31 August 2019
16:30 - 1991 йил 31 август Ўзбeкистонни мустақилликка қовуштириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлган
Маълумки, Ўзбекистон ССРнинг Олий Кенгаши 1991 йил 31 август куни Ўзбекистоннинг мустақиллигини эълон қилди. Аммо, у СССРдан чиқарилмади ва мустақиллик эълон қилинган кунни нишонлаш 1 сентябрга қолдирилди. Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Чунки, 1925 йили расман мустақил давлат сифатида тузилган Ўзбекистон ССР қоғоздагина мустақил бўлгани каби, 1991 йил 31 август куни эълон қилинган мустақиллик ҳам қоғозда қолиши аниқ эди.

Аммо, 1922 йилда СССРни тузган 4 мамлакатдан 3 тасининг раҳбарлари - Россия Президенти Борис Ельцин, Украина Президенти Леонид Кравчук ва Белорусия Президенти Станислав Шушкевич - 1991 йил 8 декабрда СССРни расман тарқатиб юбориш ҳақида келишув имзоладилар ва ўшанда Ўзбекистон ҳақиқий мустақилликка эришган.

Ўзбекистон ССРнинг 1925 йилда қабул қилинган, кейин икки марта турли тузатишлар киритилган Конституциясига кўра, бизда Ташқи Ишлар Вазирлиги ва ўз ҳарбий кучларимиз бўлиши керак эди. Ташқи Ишлар вазирлигимиз номигагина бўлса ҳам ҳар доим бўлган, бироқ қуролли кучларимиз бўлмаган. Чунки, Ўзбекистон ССР, аслида, мустамлака давлат эди.

Нима бўлганда ҳам, 1991 йил 31 авгусда Ўзбекистонни мустақил давлат деб эълон қилиниши ҳақиқий мустақилликка эришиш йўлида катта қадам бўлган.

Унутмайликки, Тошкентнинг марказида расмий номи Ленин Майдони бўлган жой аввалдан бор эди, унинг марказида Лениннинг ҳайкали турарди. Ўша ҳайкал бузиб ташлангандан кейин ҳам унинг пойдевори турарверди, кейинчалик ўша пойдеворга Мустақиллик ва Эзгулик Монументи ўрнатилди.

Бугун Шавкат Мирзиё ўша монумент пойдеворига гулчамбар қўйди. Расмда ўша монументни ва унинг пойдеворига Шавкат Мирзиё қўйган гулчамбарни кўрмоқдасиз.

Вақти келади, Ленин ҳайкалидан қолган пойдевор ҳам, гўёки мустақил Ўзбeкистон давлати ташкил топган кунни хотирлаш учун ўрнатилан Мустақиллик ва Эзгулик Монументи ҳам бузиб ташланади.

Мустақиллик майдонида ўзбек тилини давлат тили қилдирган, Ўзбекистонни мустақилликка қовуштирган “Бирлик” Халқ Ҳаракатини эслатиб турадиган бошқа ҳайкал ўрнатилади. Акс ҳолда, Ўзбекистон халқи, авваламбор, ўзбек халқи - иккиюзламачилик билан ҳаёт кечираверади, Ўзбекистонимизда ҳеч қандай жиддий ижобий ўзгариш бўлмайди.

Ҳаммани Ўзбекистоннинг мустақиллик куни билан табриклаймиз.