31 August 2019
07:31 - Бечора Шавкат Мирзиё масхарабозликдан чиқолмайди: У кеча Инновацион Ривожланиш Вазирлиги ҳузурида Ёшлар Академияси ташкил қилиш ҳақида қарор чиқарибди

Президент Шавкат Мирзиё кеча 30 август куни иқтидорли ёшларни ишбилармонлар ва етакчи олимлар билан ҳамкорликда иш юритиши учун ягона тизим яратиш ва шу асосда илм-фан соҳасида ёш кадрлар етиштириш тизимининг узвийлигини таъминлаш мақсадида Инновацион Ривожланиш Вазирлиги ҳузурида Ёшлар Академияси ташкил қилиш ҳақида қарор имзолабди.

Бундай масхарабозлик руҳидаги Ёшлар Академиясида улуғ ва самарали ишларни амалга ошириш мақсадида нималар қилиш кераклигини бу қарордан ўқиган ақли бор одам хаҳолаб кулишга ўтиши муқаррар. Балки, Шавкат Мирзиёнинг мақсади шундайдир. Шу йўл билан Ёшлар Академияси яратиш ишига киришганларнинг табиатида тўхтовсиз кулиш механизмлари шаклланишга бошлайди. Ана ундан кейин Ўзбекистонда “фан ўлди” деб эълон қилавериш мумкин бўлади.

Бундай аҳволга тушмаслик учун Ўзбекистонда “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ва унинг жарчиси “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери айтиб келаётгандек, ФУНДАМЕНТАЛ сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар бошлаш керак.

Сиёсий ислоҳотларнинг марказида Ўзбекистонни демократиялаштириш, қўғирчоқ сиёсий партиялар ва уларнинг асосида яратилган қўғирчоқ Олий Мажлиснинг иккала палатасидан тозаланиш, “Бирлик” каби ҳақиқий партиялар иштирокида ҳақиқий демократик сайловлар йўли билан ҳақиқий парламент, ҳақиқий ҳукумат яратиш каби ғоялар ётади.

Иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, Ўзбекистонни тезроқ тўла бозор иқтисодиётига ўтказиш ғояси ётиши кераклиги ақлли одамлар учун ўз-ўзидан маълум.