Абдураҳим Пўлат: Асосий вазифамиз қурултойга тайёрланиш ва стратегик йўналишларни белгилаш - «HARAKAT» XABAR AGENTLIGI :: Independent News Agency Harakat. Узбекистан, новости Узбекистана, политика Узбекистана, оппозиция Узбекистана"/> Абдураҳим Пўлат: Асосий вазифамиз қурултойга тайёрланиш ва стратегик йўналишларни белгилаш - «HARAKAT» XABAR AGENTLIGI :: Independent News Agency Harakat. Узбекистан, новости Узбекистана, политика Узбекистана, оппозиция Узбекистана"/>
04:01 - Абдураҳим Пўлат: Асосий вазифамиз қурултойга тайёрланиш ва стратегик йўналишларни белгилаш
Азиз сафдошлар, дўстлар

Мустақилликдан кейин ҳукуматнинг террорига дучор бўлган Ўзбекистондаги илк демократик ташкилотни ҳозир иккинчи марта қайтадан оёққа турғизмоқдамиз. Бунинг қанчалик машаққатли, айни замонда, маъсулиятли эканлигини ҳамма тушунади.

Бу ишни биринча марти 2001-03 йиллари қилдик. Ўша вақтда Ўзбекистон АҚШ билан антитеррор уруши доирасида ҳамкорли к қилаётгани туфайли ҳукуматнинг бизга қарши босимлари бироз камайган бўлса ҳам, “Бирлик”ни тиклаш қанча қийин бўлганди. 2002 йил 12 апрелда Фарғона вилоят ташкилотимиз ўзининг конференциясини ўтказгач, 1 йилча вақт ичида бу ишни ҳамма вилоятларда тамомладик. Шундай бўлса ҳам, ЦБирлик”нинг умумий Қурултойини ўтказиш осон бўлмаганини ҳамма эсласа керак. Ўшанда Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банкининг Тошкентда бўлган йиллик мажлисидан фойдаланиб “Бирлик” Қурултойни ўтказиб олишга муваффақ бўлганмиз.

Андижон воқеалари баҳонасида ҳукумат яна демократик мухолифатга қарши босимларини кучайтирди. Шундан кейин бўлиб ўтган воқеаларни ҳозир анализ қилиб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Фақат бир нарсани айтмоқчиман. Мен қайтадан оёққа туришимиз учун бунчалик кўп вақт, тўғрироғи 3 йил керак бўлади, деб ўйламагандим.

Аммо, ҳозир бу ишни қилолишимизга аминман. Бу масалада Европа Иттифоқи билан Ўзбекистоннинг алоқалари ривожланиб бораётгани ҳал қилувчи бўлмаса ҳам, катта ижобий роль ўйнаши табиий эканлигини унутмайлик. Шуни ҳар қадамда урғулашимиз керак-ки, бу алоқаларнинг ривожланишида ва натижа ўлароқ Ўзбекистонда сиёсий муҳитнинг бироз бўлса-да юмшашида, “Бирлик” Партиясининг катта роли бор.

Маълумки, айнан бизнинг партия ўз баёнотларида, партия номидан Абдураҳим Пўлат ва Пўлат Охун Европа Иттифоқининг Ташқи алоқа ва хавфсизлик масалалари бўйича энг эксак вакили Хавьер Соланага ёзиб, ҳатто жавоб ҳам олган мактубларида “Диктатураларга қарши санкция киритиш ва уларни дунёдан изоляция қилиш демократияни ривожлантириш нуқтаи назаридан кўп фойда бермаслигини” Куба, Ироқ каби давлатларнинг мисолида кўрсатиб берди ва санкцияларни Ўзбекистонни дунёнинг демократик структураларига интеграция қилиш билан баробар олиб бориш энг самарали йўл эканини қайта-қайта такрорлади.

Европа Иттифоқи айнан биз таклиф қилган йўлни танлагани - “Бирлик” қанчалик етук сиёсий ташкилот эканлигини яна бир марта намойиш қилди. Биз бу тарихий воқеаларни ҳамма ерда гапиршдан уялмаслигимиз ва чарчамаслигимиз керак.

Марказий Кенгашимизнинг бугунги мажлисида қуйидаги масалаларни муҳокама қилиб, тегишли қарорлар қабул қилишимиз лозим.

Навбатдаги қурултой

Бугун вилоят ташкилотларининг конференцияларини ўтказишни бошлаш ва партия қурултойи бўладиган вақтни тахминан белгиловчи қарор қабул қилиш лозим. Қурултойнинг вақтини тахминан белгилаш кераклигининг сабабини ҳамма тушунса керак. Ҳозир Ўзбекистондаги умумий ноаниқликлар ичида қурутойнинг вақтини аниқ белгилаш мумкин эмас.

Вилоятлардан сайланадиган делгатларнинг сонини ҳам аниқ белгилаш мумкин бўлмаса керак. Чунки, қурултойни қандай шаклда ўтказишимиз мамлакатдаги сиёсий вазиятга боғлик. Шунинг учун, менимача бундай қилсак бўлади. Ҳозирча вилоятлардан 10 кишидан делегат сайланаверади. Вақти келганда қурултойни 100-150 киши иштирокида ўтказа олишга кўзимиз етса, ҳамма сайланган делегатлар қурултойга чақирилади. Агар қурултойни кичикроқ қилиб ўтказишга тўғри келса, вилоятларда сайланган делегатлар рўйхатининг бош қисмидагилар қурултойга чақирилади.

Вилоят конференцияларида қурултойнинг кун тартибига кириши мумкин бўлган мамлакат миқёсидаги принципиал масалаларни ва ташкилотимизнинг ички ташкилий масалаларини муҳокама қилиш керак.

Мен дунё тажрибасидан келиб чиқиб, қурултойни ўтказиш тартиби хусусида қуйидагиларни айтмоқчиман. Ҳамма принципиал масалалар аввалдан муҳокама қилиниб, қабул қилинадиган қарорлар демократик руҳда, ҳамманинг иштирокида аввалдан тайёрлаб келиниши керак. Шундагина қурултой кучимизни ва бирлигимзни - ҳам ўзимизга ҳам ташқаридагиларга - намойиш қилувчи, келажакдаги фаолиятимиз учун катта энергия берувчи тадбир бўлиб қолади. Агарда қурултойгача муҳим масалалар ҳал қилиб олинмаса, ўзи шундоқ ҳам оғир вазиятда ўтказилаётган қурултойимиз, бизга куч берувчи эмас, аксинча, кучимизни сусайтирувчи, шахтимизни кесувчи тадбирга айланади. Бошқа сиёсий гуруҳлар шу каби нарсаларни аввалдан ўйлашмагани учун оёққа туриб улгурмасданоқ яна йиқилишмоқда.

Қурултойда Низомга кўра ҳал этилиши керак бўлган ташкилой масалалардан ташқари, қуйидаги масалалар бўйича қарор-резолюциялар қабул қилиш лозим деб ўйлайман.

1. 2009 йил парламент сайловларига тайёрланиш

Ўзбекистон Конституциясига кўра 2009 йил 20 ёки 27 декабрда (бу кунларнинг қайси бири учинчи декаданинг биринчи якшанбаси ҳисобланишига қараб) Олий Мажлисга сайловлар бўлади. Демак, 2009 йил февраль ойигача партияни рўйхатдан ўтказиш учун ҳаракат қилиш керак, буни қололмасак, 2004 йилда бўлгани каби, Сайловчиларнинг Ташаббус Гуруҳлари орқали ўз номзодларимизни кўрсатишга уринамиз. Демократик ташкилот сифатида ва демократик принциплаога содиқ қолган ҳолда фаолият олиб бормоқчи бўлсак, бошқа йўл йўқ.

Бу йўналишдаги ишлар яқин келажакдаги фаолиятимизнинг асосий йўналиши бўлади. Биз бу соҳада озми-кўпми тажрибага эгамиз, нималар қилиш кераклигини тушунамиз. Шу сабабли ҳозир бу масаланинг муҳокамаси устида кўп ўйлашга ҳожат йўқ. Қурултойда кейин қўлимиздан келганча амалий ишларни бошлаб юборамиз.

2. Мамлакатни оғир иқтисодий аҳволдан олиб чиқиш учун стратегиялар

Ўзбекистонда иқтисодий аҳвол ҳам оғир эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Ишсизлик ваҳимали даражаларга чиқмоқда. Қишлоқ хўжалиги тушкунликда. Мустақилликдан кейин мамлакатда замонавий молиявий система яратилмади. Мавжуд вазиятдан чиқиш учун косметик ўзгаришлар етарсиз бўлади. Ҳокимиятга демократлар келса ҳам ички резервлар билан кескин олға кетиб бўлмайди. Катта табиий бойликлари бўлмаган ерга чет элдан катта инвестициялар келиши ҳам даргумон.

Ўзбекистонни фаровон бир ўлкага айлантириш учун қилиниши керак бўлган ишларнинг стратегиясини яратиш лозим. Иқтисодда ҳар қандай жиддий ўзгариш сиёсий ислоҳатларсиз бўлолмайди. Демак, ҳеч қандай сиёсий ўзгаришлар қилишни истамаётган ҳозирги ҳокимият иқтисодий ўзгаришлар қилишга ҳам қодир эмас. Бундан ҳам ёмони – ўзгаришлар стратегияси устида ҳам ҳеч ким ўйлаятгани ҳам йўқ.

Тан олинмаган, расмий мақоми бўлмаган мухолифат учун мамлакатнинг келажагини белгиловчи стратегиялар устида ишлаш жуда қийин. Аммо, барибир биз бу иш билан шуғулланишимиз керак. Менинг “Ҳаракат” журналида эълон қилинган бир қатор мақолаларимда Марказий Осиё Бирлиги яратиш, минтақадаги табиий бойликларни ўзлааштиришда иштирок этиш, Россия билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва Россиянинг шарқий, яъни аҳоли кам яшайдиган қисмидаги бойликларни ўзлаштиришда иштирок этиш, бунинг учун миграцион жараёнларни давлатлараро шартномалар доирасида режали олиб бориш каби таклифлар бор.

Булар ва бошқа шу каби таклифларни системалаштириш, улар асосида мамлакатимизда ва минтақада қилиниши керак бўлган кардинал ўзгаришларнинг стратегиясини ҳозирданоқ ишлаб чиқаришга киришиш керак. Бу тўғрисида, яъни стратегияларни ишлаб чиқиш ҳақида Қурултойнинг резолюциясини тайёрлашимиз лозим.

3. Россия демократлари билан алоқаларни тиклаш

Россияда демократияни бўғиб ташлашга эришган Владимир Путин ўз мамлакатида Ўзбекистондан қолишмайдиган яккаҳокимлик режими ўрнатди. Бу икки режим яқиндан ҳамкорлик қилмоқдалар, бир-бирларини қўллаб қувватламоқдалар. Россияда демократлар ҳам ҳукуматдан ҳам парламентдан узоқлаштирилди. Рус демократларининг аҳволи бизникига яқинлашиб қолди.

Шундай шароитда Россия демократлари билан қайта қуриш йилларидан кейин узилиб қолган алоқаларни тиклаш керак, деб ўйлайман.

Бу иш билан жиддий шуғулланиш керак. Россияга мажбуран ишлаш учун кетган ватандошларимизнинг аҳволи ва уларга бу масалада ёрдам бериш масаласини кўрганимизда, рус демократлари билан алоқаларни тиклаш қанчалик муҳим эканлиги яна ҳам яққолроқ кўринади.

4. Россияга иш қидириб келган ватондошларимиз аҳволи ҳақида

Бу масала ҳам ҳеч ким учун янгилик эмас. Шу сабабли конкрет қилиниши керак бўлган қадамлар ҳақида гапиришга ўтавериш мумкин. Менинг фикримча, биринчи қадам сифатида Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини ташкилотлантириш, уюштириш масаласи устида ўйлаш керак. Табиий, бу ишни биз эмас, муҳожирларнинг ўзи қилишади. Аммо, биз уларни бундай қилишга ташвиқот қилишимиз, кераклича ёрдам ҳам беришимиз лозим.

Бир нарсани аниқ тушуниш керакки, биз истасак-истамаса, бу муҳожирларнинг каттагина қисми Россияда ўрнашиб қолади, ўрнашиб қолганларнинг бир қисми эртами-кечми ўша ерда оёққа туриб, қўшни мамлакатнинг сиёсий-иқтисодий соҳаларида таъсирли роль ўйнашга бошлайди. Россия аҳолисининг тезлик билан камайиб бораётгани, хусусан унинг бугунги 141 милионли аҳолиси бир неча ўн йилдан кейин 100 миллионга тушиш хусусидаги прогнозлар ҳам бу масалда аҳамиятли. Шу сабабли ўзбек муҳожирларининг уюшишида қандайдир роль ўйнашимиз, Ўзбекистонда ва ҳатто Россияда демократиянинг келажаги нуқтаи-назаридан муҳимдир.

Бизнинг бу йўналишдаги активлигимиздан ҳавотирга тушган Ўзбекистон ҳукумати ташаббусни ўз қўлига олиш ниятида муҳожирлар масаласи билан расман шуғулланишга бошласа, бундан ҳам хурсанд бўлишимиз керак.

5. Ўзбекистонда демократияни ривожлантириш учун НАТОга яқинлашиш,
уни келажакда муҳофаза қилиш учун НАТОга аъзо бўлиш керак

Ўзбекистондаги ва, умуман олганда, Марказий Осиёдаги вазиятга, бу ердаги муаммоларга ва уларни ечиш йўлларига дунёда бўлаётган жараёнлардан ажратиб бўлмайдиган элементлар сифатида қараш керак. Биз учун муҳим бўлгани – Россия ва Хитойда ўтаётган жараёнлар ва бу икки ўлканинг Ғарб билан муносабатларидир.

Кўриб турибмизки, Россия катта тезлик билан демократиядан диктаторликк қараб кетмоқда. Хитойда демократияга қараб қилинаётган қадамлар йўқ ҳисоб. Бу икки мамлакатга ҳам демократия ахир бир кун келади, аммо ҳозир яқин келажак хусусида гаплашмоқдамиз.

Хуллас, бу икки қўшни мамлакатдаги аҳвол Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда демократиянинг яқин келажагини катта хавф остига қўйиши табиий. Бундай шароитда бизнинг умидимиз яна Ғарб бўлиб қолаверади. Ҳозирги қийин аҳволда рус демократларининг ҳам Ғарга таянашдан бошқа йўллари йўқ. Демак, бу тарафдан қарасак ҳам Россия демократлари билан алоқларни тиклаш ва мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқдир.

Ғарб – бу кенг тушунча, биз конкретроқ гаплашишимиз керак. Бугун Ғарбнинг сиёсий-иқтисодий ва ҳарбий кучи НАТОда мужассамланган. Ҳозир НАТО борган сари ҳарбий-сиёсийдан ҳам кўпроқ сиёсий-ҳарбий, балки сиёсий блокка айланмоқда. Шарқий Европанинг асосий мамлакатлари НАТОга аъзо бўлдилар. Россия бу ташкилотга қанчалик ғараз билан қарамасин, амалда у билан яқин алоқалар ўрнатишга мажбур бўлмоқда, ҳатто НАТОнинг ҳарбий ўқув машғулотларида иштирок этмоқда. Ҳозир Украина ва Гуржистонни бу ташшкилотга қабул қилиш масаласи кун тартибига келди. Россия бунга ашаддий қаршилик қилмоқда, аммо кучи етмайди. Россия ва Гуржистон, балки, улардан кейин Озорбайжон ҳам, НАТОга киради.

Шулардан келиб чиқиб, биз Ўзбекистннинг НАТОга кириш масаласини гапиришга бошлашимиз керак. Бу қисқа вақтда бўладиган иш эмас. Амма, бу масалани кўтаришнинг ўзи катта сиёсий аҳамиятга эга бўлади. Қўшниларимиз Афғонистон, Покистон ва Эронда ислом экстремизми хавфи борлиги, ўз мамлакатимиз хам бундан холис эмаслиги, биз учун муҳим бўлган Туркиянинг НАТО аъзоси эканлиги ва бошқа бир қатор омиллар Ўзбекистон НАТОга яқинлашиш йўлидан бориши, келажакда унга аъзо бўлиши кераклигини тақозо қилади.

НАТОга криш истагимиз Россия билан иқтисодий соҳаларда ҳамкорлик қилиш йўлида тўсиқ бўлади, деб ўйлаганлар бўлиши мумкин. Аслида, бундай эмас. Биринчидан, Россия ҳам барибир демократия томон юриш йўлига ўтиб, НАТО билан алоқаларини яна ҳам яхшилайди. Иккинчи тарафдан, Россия Ўзбекистнни НАТОда кўришни истамаса, айнан шу сабабли ўзаро иқтисодий ҳамкорлигимизга каттароқ эътибор беради.

* * *

Менинг фикримча, “Бирлик”нинг бўладиган қурултойида шу санаб ўтилган масалалар бўйича махсус резолюция-қарорлар қабул қилиш керак бўлади. Бу масалаларни бугун Марказий Кенгашда, кейин вилоят конференцияларида муҳокама қилиш ва Қурултой резолюцияларининг лойиҳаларини тайёрлашга ҳозирданоқ киришиш керак.

Баъзи сафдошларимизга мен кўтарган масалалар мавжуд ҳукуматнинг босимлари остида оёқда қолиш учун ҳаёт-мамот жанги олиб бораётган мухолифат ташкилотининг кундалик фаолияти учун унчалик муҳим эмасдек бўлиб кўриниш мумкин. Бир томондан, бундай фикрда жон бор. Чунки шу кунларда асосий ишимиз – вилоят конференциялари ва қурултойга тайёргарлик кўриш, уларни ўтказиш, сўнгра сайловолди ишларига шўнғиш бўлади.

Аммо, шундай оғир шароитда ҳам олдимизга мамлакат миқёсидаги муҳим мақсадларни қўйсак, улар кундалик қиладиган ҳар бир қадамимизни тўғри йўналишда олиш учун нишон, ориентир бўлади. Шунинг учун, қурултойда бундай қарор-резолюцияларнинг қабул қилиниши жуда ҳам муҳимдир.

Қурултойда алоҳида масала сифатида кўтармасадан, вилоят конференцияларда ва фаолларимизнинг йиғилишларида қуйидаги масалаларга ҳам эътибор бериш керак, деб ҳисоблайман.

Диний экстремизм масаласи. Баъзилар қилаётгандек, ўз-ўзимизни алдамаслигимиз керак, Ўзбекистонда исломий экстремизм хавфи йўқ эмас. У билан демократик йўллар билан курашиш мухолифатнинг ҳам вазифасидир. Бир маҳаллар, ҳозир кўпчилик “53-54” лақаби билан тилга оладиган Салой Мадамин ва унга қўшилиб олган Ҳазратқул Худойберди ва Алишер Йўляхшилар мухолифатни қуролли кураш йўлига буриш учун кўп ҳаракат қилганларидек, ҳозир Исмоил Дадажон, Баҳром Ҳамро каби каби сафдошларимиз жон-жаҳдлари билан ташкилотимизни динийлаштириш учун ҳаракат қилиб кўришди. Бу йўлда асосий тўсиқ Абдураҳим Пўлат деб ўйлаб, дарвоқе, Хазратқул ва Алибой акалар ҳам шундай деб ўйлашганди, менга қарши турли ишлар қилишди. Аммо, аввалгилар каби ҳеч нарса қила олишмади. Чунки, тўсиқ мен эмас, ташкилотимизнинг ўзи эди. Шундай бўлса ҳам, бу масалани назардан четда қолдирмаслик керак. Диний экстремизм хавфи ва унинг терроризмга айланган қаноти билан кураш ҳали узоқ вақт давом этади.

“Бирлик” халқ ҳаракатини тиклаш номи остидаги провокация. Яқинда Қўқонда бўлган водийлик фаолларимиз йиғилишида “Бирлик” халқ ҳаракатини тиклаш чақириғи билан чиққан собиқ бирликчиларнинг баёноти ва баёнотни имзолаганлар ичида Исмоил Дадажон каби сафдошларимиз борлиги “Бирлик” Партиясига қарши провокация деб тўғри баҳоланган. “Бирлик” Партиясининг рўйхатдан ўтиш ҳамда сайловларда қатнашиш каби демократик руҳдаги ишларини қоралаб Интернетда эълон қилинган бошқа бир баёнот ҳам шу баҳога лойиқлиги ўз-ўзидан маълум. Бу баёнотлар моҳиятан қанчалик ножиддий бўлмасин, биз уларга эътибор беришимиз керак.

Унутмайлик-ки, 1989 йилда мухолифатни парчалаган хоинлар ҳам шу кабибир қарашда унча муҳим бўлмаган “ўйинлар” билан иш бошлашган эди. Натижада эса, мамлакатимизда ўша пайтда ўсиб келаётган демократия куртаклари йўқ қилинди, охир-оқибат яккаҳокимлик ўрнатилди. Ҳозирги содда баёнотчиларнинг ташаббуси орқасида ҳам мухолифатнинг асосий кучи бўлмиш “Бирлик”ни партия сифатида йўқ қилишни истаган махсус органлар турганини содда одамгина тушунмаслиги мумкин.

Мен ўйлайманки, ҳозирча ўша адашган сафдошларимизга Қўқонда берилган баҳо етарли. Аммо, ўз хатоларини тан олиб, фаолиятлари билан демократияга ва “Бирлик”га содиқ эканларини кўрсатмагунларича, уларни партиянинг фаолиятига таъсир кўрсата оладиган нуқталарга яқинлаштириш хусусида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Молиявий аҳволимиз. Менинг ташаббусим билан 2003 йилда ўтказилган қурултойларимизда молиявий аҳволимизни тузатиш, фаолиятимизни қўллаб-қувватловчи ҳомийлар топиш масаласи тилга олинган, бу масала билан алоҳида шуғулланиш хусусида қарор ҳам қабул қилинганди. Аммо, минг афсуски, бу йўналишда етарлича иш қилинмади. Мен ва юрт ташқарисида яшаётган сафдошларимиз бир нарсалар қилишга ҳаракат қилмоқдамиз, балки, сайтларимизни ўқиб турганлар билишар, баъзи натижаларга эришдик ҳам. Лекин улар етарсиз. Биз ҳаммамиз партия фаолиятини молиявий қўллаб қувватловчи ҳомийлар топиш иши билан доимий шуғулланишимиз керак. Маблағ бўлсагина, партиянинг профессионал активини ярата оламиз.

Пўлат Охуннинг паспорти. Бу масала ҳаммага таниш Шунинг учун қисқа бўламан. Пўлат Охун партия раисининг ўринбосари бўлгани учун унинг паспорти атрофидаги ҳангомлар шахсий масала эмас. Сафдошимизнинг паспортини алмаштиришдек оддий бир иш, ҳеч шубҳасиз, энг юқори даражали раҳбарларнинг топшириғи билан пайсалга солиб келиниши - чет элдан қайтиш тараддудида бўлган бошқа мухолифатчилар учун сигналдир. Ҳукумат ҳар ким учун мамлакатга қайтиш осон бўлмаслигини очиқча кўрсатмоқда. Шу сабабли, Пўлат Охуннинг паспорти масаласи нафақат партиямизнинг, бутун ўзбек мухолифатининг, қолаверса ҳамма демократларнинг иши бўлиши керак. Менинг ҳаммадан илтимосим – бу масалани имкони бор ҳар жойда кўтаринглар.

Ташкилий масалалар. Қурултойда сайланадиган партиянинг раҳбар органларига кирувчи одамлар, жумладан партия раиси, ўринбосарлари, Бош котиби кимлар бўлишини ҳам муҳокама қилишни бошлаш керак. Вилоят конференциялари бу хусусда ҳам ошкоралик руҳида ўз фикрларини ишлаб чиқишса, қурултойгача бу масалада тўла аниқлик бўларди.

* * *

Дўстлар! Мен бу ерда ўз фикрларимни изҳор этдим. Бошқаларнинг ҳам фикрлари бор. Бугун уларни муҳокама қилиб, вилоят конференциялари ва Қурултойни ўтказиш бўйича ҳамма масалаларни келишиб олайлик.