20 March 2019
07:27 - Саудия Арабистони подшоҳи валиаҳд шаҳзодани бир қатор ваколатлардан маҳрум қилди
The Guardian газетасида эълон қилинган мақолада қуйидагилар айтилган.

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмонни баъзи бир ваколатлардан маҳрум қилган бўлиши мумкин. Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд охирги икки ҳафта давомида, иқтисодиёт ва молия соҳасидаги баъзи бир ваколатларидан маҳрум қилинганидан сўнг, подшоҳликдаги вазирлар ва дипломатик даражадаги қатор муҳим йиғилишларда иштирок этмади.

Валиаҳд шаҳзоданинг ваколатларини вақтинчалик бўлса ҳам чеклаб қўйиш тўғрисидаги қарор унинг отаси, подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд томонидан ўтган ҳафта юқори даражали вазирларга эълон қилинган экан.

Манбанинг таъкидлашича, подшоҳнинг ишончли маслаҳатчиларидан бири, яқинда миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи этиб тайинланган Мусайд Ал Айбон энди подшоҳ номидан инвестиция қарорларини норасмий равишда назорат қилади.

Валиаҳд шаҳзода подшоҳ бошчилигидаги вазирлар маҳкамасининг сўнгги икки ҳафталик йиғилишида қатнашмаган, шунингдек, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) раҳбари, Ливан Бош вазири ва Ҳиндистон ҳамда Хитой элчилари билан учрашувларда иштирок этмаган. Подшоҳлик ҳукуматининг Вашингтондаги расмий вакили бу маълумотни изоҳлашдан бош тортган, шунингдек, Саудия валиаҳд шаҳзодаси қаерда экани бўйича маълумот бермаган.

Подшоҳлик саройи иши билан таниш бўлган манбанинг нашрга маълум қилишича, валиаҳд шаҳзоданинг сўнгги икки ҳафта ичида кўриниш бермагани катта сюрпризга айланган.

Подшоҳ ва валиаҳд шаҳзода ўртасидаги муносабатлар саудиялик журналист Жамол Қошиқчи 2018 йилда ўлдирилганидан сўнг ҳамманинг диққат марказида бўлиб турибди. Муҳаммад бин Салмоннинг бунга алоқаси борлиги тўғрисида тахминлар пайдо бўлган, бироқ Саудия ҳукумати бу маълумотларни рад этганди.

Ар-Риёд сиёсатини танқид қилган Қошиқчи 2018 йил 2 октябрда Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллигига ташриф буюрганидан кейин ғойиб бўлди. Саудия ҳукумати журналист дипломатик миссия биносида “можаро оқибатида” ўлдирилганини 20 октябрь куни хабар қилди. Журналистнинг жасади ҳали ҳам топилмаган. // Gazeta.uz

Расмда - шаҳзода ва қирол.