18 September 2019
15:02 - Ҳаммаёқ масхарабозлик: Бизда январь-август ойларида 3,9 млрд долларлик олтин экспорт қилинганмиш, шунга ишонадиган аҳмоқ борми? Нима қилиш керак?

Давлат Статистика Қўмитаси маълумотларига асосланиб тарқатилдаётган хабарларда айтилишича, Ўзбекистон 2019 йилнинг январь-август ойларида 3,9 миллиард долларлик олтин экспорт қилганмиш. Бунақа аҳмоқона маълумотга ишониш ёки ишонмаслик учун, Ўзбекистоннинг ҳақиқий аҳволини билиш керак.

Маълумки, Ўзбекистоннинг Давлат Бюджети 2018 йилда 8 миллиард доллар атрофида эди. 2019 йил учун Давлат Бюджети эълон ҳам қилинмади. Аммо, ўз-ўзидан тушунарлики, 2019 йилнинг Давлат Бюджети ҳам яна 8 миллиард доллар атрофида.

Қаранг Давлат Бюджети бор-йўғи 8 миллиарда атрофида экан, бу йилнинг 8 ойида 3,9 миллиард долларлик олтин экспорт қилинганига, яъни сотилганига ишонадиган аҳмоқ топиладими? Минг афсуски, бизда ўз фуқароларимзга тўлиқ маълумотлар берилмайди, халқни ёлғондакам рақамлар билан лақиллатиш давом этаверади ва давом этмоқда.

“Ҳаракат” Агентлиги Ўзбекистон дунёнинг энг кўп олтин (бир йилда тахминан 100 тонна) қазиб оладиган давлатларидан бири бўлса ҳам, бизда шунча олтин қаерга кетаётгани ҳеч айтилмаслигини айтиб, олтиннинг асосий қисми ҳали ҳам Россияга текинга берилаётганини тахмин қилганимиздан кейин, Давлат Статистика Қўмитаси ишониб бўлмайдиган рақамлар эълон қилишга бошлади.

Айнан бугун яна ўша Давлат Статистика Қўмитаси 2019 йилнинг январь-август ойларида ташқи савдо айланма ҳажми 28,4 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, 7,9 млрд АҚШ долларига ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 38,6 %га ошганини маълум қилди. Шу рақамларга ишонадиган ўзбек борми? Минг афсуски, бу саволга жавоб йўқ, чунки, ўзбеклар бунақа нарсалар билан қизиқмайди ҳам. Уларнинг уйи бузиб ташланганидагина бироз тўпалон қилишади, кейин яна қисиб юраверишади.

Шундай экан, аввалари ҳам кўп марта айтганимиздек, Ўзбекистонимизда ФУНДАМЕНТАЛ сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш керак, тўғрироғи, ШАРТ.

Фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни, ҳукуматни, оммавий ахборот воситаларини янгилаш, ҳақиқий ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётади.

Фундаментал молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё жинояткорона қўйган тўсиқларни олиб ташлаш ғояси борлигини урғулаш ҳам муҳимдир.

Бундай фундаментал ислоҳотларни амалга ошириш учун тажрибали давлат арбоби, аввалги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимни жойига қайтариш керак.

Ўта мураккаб ва қоришиқ бўлган фундаментал ислоҳотларни “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партияларнинг иштирокисиз мавжуд режимнинг ўзи қилолмайди. Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиё “Толибон” каби террорист ташкилотлар билан эмас, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси билан музокаралар олиб бориш ва бирга ишлашни ўйлаши керак.