Актуал мавзу - 27 December 2009
05:01 - Абдураҳим Пўлат: Ўзбекистонда сайлов ва мухолифат
Мамлакатимиз парламентининг қуйи органи, аниқроғи, Олий Мажлиснинг Қонунчилик Палатасига бугун ўтказилаётган навбатдаги сайлов ҳеч қандай сиёсий маъноси бўлмаган ўйиндир. Чунки, қўғирчоқ парламентнинг ўзи сиёсий ҳаётимизда ҳеч қандай роль ўйнамайди. У собиқ ЎзКомпартиянинг Марказий Комитети функцияларини ўз устига олган ҳозирги Президент Маҳкамаси томонидан тайёрланган ёки тайёрлатилган қонун лойиҳаларини штамплаш билан шуғулланади, холос. Яъни, бу соҳада Совет даврининг анъаналари тўла давом этмоқдадир.

Тўғри, парламент тарафидан тасдиқланадиган қонунларнинг катта бир қисми рутин, яъни ҳамма мамлакатларда бир-биридан кам фарқ қиладиган, инсониятнинг бугунги ривожланиш даражасидан келиб чиқадиган бичимлар доирасидаги оддий қонунлардир. Аммо сони оз бўлса ҳам, мамлакат ва миллатнинг келажагига таъсир қиладиган, ҳатто айтиш мумкинки, яқин келажагини белгилайдиган шундай қонунлар борки, уларни миллат сайлаган вакиллар кенг жамоатчилик фикрини ҳам ўрганган ҳолда, рақобат моҳиятидаги баҳслар асосида қабул қилишлари керак.

Бундай қонунлар – мамлакат хавфсизлиги, демократик жараёнларнинг бориши, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий ва молиявий системани шакллантириш ҳамда ривожлантириш каби масалаларга доир қонунлардир.

Диктаторлик ҳукм сураётган ёки Ўзбекистон каби ярим диктатор, ярим авторитар мамлакатларда бундай муҳим соҳаларга оид қонунлар ёки бутунлай ишламайди ёки мамлакат ва миллатнинг манфаатлари ҳамда келажагини эмас, мавжуд режим раҳбарлари ва гумашталарининг бир кунлик манфаатларини кўзлайдиган шаклда яратилади, шахсий режимни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бугун ўтказилаётган навбатдаги қўғирчоқ парламент сайлаш ўйини Ўзбекистонга ҳеч қандай янгилик олиб келмайди. Сайлов қоғоздагина етралича демократик бўлган мавжуд қонунлар эмас, ҳукумат истаган шаклда ўтказилади, энг муҳими, демократик мухолифатнинг иштирокисиз ўтказилади. Демак, сайловдан кейин ҳам ҳеч нарса ўзгармайди, ярим диктаторлик, ярим авторитар режим ҳаётини давом эттираверади. Ўзбеклар Марказий Осиёда етакчи ролларини йўқотишни давом эттирадилар, халқнинг қашшоқлик даражаси ортиб бораверади, миллионлаб ўзбеклар яқин ва узоқ элларда мардикор бўлиб қолаверадилар.

Мухолифатнинг аҳволи


Юқорида айтилган фикрлардан келиб чиқиб, бу лавҳа доирасида мухолифат ҳақида, унинг бугунги аҳволи, келажаги, парламентни ҳақиқий қонун яратувчи органга айлантириш вазифаси, ҳаттоки, мажбурияти ҳақида гапириш тўғрироқ бўлади.

Андижон воқеаларидан кейин бошланган репрессиялар туфайли кучини йўқотган демократик мухолифат, минг афсуски, ҳалигача ўзини тиклай олмади. Воқеаларни тўғри баҳолаш учун 2003-04 йилларни эслаш керак. 10 йиллик танафусдан кейин сиёсий саҳнага қайтадан чиққан “Бирлик” халқ ҳаракати 2003 йилда ўз қурултойини ўтказгач, Ўзбекистонда демократик жараёнлар ўта тезлашди. Аммо минг афсуски, демократик руҳдаги мухолифатчилар диктатура деворида дарча очган “Бирлик”ни қўллаб қувватлаш ўрнига, бу дарчадан ўзлари учун фойдаланиб қолиш пайига тушдилар. Бу – ўзбек демократларининг энг катта хатоси эди.

Шундай бўлса ҳам, “Бирлик” лидерларидан Пўлат Охуннинг ташаббуси билан ва унинг раҳбарлигида ҳамма демократларни бирлаштирувчи “Давра Кенгаши” тузилди. Аммо, “Эрк” партияси фаоллари “Давра Кенгаши” доирасида ҳам ички курашларини давом эттирдилар ва ўта енгилтаклик қилиб, бу ташкилотни тарк этдилар. “Озод деҳқонлар” партияси ҳам шу йўлни танлади. “Давра Кенгаши”нинг асосий мақсади – 2004 йил парламент сайловида иштирок этиш режаси қоғозда қолди. Фақат “Бирлик” Партияси Сайловчиларнинг ташаббус гуруҳлари орқали ўз номзодларини кўрсатиб, сайловда иштирок этишга ҳаракат қилди. 10 га яқин округдан номзод кўрсатдик, бошқалар бизни қўллаб қувватлаш ўрнига, ўзларидан бошқа ҳеч ким ўқимайдиган сайтларда “сайловни бойкот” қилдилар. Биз номзод кўрсатган округлардаги Сайлов комиссиялари ўз иш ерларидан қочиб кетиб, номзодларимизни рўйхатга олмадилар. Бизнинг эса, бундан ортиқ бир нарса қилишга кучимиз етмади.

Қани ўша, бугунгига нисбатан жаннатдек шароитда, сайловни бойкот қилишга чақиришдан нарига ўтолмаган “мард”лар? Уларнинг, яъни 53-54 лақабли Салой Мадамин, унинг югурдаклари Отаназар Ориф ва Дилором Исоқ, “озод-деҳқончилар” – опа-сингил Ҳидоятоваларнинг бугун “бойкот қилиш” сўзини айтишга ҳам қурблари етмайди.

Шуларни ҳисобга олиб, мардларча тан олиш керак, Ўзбекистонда ҳалигача диктатуранинг ҳукмронлиги - унинг кучида эмас, мухолифат ичида маъсулиятсизларнинг, миллат ва мамлакат олдидаги бурчларини ҳамма нарсадан юқори қўйолмайдиганларнинг кўплигидадир.

“Бирлик” Партияси курашини ҳеч тўхтатмади. Партияни рўйхатга олиш масаласида ҳукуматни шунчалик бурчакка сиқдикки, ундан қутилиш учун ҳукуматнинг ўзи Андижон воқеаларига йўл очиб берди. Акс ҳолда, бизни рўйхатга олишдан бошқа йўллари йўқ эди.

Андижон воқеаларидан кейин бошланган репрессиялар натижасида “Эрк” ва “Озод деҳқонлар” бутунлай битди. Фақат “Бирлик” янги сиёсий технологиялар ишлатиб, ўзини сақлаб қолди. Айнан бизнинг таклифимиз билан аввал Европа Иттифоқи, ундан кейин АҚШ Ўзбекистонга қарши фойдасиз санкциялар киритиш ўрнига, Ўзбекистонни Ғарб структураларига тортишга бошлашди. Айнан шу сабабли, бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатчилар қамоқдан озод қилинди. Улар ҳалигача бизга миннатдорчилик билдирмаётганлари - уларнинг сиёсий савиясини кўрсатади, холос.

Бизнинг 2004 йилдаги хатти-ҳаракатларимиздан эс-песи чиқиб кетган ҳукумат, қўғирчоқ парламентининг қўли билан сайлов қонунларидан Сайловчилар ташаббус гуруҳлари орқали номзод кўрсатиш моддасини олдириб ташлади. Шундай қилиб, мавжуд ҳукумат бизга аввалги сайловда эришган маррамиздан олдинга кетишга имкон бермади.

Аммо ҳар бир ақли расо одам тушуниши керак-ки, “Бирлик” Партиясининг структуралари мавжуд, у сиёсий курашга ҳар доим тайёр. Бугун Ўзбекистонда сиёсий фаолият олиб бориш учун шароит мавжуд. Мухолифатнинг ўзи бундан фойдалана олмаяпти.

Биз, “Бирлик” Партияси сифатида, ҳозирги шароитдан, яъни Европа Иттифоқи ва АҚШ Ўзбекистонга қайтадан олиб кираётган демократия шамолларидан фойдаланиш учун елканларимизни тайёрлаб турибмиз. Ошкоралик руҳига содиқ бўлган демократик ташкилот сифатида режаларимизни бекитмоқчи ҳам эмасмиз. Режаларимиз қуйидагича.

Анъанавий савол – Нима қилиш керак?


1. “Бирлик” Партиясини рўйхатдан ўтказиш жараёнини охирига етказишимиз керак. Масаланинг моҳиятини яхши билмайдиганлар учун айтмоқчиман, партиямизнинг ҳуқуқ ҳимоячилар қаноти бўлмиш “Эзгулик” жамиятининг рўйхатдан олинишига АҚШнинг энг юксак доирларидаги мулозимлари ҳам ишонишмаган ва ишонишмаганларини менга шахсан айтишган эди. Аммо, “Эзгулик” рўйхатдан ўтди. “Бирлик” ҳам ўтади.

2. Мухолифатни “Бирлик”да бирлаштириш керак, бошқа йўл йўқ. Россия, Украина, Озорбайжон каби мамлакатларнинг мисолида ҳам кўриб турибмизки, бир-биридан фарқи бўлмаган демократик ташкилотларни коалицияларга бирлаштиришнинг перспективаси йўқ. Чунки, лидерчаларнинг амбициялари бунга йўл бермайди. Демак, амбицияли лидерчаларни четлатиб, ҳаммани бугун энг кучли бўлган ташкилотда, яъни “Бирлик”да бирлаштириш керак.

Биз "Бирлик"нинг қурултойини ўтказиш ҳаракатларини давом эттирмоқдамиз. Ҳозирги режамизга кўра, "Бирлик"нинг қурултойи Ислом Карим АҚШга келадиган куни бўлади. Мен ўзим унда қатнашаман. Аммо, бошқа политехнологияларимиз ҳам тайёр.

3. Бугун мухолифатнинг келажаги учун муҳим бўлган икки омил бор – ошкоралик ва молиявий масала. Биз бу икки масалани бирлаштириб, “Юзга юз минг!” кампаниясини олиб бормоқдамиз.

Бир тарафдан, ўзбек халқини дунё ва мамлакатимиздаги хабарлар билан таништириб борувчи, айни замонда, демократия ва “Бирлик”ни реал фактларга таяниб пропаганда қилувчи “Ҳаракат” ахборот агентлиги яратмоқдамиз ва юрт ташқарисидаги ўзбек диаспорасини ўзбек тилидаги ягона ҳақиқий ва замонавий ахборот агентлиги бўлмиш “Ҳаракат” атрофида бирлаштириб, иккинчи тарафдан, юртимизда демократияни олға суриш ишига ҳомийлик/спонсорлик қилиш анаъаналарини яратмоқдамиз.

Бу иш осон эмас, аммо аминманки, буни қиламиз. Билмаганлар учун эслатмоқчиман, ўзбеклар митинг сўзидан ҳам қўрққани учун, 1988 йилда ўзбекларни биринчи марта митингга чақирганда, Ленин майдонида ўтказилиши керак бўлган митингни мажлис деб атагандим. Ҳозир ўзбек жамияти ибтидоийликдан чиқмоқда, уни ҳомийлик анъаналарига ҳам ўргатамиз. Чунки, демократининг келажаги шу – халқдан озиқланган сиёсий партиялар яратиш. “Бирлик” Ўзбекистондаги биринчи сиёсий ташкилот эди, у халқ томонидан озиқлантириладиган биринчи партия ҳам бўлади.

4. “Бирлик” рўйхатга ўтгандан кейин бўладиган биринчи президент ва парламент сайловларида биз ғалаба қозонамиз. Менинг ҳали биронта башоратим пучга чиққан эмас, буниси ҳам чиқмайди. Чунки, мен фол очаётганим йўқ, реалликдан келиб чиқиб гапирмоқдаман. “Бирлик”нинг 1989 йилдаги афсонавий митинглари ва мухолифатни учинчи марта оёққа турғазиш учун ишлатаёган политехнологияларимиз телеэкранлар орқали ўзбекларга кўрсатилгандан кейин, бизнинг ғалабамиз йўлида ҳеч қандай тўсиқ бўлиши мумкин эмас. Чунки, шундай политехнологиялар билан халқимизни фаровонлик ва эркинликка қовиштиришимизга ҳаммани ишонтироламиз.

5. “Бирлик” ўз ичида бирлигини ҳам йўқотмаган Ўзбекистондаги ягона демократик мухолифат ташкилотидир. Аммо, ҳар қандай кенг даргоҳда бўлгани каби, бизда ҳам баъзи салбий воқеалар бўлди. Асосан тушунмовчилик, воқеаларни тўғри баҳолай олмаслик, сиёсий тажрибасизлик, баъзида эса, менинг ҳам қизиққонлигим туфайли бўлса керак, баъзи сафдошларимиз “Бирлик”нинг фаолиятидан четда қолдилар.

Мен ҳозир уларга – Дадхон Ҳасанга, Исмоил Дадажонга, Баҳром Ҳамрога, Собитхон Устабойга, Набибулла Норбўтага, Улуғбек Ҳайдарга, Зафармирзо Исоқга, Рафиқжон Ғанига мурожаат қиламан: эр-хотин жанжаллашиб қолганда маҳаллаларда айтиладигандек, “гина-кудуратни унутишга” эмас, эски хатолардан тўғри хулосалар чиқариб олға кетишга, Ўзбекистонни ҳаммамизнинг иштирокимизда мустақилликка олиб келган “Бирлик”нинг ниҳоий ғалабасига ҳам биргаликда эришиш учун бирга бўлишга чақираман.

* * *


Оллоҳ ёрдамчимиз бўлсин, бизга баракат берсин. Зеро, Оллоҳдан баракат - биздан ҳаракат.

2009 йил 27 декабрь