04:01 - Адвокат Руҳиддин Комиловнинг «Эзгулик» фаоли Дилмурод Саййиднинг судидаги ҳимоя нутқи
Хақиқатга тик қараш, қуёшга тик қараш билан баробардир!
(Руҳим)

Ҳурматли раислик этувчи ва халқ маслаҳатчилари!

Ҳурматли ҳамкасблар ва аҳли жамоа!

Мана бугун совун кўпигидек шиширилиб, йўқдан бор қилинган “катта” бир ишнинг кичик бир хотимасига етиш мақсадида енг шимардик. Ўтган бир неча ой мобайнида ҳаммамиз ўзимизча ҳақиқат изладик. Ҳамма дунёни ўзининг бузуқлиги орқали кўради деганларидек, ўзимизча ушбу ишга разм солдик ва мушоҳада қилдик. Табиийки, шу жараёнда барчанинг ўзига “хос” ва “мос” фикрлари шаклланди. Воажабки, кимдир “совун кўпигини” ёрилмаслигидан, кимдир эса уни парча-парча қилиб ташлашдан манфаатдордир. Лекин шуни эсдан чиқармаслигимиз керакки, ушбу манфаатдорлик йўлида адоват тўшагига эмас, балки адолат ёстиғига бош қўйилмоғи лозимдир. Наинки бу моддий дунёда бир-биримизга адоват кўзи билан эмас, аксинча, адолат нури билан қарашимиз керакдир.

Ҳимоянинг ҳам бу борада ўз манфаатдорлиги мавжуд бўлиб, “сохта айбловлардан” фарқли равишда, ушбу манфаатдорлик холислик тамойилларини бош мезон деб билади. Биз бир қанча вақт мобайнида талашдик-тортишдик, иш материалларини таҳлил қилдек. Шунинг натижаси ўлароқ “Дилмурод Саййид ўзи ким? деган савол туғилади.

Ҳақиқатдан Д.Саидов кимки, ушбу кунда панжара ортида, қора курсида ўтирибди?
Д.Саидов кимки, унга шунчалик “иззат-икром” кўрсатилиб, унинг хизматлари бир қанча моддалар доирасида “мукофотланмоқда”?

У нима “каромат” кўрсатдики, шундай “ҳурмат-эҳтиром”га лозим топишса?

Қайси хизматлари учун унга ЎзР ЖКнинг165-моддаси 2-қисмидаги “Товламачилик, яъни жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёки жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) кўп миқдорда;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилиш:
Ушбу модданинг 3-қисмидаги:
а) жуда кўп миқдорда содир этилиш;

ЎзР ЖК.нинг 228-моддаси 2-қисми «б” бандидаги:
Сохталаштирувчининг ўзи ёки бошқа шахс фойдаланиши мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатлар тайёрлаши ёки расмий ҳужжатларни қалбакилаштириши ёхуд бундай ҳужжатларни сотиши, шундай мақсадаларда корхона, муассаса ёки ташкилотнинг қалбаки штамплари, муҳрлари, бланкаларини тайёрлаши ёхуд сотиши:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилиши;

Ушбу модданинг 3-қисмидаги:
Ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш каби жиноятлар доирасидаги айблов “елим”дек ёпиштирилмоқда?

Нега энди унга образли қилиб айтганда, “Мозорнинг ёнидан ўтса, ўлик йўқолади”, деган нақлдан келиб чиққан ҳолда айблар чапланмоғи керак?

Нима кўп юртимизда, савол кўп, бироқ жавобсиз, деганларидек бу борада кўплаб саволларни пайма-пай келтириш мумкин.

Ҳақиқатдан Д.Саидов ўзи ким-у, сохта айбловларнинг ирмоқлари қаердан пайдо бўлган?
Д.Саййид ҳам сиз ва бизга ўхшаган оддий, лекин элу-юрт, Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган журналист, шоир, ижодкор. У ўзининг қайноқ ижоди билан нафақат она-Ўзбекистонзда, балки яқин ва олис хорижда ҳам мухлису-мухлисаларига эгадир. У ўзининг ўткир қалами билан биз билган ва билмаган иллатларни қўрқмасдан матбуот саҳифаларида ёйиқлай билган довюрак журналист. У маддоҳлик ва мунофиқликдан жирканган ўзбек журналистикасининг ВИЖДОНИ! У ўзгаларга ўхшаб бефарқ, лоқайд бўла олмайди. Қайси бир аллома айтган экан: “Мен Ватаним ҳақида ёлғон гапира олмайман, чунки уни севаман”. Унинг аввал ўзбек матбуоти, кейинчалик иложсизликдан ИНТЕРНЕТ оммавий ахборот воситаларида чоп этилган мақолалари кимларгадир ёққани, кимларнидир жаҳл отига миндиргани ҳеч кимга сир эмас. Ўзбек матбуотида порлаган “Адвокат-пресс” газетасида 2005 йилда Д.Саидов томонидан чоп этилган “Йўқ ҳақида бадиҳа” мақоласи ушбу айбловларнинг ирмоқлари, десак адашмаган бўламиз. Айнан ушбу мақоладан сўнг Д.Саидовга бошланган тайзиқлар бир лаҳза ҳам тўхтамай давом этиб, унинг мантиқий маҳсули сифатида ҳозирда кўрилаётган ишнинг пайдо бўлиши барчага булоқ сувидек тиниқ кўриниб тўрибди. Бировларнинг мусиқасига ўйнашни эп билмаган Д.Саидов кейинги пайтда Самарқанд вилоятидаги, фуқароларнинг, фермерларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатларини фаол ҳимоя қилиб, бир қанча ижобий ишларни амалга оширишга эришган эди. Бунинг яққол мисоли сифатида Самарқанд шаҳар “Дўстлик” маҳалласи раиси Б.Раимовнинг ушбу маҳалла ҳудудида жойлашган 32-мактабга тегишли 0,50 гектар ерни ўзгалар томонидан ноқонуний ўзлаштириб олинганлиги, Д.Саидов аралашувидан сўнг бу иш ижобий ҳал бўлганлиги тўғрисидаги маълумотномасини келтирсак бўлади. Шунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бу билан у кимнидир ғашига теккан, кимнингдир “думини босган” бўлиши мумкин. Ахир маърифат ўчоғи бўлмиш мактаб ерини ўзлаштиришга унча-мунча одамларнинг ҳадди сиғмайди-ку ахир.

Д.Саидовга қўйилган айбловларни таҳлил қилар эканмиз, улар ўзини-ўзи инкор этганининг гувоҳи бўласан киши.

Эмишки, Д.Саидов 2004 йил май ойида “Ўзбекистон” ширкат хўжалиги раиси вазифасида ишлаб келаётган С.Боймуродовни собиқ раис В.Хўжақуловдан 5.000 АҚШ доллари беришини, олиб бермаган тақдирда, унинг устидан ҳам ариза-шикоятлар уюштириш, сир сақланадиган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитган, пул берилмагач эса, “Адвокат-пресс” газетасида уни обрўсига путур етказувчи мақолалар чоп этган.

Биринчидан, 2004 йил май ойида ҳали “Адвокат-пресс” газетасига ҳеч ким “ҳомиладор” ҳам бўлмаган ва у табиийки дунё юзини кўрмаган ҳам эди.

Иккинчидан, нима учун С.Боймуродов В.Хўжақуловдан 5.000 доллар олиб бериши керак? Қайси аҳмоқ иш бўйича ортиқча гувоҳни кўпайтиради? Нега энди Д.Саидов бор-йўғи бир марта кўрган кишиси С.Боймуродов орқали кимдандир пул олиши керак?

Қолаверса, В.Хўжақулов қайси “гуноҳи” эвазига Д.Саидовга шунча пул беришга мажбур?

Ширкат хўжалигининг қандай сирларини бу ерга бор-йўғи бир марта келган Д.Саидов биладики, уни ошкор қилиш билан қўрқитса?

Умуман ширкат хўжалигида қандай сир сақланувчи маълумотлар борки, уни ошкор этилишидан кимлардир қўрқса?

Қолаверса, нега энди амалдаги раис С.Боймуродов собиқ раис В.Хўжақулов учун жавоб бериши керак?

Нега энди жаноби “жабрланувчи” С.Боймуродовнинг хотирасига Д.Саидов бундан тўрт йил аввал пул таъма қилгани келиб қолди?

Нега шунча пайтгача у бу борада миқ этмаган эди?

Ахир ҳеч ким уни оғзига “тушов”, қўлига кишан солмаган-ку?

Ахир унинг тўрт йил мобайнида керакли ташкилотларга минг бир марта мурожаат қилишга имкони бор эди-ку?

Қаранг-а, Д.Саидов-ку тажрибали, машҳур журналист, лекин шундай айбловни А.Пўлатовга қўйишиб, ўз исмини “зўрға ёзадиган бир тракторчини” 2004 йил май ойида “Адвокат-пресс” газетасида мақолалар чоп этди, деганини қандай изоҳласа бўлади?

Шунга ўхшаш саволлар бу айбловнинг нечоғлик мантиқсизлигини исботлаб беради. Ушбу телба-тескари айбловни суд муҳокамаси даврида сўроқ қилинган бечора “жабрдийдалар” ҳам ўзларининг кўргазмалари билан йўққа чиқаришди.

Жумладан, С.Боймуродов Д.Саидов билан бор-йўғи бир марта учрашгани, ҳеч кимга пул бермаганини, дуч келган биринчи одамга ишонмаслигини, ўша пайтда жиноят содир этилмагани туфайли ўз ҳоҳиши билан ҳеч қаерга мурожаат қилмаганлигини билдирди.

В.Хўжақулов эса Д.Саидовни судга келиб таниганини, Д.Саидов унинг обрўсини тўкадиган мақолалар ёзмаганини, ундан ҳеч ким пул сўрамаганини, аксинча, Д.Саидовнинг у ҳақида ёзган мақолаларидан кейин мартабаси юксалиб, ҳокимнинг 1-ўринбосари даражасигача етганини ва «Шуҳрат” ордени олганини, ҳеч кимдан ҳеч қандай жабр кўрмагани, ўзини жабрланувчи деб билмаслиги борасида тўлиб-тошиб таъкидлаб ўтди.

Шундай экан, Д.Саидовга ёлғон айбловни тақиш эмас, балки тўн кийдириш лозим эмасмикин? Ахир унинг шарофати билан “жабрланувчи”нинг мартабаси шунча кўтарилган ва орден олган бўлса!!!

Дастлабки тергов органи томонидан Д.Саидов ва С.Боймуродов ўртасидаги юзлаштириш жараёни видеотасвирга олинган бўлиб, ушбу видеотасвир суд тергови даврида намойиш қилинганда, деярли 70 фоизи дастлабки тергов органи томонидан “суннат” қилиниб, олиб ташланганлиги бу ҳолатга ҳушёрлик кўзи билан қарашимизга ундайди. Наинки шундай ҳолат Д.Саидов ва “гувоҳлар” Эгамбердиев Р, М.Абдуназаров, А.Раҳмонов ўртасида бўлиб ўтган юзлаштириш жараёнини ўзида акс эттирган видеотасмаларга ҳам боғлиқдир. Нега энди тергов органи ушбу видеотасмалардаги баъзи бир ҳолатларни “суннат” қилиб олиб ташлаган? Бундан мақсад нима? Бундан кўзланган мақсад, нима қилиб бўлса ҳам ишни “юмалоқ ёстиқ” қилиб олиб чиқиш, авратини “лунги” тутиб беркитиш бўлган.

Айбловнинг “ажойиб ва ғаройиб” бошқа бир иддаосига кўра, Д.Саидов гуёки “жабрдийда” А.Ўринбоевдан 10.000 долларни ўз шериклари М.Жўраева, А,Пўлатов, Т.Эргашев билан товлашда ҳам айбланади. “Жабрдийда” А.Ўринбоевнинг иддаосига кўра, юқоридагилар Д.Саййид бошчилигида турли ташкилотларга унга нисбатан ариза ёзиш, қаматиб юбориш ва обрўсизлантириш билан қўрқитиб, фуқаро М.Жўраева орқали 15.000 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти талаб қилган.

Қаранг-а, қанчалик калтабинлик!!!

Ахир шунча ёз-ёздан кейин В.Хўжақулов қамалиш ўрнига мартабаси ошиб, орден олган бўлса-ю, бу одам эса нолиб ўтирса!!!

Ахир шунақа ёз-ёзлардан кейин ким қамалган эдики, у қамалса?

Ахир унинг 15.000 АҚШ доллларига арзийдиган қандай айби бор эдики, ундан қўрқса?

Ахир қаматишга лойиқ не синоат, иллати борки оёғи қалтираса?

Ахир обрўсини оёқости қиладиган пасту-баланд не жумбоқлар борки, уни ўзгалар билса?

“Жабрдийданинг” ушбу иддаоларидан келиб чиқиб, аввал М.Жўраева, сўнг Д.Саидов ва бошқалар ушланган. 2009 йил 24 февралдаги Д.Саидов ва М.Жўраева ўртасида ўтказилган юзлаштириш жараёнида, М.Жўраева “Д.Саидов А.Ўринбоев билан умуман пул ҳақида гапирмаганлиги”ни, 2009 йил 22 февралда “Юлдуз” ресторанида А.Ўринбоев М.Жўраевага 10.000 доллар берганини, М.Жўраева эса ўз навбатида пулни И.Маҳмудовга берганлигини, И.Маҳмудов пулни чап чўнтагига солиб қўйганлигини, Марғуба Жўраева 3 пиёла, қолган икки эркак – А.Ўринбоев ва И.Маҳмудов эса 5 пиёладан ароқ ичганлигини, кейин М.Жўраева нима бўлганини эслай олмаслигини, маст ва хаёли жойида бўлмаганлигини, шу ҳолатда уни сўроқ қилишганини ва қўрққанидан, босимлар остида “Д.Саидов 13.000 доллар сўради” деб кўргазма берганини, аслида бундай бўлмаганлигини урғулаб ўтган. Шунга ўхшаш кўргазмани М.Жўраева суд залида ҳам такрорлаб, бу ишни И.Маҳмудов билан биргаликда келишиб амалга оширганини, олинган пулнинг тенг ярмида И.Маҳмудовнинг улуши борлиги туфайли ресторанда пулни унга уйга борганда оларман дея берганлиги ва И.Маҳмудов пулни олганлигини, кўп марта ушбу масалада И.Маҳмудов билан қўнғироқлашганини ёйиқлаб ўтди. Дастлабки ва суд терговида сўроқ қилинган И.Маҳмудов эса пулни ҳақиқатдан М.Жўраевадан олганлигини, М.Жўраева пулни бера туриб уйига борганда олишлигини айтганини, А.Ўринбоев пулни олганини кўриб қолиб “Қайтариб бер” дегандан кейин қайтариб берганини баён айлади. Бечора “жабрдийда” А.Ўринбоев ҳам дастлабки ва суд терговида пулни М.Жўраевадан И.Маҳмудов олгани ва кейин унинг гапи билан қайтариб бергани борасида фикри ожизини баён этган. Табиийки шу ўринда қуйидаги саволлар қуйилиб келади:
Дейлик, ушбу пуллар Д.Саидовга “аталган” экан, нима учун М.Жўраева уни И.Маҳмудовга бермоқда, ҳамда И.Маҳмудов пулни мамнуният билан қабул қилмоқда?

Дейлик, И.Маҳмудовни М.Жўраевадан пулни олганлигини А.Ўринбоев кўрмай қолганда, пулнинг ҳаракат йўналиши ва иш хотимаси қандай бўларди?

Шунча гап-сўздан кейин, А.Ўринбоевнинг ҳолатини беш қўлдек билган, ҳамма нарсадан воқиф И.Маҳмудов нима учун М.Жўраевадан пулни олган ва чап чўнтагига солиб қўйган?

Нима учун И.Маҳмудов пулни А.Ўринбоев қайтариб бер, дегандан сўнггина М.Жўраевага қайтариб берган?

Нега ҳамма нарсадан воқиф ҳолда пулни олган, қайтариб беришни эса ўйламаган?
Нега пулдан унинг қўл излари чиқмаган?

Нега пул М.Жўраевадан эмас, аксинча, кимгадир тегишли автомашина салонидан олинган?

Ушбу “Нексия” русумли автомашина кимга тегишли?

Дейлик, пуллар Д.Саидовга аталган экан, нега унга етиб бормаган?

Ахир мақсад Д.Саидовни ушлаш эдику!!!

Мабодо Д.Саидов пул таъма қилган бўлса, бу операцияни Тошкентда ниҳоясига етказиш мумкин эди-ку!!!

2-жилд 61-бетдаги магнит тасмасига ёзиб олинган сўзлашувлар баённомасидаги бир нотаниш аёл ва эркак суҳбатини таҳлил қилсак ҳам, бу сўзлашувларнинг аксарият қисмида Исроил номи 4 марта, Дилмурод номи эса бир марта тилга олинади. Лекин Дилмурод номли шахсга нисбатан конкрет ҳеч қандай кўргазма берилмайди. Аксинча, эркак аёлга ишончсизлик билдиради. Кейин эса қандайдир Дилбар деган аёл билан боғлиқ олди-бердилар, муносабатлар ҳақида сўз кетади. Шу ўринда ўринли бир савол пайдо бўлади.

1. Авваломбор бу овозлар кимга тегишли?
2. Нега бу овозларнинг кимга тегишлилиги борасида экспертиза ўтказилмаган?
3. Бу овозлар нимада, қачон ва қандай усулда ёзиб олинган?

Иш материалларидан келиб чиқадиган бўлсак, ДИКТОФОН мосламаси “жабрдийда” А.Ўринбоевга “товламачилар” гапини ёзиб олиш учун 18.02.09 берилган (1-жилд 7-бет) ва 20.02.09 йилда қайтариб олинган (1-жилд 8-бет). “Жабрланувчи” А.Ўринбоевнинг суддаги кўргазмасига биноан эса, уч марта диктофон олган. Биринчи 18.02.09 олган диктофонни шу куни қайтариб берган. Пул берилган 2009 йил 22 февралида ҳам А.Ўринбоев диктофон олган. Хўш у агарда Д.Саидов билан учрашувда ҳам, М,Жўраева билан учрашувда ҳам ёнида диктофон билан “қуролланиб” ўтирган бўлса, ушбу диктофон ёзувлари қайси “гўрга” йўқолган? Нега бу ҳолат қонуний расмийлаштирилмаган?

“Жабрланувчи”нинг айтишига қараганда, М.Жўраева билан 13.000 доллларга келишган ҳолда аризасида 15.000 долларни кўрсатишини қандай тушунса бўлади?

Нега иш материаллари бўйича у бир марта диктофон олган, кўрсатмаси бўйича эса уч марта олган?
Бечора “жабрдийда” А.Ўринбоевнинг кўрсатишича, 2009 йил 18 февралдаги “Юлдуз” ресторанида Д.Саидовни пул борасида бирор нарса айтишини роса пойлаган, лекин Д.Саидов пул ҳақида умуман гапирмаган, аксинча, ўз аризасини ёзиб, ими-жимида ишдан кетишини айтган. Ваҳоланки, А.Ўринбоевнинг мўлжалига кўра, шу куни пул миқдори бўйича “бозор” бўлиши керак бўлган. “Бозор”нинг ўрнига эса Д.Саидов унга ишдан кетишини айтган. Нима шу ҳолат товламачиликми?
Д.Саидов билан “жабрланувчи” бор-йўғи икки марта 6 ноябр 2008 йил ва 2009 йил 18 февралда учрашган ҳолда 2009 йил 17 февралда “пул таъма қиляпти” дея шикоят беришини қайси моддий ва процессуал нормалар доирасида изоҳлаш мумкин?

Ваҳоланки Д.Саидов 2009 йил 18 февралигача “жабрланувчи” билан умуман кўришмаган бўлса?
Нима, “жабрланувчи”А.Ўринбоев Д.Саидов билан ғойибона мулоқотда бўлганми?

Бу ёлғонларнинг чеки борми ўзи!!! Д.Саидовнинг “жабрланувчи” А.Ўринбоевдан умуман пул сўрамаганини, бу ҳақда умуман гап-сўз ҳам бўлмаганини, узил-кесил ишдан кетасиз, деганини, “жабрланувчи” 2008 йил 6 ноябрдаги учрашув чоғидаги қўполлиги учун Д.Саидовдан узр сўраганини унинг яқин “ҳамтовоғи” И.Маҳмудов ҳам тасдиқлаб турибди-ку!!!

Айбловнинг навбатчи моддаларидан бири бўлмиш ЖКнинг 228-моддасига келадиган бўлсак, бу ҳам мағзи йўқ пуч ёнғоқдан бошқа нарса эмас. Баъзи бир “анқонинг тухуми”га ўхшаб топилмайдиган “фермерлар” гарчанд “Биз оқ қоғозга имзо чекканмиз, хўжалик фаолиятига оид ҳеч қандай шикоятлар битмаганмиз”,- дея “ўжар бузоққа” ўхшаб оёқларини ерга маҳкам тираб олган бўлсалар-да, уларнинг сафсаталари иш материалларидаги 23 фермернинг Самарқанд вилояти прокурорига ёзган шикояти ҳамда гувоҳ фермерлар Р.Эгамбердиев, М.Ёқубов, Р.Рустамовнинг дастлабки тергов ва судда берган кўрсатмалари билан йўққа чиқарилди.

Ушбу «туҳмат анатомияси”нинг дебочасии бўлмиш Жомбой туман ИИБ ТБ катта терговчиси О.Тоҳиров томонидан юритилган иш материаллари ҳам сохталаштирилган. Ушбу №277-сонли “Фаровон ҳаёт йўли” ММТП мансабдор шахсларига нисбатан жиноят ишини қўзғатишни рад этиш, иш материалларининг 32-иш варағида Б.Сафаровнинг А.Ўринбоев шахсий фойдаси учун ундан 700.000 сўм сўрагани, 92-иш варағида А.Ўринбоев А.Раҳмоновнинг тракторга сарфлаган 600.000 сўм харажатини бермагани, буғдой йиғимида “Техника бермайман”-деб 1200 кг буғдой олгани, сомонни йиғиштирган тракторчига 120.000 сўм бергани; 2008 йил июлида металлом учун А.Ўринбоевга 84.000 сўм берганлиги тўғрисидаги кўрсатмалар бўлса-да, атайлаб бу ҳолатларга терговчи О.Тоҳиров томонидан ҳуқуқий баҳо берилмаган. Бундан ташқари 360-иш варағидаги А.Ўринбоевнинг “Мени ҳеч кимга даъвоим йўқ” мазмунидаги 26.01.08 санада битилган ҚАРШИ АРИЗАСИ 08.01.08 сана 1-У номер билан кирим қилинган. Суд мажлисида сўроқ қилинган А.Ўринбоев эса бу имзо унга тегишли эмаслиги борасида кўрсатган. Бундан кўриниб турибдики, барча иш материаллари ушбу терговчи томонидан сохталаштирилган ва ММТП мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатишни рад этиш борасида асоссиз қарор чиқарилган.
Биз ўтганлардан, ўлганлардан қаҳрамон ясашга устамиз. Аввал “халқ душмани”га чиқариб, сўнгра халқ қаҳрамонига айлантирамиз. Уларга атаб қасидалар битамиз, руҳсиз ҳайкаллар ясаймиз. Тириклигида турткилаймиз-у, ўтганидан сўнг эса унга тиргович бўлганимиз ҳақида бетимиз қизармай, сафсата сотамиз. Ҳақиқатни айтишга келганда, тилимиз танглайида қотиб, бунга “замон”ни айбдор қиламиз.

“Замоннинг айби” билан Чўлпонлар отилса, Қодирийлар осилса, минглаб ватандошларимиз кафансиз кетса-да, кўзимиз кўр, қулоғимиз кар, томошабин бўлдик.

“Замонанинг айби” билан бутун бир миллат, халққа «порахўр” тавқи лаънати ёпиштирилиб, кичигидан каттасигача авахтага тиқилиб, тажриба остидаги қуёнга айлантирилса ҳам кўзимиз кўр, қулоғимиз кар томошабин бўлдик. Ўзингники ўзагингни узади деганларидек, томошабин бўлмаганларни жаллод болтасига тутиб бердик.

Мана бугун ҳам миллат, халқ, ватан тақдирига бефарқ бўлмаган яна бир ўзбек зиёлисининг аччиқ қисматига томошабин сифатида қараб турибмиз. Балки замон келиб Дилмурод Саййид ҳам юқоридагиларга ўхшаб “халқ душмани”дан халқ қаҳрамонига айланар!!!. У ҳақида достонлар битилар!!!. Ҳайкаллар қўйилар!!!. Лекин руҳсиз ҳайкалга шунча иззат-икромни ҳожати бормикин!!!. Наҳотки соғлиқнинг қадрига етиш учун уни йўқотиш, тирикнинг қадрига етиш учун эса уни ўлдириш керак!!!. Гап “айдор замона”дамикин ёки ўзимизда?.

Д.Саидов қуруқ туҳмат балосига учраб, қайси дарёнинг қайси қирғоғини ушлашни билмай оқиб кетмоқда, унга томошабин сифатида қараб ўтиришга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Қолаверса, муқаддас китобларда «Охиратда шундай бир тегирмон тоши борки, унда ноҳақ ҳукм чиқарган қозиларнинг боши янчилади” дея бежиз айтилмаган. Ушбу маъсулият ҳаммамизга ҳам тааллуқлидир. Менимча, дастлабки тергов органи томонидан йўл қўйилган яна бир қанча қонунбузарлик ҳолатларини таъкидлаб ўтишга ҳожат бўлмаса. Негаки, баён қилинганларнинг ҳаттоки бир қисми ҳам ушбу айбловни бекор қилиш учун етарлидир. Юқоридагилардан келиб чиқиб, адолат тамойилларига суянган ҳолда

С Ў Р А Й М А Н :

Судланувчи Д.САИДОВга нисбатан ОҚЛОВ ҲУКМИ чиқарилишини сўрайман, чунки у қамоқдек “ЮКСАК СИЙЛОВ”га сазовор эмасдир!

“Малакасиз” адвокат Руҳиддин Комилов

Сайт маъмуриятидан: Руҳиддин Комилов "Бирлик" Партияси Марказий Кенгашининг аъзосидир.