16 February 2019
22:26 - 100 000 сўмлик банкнот муомалага чиқариладиган сана маълум қилинди

ЎзА 2019 йилнинг 25 февралидан бошлаб қиймати 100 000 сўм бўлган банкнот кўринишидаги янги пул белгиси муомалага чиқарилиши тўғрисида Ўзбекистон Марказий Банкига асосланиб хабар тарқатди.

Қиймати 100 000 сўм бўлган банкнотнинг мавзуси (тематикаси) буюк ўзбек олими Мирзо Улуғбек фаолияти ва унинг астрономия фанидаги ютуқларига бағишланган. Банкнотнинг ўлчами 144 х 78 мм. бўлиб, махсус ҳимояланган қоғозда чоп этилган.

Банкнотнинг ўнг тарафидаги оқ овал қисмида Мирзо Улуғбек сурати кўринишидаги локал сув белгиси ва 100000 рақами кўринишида филигран сув белгиси жойлашган.

Хабарнинг охирида бу пул белгиси, ҳозир муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда, барча хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шартлиги урғуланган.