05 September 2019
14:32 - Яна масхарабозлик: Шавкат Мирзиёни Ўзбекистон ва ўзбек халқининг ғариб аҳволи эмас, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш қизиқтирармиш

Ҳа, айнан шундай. Ҳозир Ўзбекистон аҳолисининг ўртача ойлиги ривожланган давлатлардан 30-50 баравар камлигини қуйиб туринг, ҳатто қўшниларимиз Россия ва Қозоғистондан ҳам 10 бараварча кам. Ўзбек профессорлари қозоқ дворниклари билан сал кам тенг маош оладилар. Бизда ўртача ойлик охирги 3 йилда кескин ортгани ҳақидаги гаплар ёлғондир. Шу сабабли, Ўзбекистон аҳолиси ҳозир ватандан қочишнигина ўйламоқда.

Аҳволимиз шундай экан, Президент Шавкат Мирзиё кеча 4 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказгани навбатдаги масхарабозликдир.

Эй, ўзбеклар кўзингизни очинг, бундай Президент ва унинг раҳбарлигидаги тожиклар режими билан келажагимиз йўқ. Ҳали СССР тириклигида ўзбек тилини давлат тили қилдирган, Ўзбекистонни мустақилликка қовуштирган “Бирлик” ва унинг жарчиси “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери айтиб келаётгандек, Ўзбекистонда ФУНДАМЕНТАЛ сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар бошлаш керак. Шавкат Мирзиёнинг косметик ислоҳотлари, ҳамма ишни ташлаб қўйиб, жиcмоний тарбий ва спортни ривожлантириш ҳақида ўйлаётгани, Ўзбекистон ва унинг халқига нисбатан душманча иш қилишдир.

Шавкат Мирзиёга тушунтириш керакки, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланадиган давлат органлари бор. Улардан яхши ишлашни талаб қилиш керак. Бунинг учун видеоселектор мажлиси керак эмас.

Дарвоқе, яна қайтариш керакки, мамлакатимизда бошланадишан фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида Ўзбекистонни демократиялаштириш, қўғирчоқ сиёсий партиялар ва уларнинг асосида яратилган қўғирчоқ Олий Мажлиснинг иккала палатасидан тозаланиш, “Бирлик” каби ҳақиқий партиялар иштирокида ҳақиқий демократик сайловлар йўли билан ҳақиқий парламент, ҳақиқий ҳукумат, ҳақиқий оммавий ахборот воситалари яратиш каби ғоялар ётади.

Иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, Ўзбекистонни тезроқ тўла бозор иқтисодиётига ўтказиш, хусусий тадбиркорларга катта бизнес йўлида Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё яратган сунъий тўсиқларни олиб ташлаш каби ғоялар ётиши кераклиги ақлли одамлар учун ўз-ўзидан маълум.

Шундай ислоҳотлар бошланмаса, халқ майдонларга чиқиб, тожиклар режимидан ҳақиқий иш талаб қилишни бошлайди. Биз ҳам халқни майдонларга чақирамиз. Ҳозирча эса, Ўзбекистоннинг бош майдони, яъни Мустақиллик майдони, расмда кўриб турганингиздек, ўтзорга айлантириб қўйилган. Ленин ҳайкалигининг пойдевори ҳали ҳам турибди. Шавкат Мирзиё бир неча кун аввал ўша ерга гулчамбар қўйди. Шармандалик! Бундай ишларни фақат Ўзбекистон ва ўзбек халқининг душманлари қилиши мумкин.