12 September 2019
08:14 - Яна масхарабозлик: Шавкат Мирзиё кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказибди. Катта бизнес билан ким шуғулланади?
Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг бош қўғирчоқ оммавий ахборот воситаси ЎзА хабар қилишича, кеча, 11 сентябрь куни Шавкат Мирзиё кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳамда давлат бюджетига кафолатланган тушумларни таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказибди.

Узундан-узоқ хабарда пичоққа илинадиган бирон нарса йўқ. Нимамиш, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан мутлақо янги тизим яратилмоқдамиш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги кўплаб бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқдамиш.

Аслида, шунга ҳам хурсанд бўлиш керак эди. Аммо, 28 йилдан бери, унинг 25 йили Ислом Карим раҳбарлигида ва сўнги 13 йили Шавкат Мирзиёнинг Бош вазирлигида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун ҳар нарса қилинмоқда, бироқ кўзга кўринадиган натижа йўқ-ку.

Бўлмайди ҳам. Чунки, кичик бизнес билан бир қаторда йирик бизнес билан ҳам шуғулланиш керак. Ҳозирча фақат кисик бизнесга йўл берилаётгани мамлакатимизнинг фундаментал муаммоларини ҳал этолмайди. Давлат иқтисодиётининг ҳақиқий юзини йирик бизнес ўзида акс эттиради. Демак, бизда социалистик иқтисод давом этаверади, ҳақиқий бозор иқтисодиёти бўлмайди.

ЎзАнинг хабаридан олинган расмга қаранг. Йиғилиш қатнашчилар бошларини кўтармасдан Шавкат Мирзиёнинг навбатдаги масхарабозлик руҳида ўқилаётган лекциясини конспект қилиш билан машғуллар.

Аслида, Ўзбекистонда ФУНДАМЕНТАЛ сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни бошлаш керак.

Фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни, ҳукуматни, оммавий ахборот воситаларини янгилаш, ҳақиқий ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётади.

Фундаментал молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё жинояткорона қўйган тўсиқларни олиб ташлаш ғояси борлигини урғулаш ҳам муҳимдир.

Бундай фундаментал ислоҳотларни амалга ошириш учун тажрибали давлат арбоби, аввалги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимни жойига қайтариш керак.

Ўта мураккаб ва қоришиқ бўлган фундаментал ислоҳотларни “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партияларнинг иштирокисиз мавжуд режимнинг ўзи қилолмайди. Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиё “Толибон” каби террорист ташкилотлар билан эмас, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси билан музокаралар олиб бориш ва бирга ишлашни ўйлаши керак.