқалар, Абдураҳим ака менга ваҳобий, ҳизбчи деган тамғаларни босишни бошлагандан кейин, мен, -бу одам билан бирга ишлаб бўлмайди, -деган қарорга кейин келганман...

(Давоми бор)


Изоҳ: Мазкур суҳбат шу йилнинг 10 майида аудио форматда 80 дақиқа давомлигида ёзиб олинган. Суҳбат хажми катта бўлганлиги боис, бир неча қисмларда саҳифамизда нашр қиламиз. Суҳбатнинг навбатдаги қисмлари ҳозирда тайёрланмоқда.

II. Абдураҳим Пўлат: Ўзбек мухолифатчилари хатоларни тан олишни ва узр сўрашни ўрганишлари шарт

Исмоил Дадажоннинг пичоққа илинадиган битта ҳам жойи бўлмаган бу суҳбатини тўла таҳлил қилишга на вақтим на хоҳишим бор. Унинг баъзи нуқталаридагина тўхтаб, бечора сафдошим “Бирлик”дан айрилгандан бери алжирашдан бошқа нарсага қодир бўлмай қолганини кўрсатмоқчиман.

Биринчидан, унинг айтиши бўйича, ўзбек мухолифати сиёсий саҳнада кўринмаётган эмиш, шу сабабли Исмоил Дадахон ҳам ҳеч қаерда кўринмайди. Айни шу гапларни ҳуқуқ ҳимоячилигига даъво қилаётган Елена Урлаева айтганини ББСнинг ўзбекча сайти ёзганди. У бечора аёл сиёсатни қўйиб туринг, ҳуқуқ ҳимоячилиги нималигини ҳам билмайди. Исмоил ҳам шундайми? Ҳамма диктатура деб тан олган Ўзбекистонда сиёсий саҳна борми ўзи? Аммо, шундай бўлса ҳам, “Бирлик”ни биз оёққа турғазиб, сиёсий саҳна яратишга ҳаракат қилмадикми? Исмоил ҳам бунда иштирок этди. Нега энди ўзига нисбатан ҳеч қандай босим бўлмаганлигига қарамасдан Швецияга қочиб олиб, сиёсий саҳнада ҳеч ким йўқлигини гапирмоқда. Ҳамма сабабсиз қочиб кетаверса, ростдан ҳам сиёсий саҳна бўш қолади-да.

Қолаверса, мухолифат бундай шароитда нима қилиши кераклигини тушуниш керак. Мухолифатнинг бугунги вазифаси рўйхатдан ўтишга ва кейинги сайловлардан қатнашишга ҳаракат қилишдир. Буни тўхтамасдан қилмоқдамиз. Аммо, Швецияга қочволиб, ўша давлатнинг садақасига яшаётган Исмоил бу жараёнда энди йўқ. Хўш, ҳамма шундай қилса, сиёсий саҳнани ким яратади?

Мухолифатнинг яна бир вазифаси бор. Бу ҳам бўлса, мавжуд ҳукуматнинг хатоларини кўрсатиш, танқид қилиш ва алтернатив йўллар кўрсатиш, тўғри ишлари бўлса, уларни қўллаб-қувватлаш. “Бирлик” бу вазифасини, бошқа мухолифат гуруҳларидан фарқли ўлароқ, тўла бажармоқда. Мамлакатни демократиялаштиришдек глобал масалаларни қўйиб турайлик, Ўзбекистонни дунёдан изоляция қилиш ўрнига, уни Ғарб демократиясига интеграция қилишдек ҳеч кимнинг ақлига келмайдиган таклиф “Бирлик”дан чиққанини Исмоил билмайдими? АҚШ ва ЕИ айнан бизнинг кўрсатган йўлдан кетаётганини эшитмадими? Тожикистонда Рўғун ГЭСи қурилишидан тортиб, Қирғизистонда ўзбекларнинг қирғин қилинишигача бўлган жараёнларга ўз муносабатимизни билдириб, ҳатто, ҳукуматга йўл кўрсатмадикми? Яна нима қилишимиз керак, ҳокимиятнинг биронта ричаги қўлимизда бўлмаса?

Дарвоқе, 7 майда “Бирлик” Партияси Марказий Кенгашини мажлиси бўлди. Бу Ўзбекистонда ҳеч ким қилолмайдиган иш. Исмоил шуни ҳам кўрмадими? Эй, бечора масхарабоз!

Иккинчидан, Исмоил қандайдир цензура ҳақида гапиради. Менимча, у бу сўзнинг маъносини ҳам тушунмайди. Агар тушунса, цензура борлиги ҳақида фактлар келтирсин. Уни бу ерда алжираётгани билан айблаш ҳам хато бўларди. У тўғридан-тўғри ёлғон гапираяпти.

Учинчидан, у касаллигини гапирмоқда. Менимча, унинг бу хусусдаги гаплари ҳам ёлғон. Агар, ёлғон бўлмаса, касаллиги сабабли ишлардан четта қолганини айтиши керак, тамом вассалом. Алжирашнинг нима керги бор.

Тўртинчидан, у гўёки икки йилга раис ўринбосари қилиб сайлангани учун, лавозимидан истеъфо этганмиш. Кўринишидан бола бу масалада масхарабозлик ҳам қилмаяпти, у ақлдан озган. Партиянинг раҳбар органлари ва раҳбарлари қурултойдан қурултойгача сайланади. Ўзбекистонда Андижон хунрезлигидан кейин Қурултой ўтказишга кучимиз борми? Йўқ. Бу бизнинг айбимиз эмас. Ўзбекистонда ҳамма мухолифат ташкилотлари қурултойлар ўтказиб ётишган бўлса-ку, биз қурултой ўтказмаётган бўлсак, бошқа масала эди. Шундай экан, партия учун оғир шароитда ҳамма раҳбарлар истеъфога чиқса, партия йўқ бўлади. Бундай қадам партияга нисбатан хоинлик бўлади. Исмоил 53-54 лақабли Салой Мадамин ва шайхликка даъво қилаётган Обидхон Қорининг маслаҳатлари билан Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган ягона мухолифат ташкилоти бўлмиш “Бирлик” Партиясига хоинлик қилди.

Аммо, бу масаланинг бошқа тарафи бор. Исмоил ўша икки кишининг таъсири остида Ислом фанатикига айланди. 2007 йилда бўлса керак, аниқ вақтини архивлардан топиш мумкин, партиямизнинг Фарғона вилояти ташкилоти Исмоил ва у кабиларни партия фаолиятига таъсир қилолмайдиган масофада ушлаб туриш қарори олган. Бу қарор сайтимизда эълон қилинган. Аслида, бу – Исмоил кабиларни феълан партиядан чиқариш қароридир. Шуни ҳам тушунмайдиганлар борми? Ҳозир Исмоил партия аъзоси эмас.

Бешинчидан, менинг мақтончиғлигим ҳақида. Бу ҳақда авал ҳам гапирганман, яна гапираман. Партия лидерлари ҳамма ерда ўз партиялари ва ўзлари қилган ишларни халққа тушунтирадилар ва бундай ишларни бошқалар қилолмаётганини урғулайдилар. Бу мақтаниш эмас, нормал сиёсий фаолият. “Бирлик” қилган ишлар Ўзбекистон тарихига ёзилиб бўлди. Биз ҳеч ким қилолмаган ишларни қилмоқдамиз ва ҳеч ким қилолмайдиган ишларни ҳали яна қиламиз. Бу мақтаниш эмас.

Олтинчидан, Ўзбекистонда мени ҳеч ким танимаслиги ҳақида. Тўппа-тўғри, ҳақиқатда шундай. Лекин, Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари 22 йил ичида бирон марта менинг исмимни тилга олмаганлари Исмоилга ҳам маълум. Мухолифат сайтларига эса блок қўйилган. Бечора ўзбеклар мени қаердан танисин? У мени 100 кишидан 3 нафари билишини айтибди. Ўйлайманки, мени 100 кишидан 3 нафари ҳам билмайди. Мени шу факт билан айблаш масхарабозлик ва алжираш бўлмаса, масхарабозлик ва алжираш нима ўзи, Исмоилжон?

Еттинчидан, ўзбек зиёлиларини қорамоллар деб айтганим тўппа-тўғри. Қирғизистонда бир ҳовуч қирғиз фашистлари ўзбекларни тириклайин ёқиб тамоша қилиб юрган кунлари овозини чиқармаган ёки БМТдек хунаса ташкилотга мурожаат қилиб, 30 миллионлик ўзбекларни бир ҳовуч қирғиз фашистларидан ҳимоя қилишни сўраган ўзбек зиёлилари қорамол бўлмаса, қорамол нима ўзи? Ҳозирги авлод ўзбек зиёлилари айнан шу ном остида тарихга кирадилар. Салой Мадамин, Обидхон қори ва Исмоил Дадажонлар ҳам ўша қорамолларнинг ичидадир. Ўзбек миллатининг ғурурини сақлаб қолиш учун фақат “Бирлик” курашди. Ўзбек армиясини Қирғизистонга олиб киришга чақирди. Ҳар бир аҳмоқ ҳам тушунадики, шу баёнотимизнинг ўзи қирғизларнинг эсини жойига келтирди.

Саккизинчидан, Пўлат Охун ҳақида. Исмоил бу мавзудан нимага гап бошлаганини тушуниш қийин. Орамизга КГБ, МХХ, Салой Мадамин, Обиджон Қори ва Марат Зоҳид кабиларнинг усулларидан фойдаланиб, совуқлик тушириш учун бўлса керак.

Пўлат Охун 2006 йилда гўёки янги партия тузиш ҳаракатида бўлгани Исмоил тарафидан, юқорида номи тилга олинган учта кишининг масалаҳати билан, ўйлаб топилган нарса.

Аслида, 2004 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўша пайтда ўтказилган парламент сайловларида қатнашиш учун қилган ҳаракатларимиз муваффақиятсизикка учрагач, янги партия тузиш ҳақида гап-сўзлар бўлган. Бу масалани ташқарига чиқармасдан, 2-3 ой ичида партия доирасида ҳал этганимиз, мен ва Пўлат Охуннинг сиёсий етуклигимиз ва маҳоратимизнинг намунасидир.

Дарвоқе, ўша пайтда айнан Исмоилнинг Пўлат Охун билан муносабатлари ўта ёмонлашган эди. Шундай бўлса ҳам, Исмоил катта оиласи билан Швецияга кўчиб келганда, Пўлат Охун юксак даражадаги олийжаноблик кўрсатиб, уларга қўлидан келган ҳамма ёрдамни берди. Қўрқмасдан айтаман, ҳеч ким қилмайдиган ёрдамни берди.

Бу факт билан мағрурланиш ўрнига, тирноқ остидан кир қидираётган Исмоилнинг иши - махарабозликдан пасткашликка ўтиб бориш намунасидир. Уят!

Хулоса қилиб айтмоқчиманки, Улуғбек Бакирга Исмоил Дадажон билан интервью тайёрлаш топшириғини берганимда, Исмоил мардлик кўрсатиб, қилган хатолари учун кечирим сўрайди ва сафимизга қайтади, чунки, 5 йидан бери шведларнинг садақасига яшашдан уялаётган бўлса керак, деб ўйлаган эдим.

У менинг партия бўйича ўринбосарим эди, аммо ҳозир кўрмоқдаманки, у менинг ёрдамчим, яъни топшириқларимнинг ижрочиси сифатида яхши фаолият олиб борган, лекин партия раисининг ўринбосари, яъни сиёсатчи даражасига чиқолмаган. “Бирлик”нинг митингларидан бирида “Она тилим олган куним тўй қиламан!” деган шеърини ўқиб, майдонга чиққан ва менинг ҳам ёрдамимда дунё танийдиган сиёсатчига айланган Васила Иноятдан ўрнак ололмаган.

Шу сабали, Исмоил Дадажоннинг алжираш ва масхарабозликлардан иборат интервьюсининг давомини эълон қилишни тўхтатамиз. Чунки бундай нарсаларни чиқариш сайтимизнинг савиясини туширади ва бизни ҳам “Эрк”, “Исёнкор”, Ватандош” “Янги дунё” каби лўттибоз сайтлар даражасига олиб тушади.

Хуллас, минг афсуски, ҳали ўзбек сиёсатчилари, ҳокимиятдагилари ҳам, кўриб турганимиздек, мухолифатдагилари ҳам, хатолари учун кечирим сўраш, керак бўлса, сиёсатдан чиройли йўл билан чиқиб кетиш мардлигига эга эмаслар. Исмоил каби масхарабозлик ва пасткашлик билан шуғулланиш анъанаси кучли ҳали бизда.

“Бирлик” ва мен бу анъаналарни шок терапияси усуллари билан парчаламоқчимиз ва парчалаймиз.