02 March 2023
03:10 - Юсуф Жума: ҲАҚИҚАТ ҲАҚИДА ҲАҚИҚАТЛАР…


Шундоқ бир қилмишлар борки,
Кўп ноўрин ишлар борки,
Бир ерда жиноят бўлса,
Бошқа ерда саодатдир.
Лекин ҳақиқатни сўйлаш
Барча ерда жиноятдир.

Қайдадир Тангрининг дини
Топталади - разолатдир.
Қайдадир қораланади,
Қайдадир эрк - адолатдир.
Фақат ҳақиқатни сўйлаш
Барча ерда жиноятдир.

Дема сенинг сўзинг - ёлғон,
Чинни битдим, жоним омон.
Демак, чинни сўйламабсан,
Чин - тубсизлик остида кон.

Тангрига етишдай қийин,
Оқиллар етолмайин қон.
Юзаки чинларни сўйлаб,
Ҳар ким ўзича қаҳрамон.

Юзаки чин - юзаки эрк,
Не - не тузумлар учун кўрк.
Чинакам чин - чинакам эрк
Тангридан ўзга ерда йўқ.

Юзаки ҳақ ҳам ер юзи
Узра танқис - саодатдир.
Чиндан чинни сўйлаш - Чиндан
Бошқа ерда жиноятдир.

Одамзот эси қанчалик
Сайёз бўлса, чин шунчалик
Чуқурда - чуқурдан чуқур -
Ор - номусчалик - Чинчалик!!!

Одамзот эсим бор деган
Энг эси паст жонзот тури.
Оққушлар чексиз вафодор,
Вафодорман дерми бири?!

Нечун бундоқ очун қурди,
Улуғ Тангри - буюк эсли?!
Инсон унга қарши юрди,
Нодон, қўрқоқ, юмиқ кўзли.

Тентакликдир қутуришнинг
Енгил тури - билиш енгил.
Нодонликдир қутузликнинг
Оғир тури - билинмас,бил.

Демократия надир -
Чиройли кийинган зулм.
Диктатура нима - илға -
Қип яланғоч зулм - тузум…

Юзаки чин ҳам ер юзи
Узра танқис - саодатдир.
Чиндан чинни сўйлаш - Чиндан
Бошқа ерда жиноятдир.

2023 йил, 1 март.

* * * * *

Тангрим, кўп имконлар - кўп йўллар бердинг,
Орасида яша деб гўллар бердинг.

Аҳмоқлар ичида яшаш - имконим,
Қўрқоқлар ичида яшаш - имконим.

Эшак галасига сайроқи бўлдим,
Кўршапалакларнинг байроғи бўлдим.

Сотқинлар ичида куймоққа қанча
Йўллар бўлса бердинг - йўли кўп мунча?!

Жонни бор балога қўйдинг қантариб.
Бердинг неки имкон - олгин қайтариб.

Ўчдан бошқа ерда эрк йўқ, эрк бер, Бир,
Менга қириб ташлаш имконини бер!!!

2023 йил, 1 март.