17 February 2019
02:29 - Ўлаётган Ўзбекистоннинг пойтахти Тошкентда 2 университетни шаҳар ташқарисига чиқариш режасини эшитишмаган эмишлар
15 февраль куни Иқтисодиёт ва Саноат Вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва Макроиқтисодий Тадқиқотлар Институти директори ўринбосари Турсун Аҳмедов қандайдир йиғилишда Ўзбекистондаги икки йирик олий таълим муассасаси – Ўзбекистон Миллий Университети ва Тошкент Давлат Техника Университетини шаҳардан ташқарига чиқаришни таклиф қилган ва ўз таклифини асослаб қуйидаги фикрни билдирган экан:

“Биз олий таълим муассасалари ва илмий-текшириш институтлари йирик шаҳарларда қандай жойлаштирилганини жаҳон тажрибаси мисолида чуқур ўргандик. Ўрганишлардан келиб чиққан ҳолда, айтиш мумкинки, йирик институт ва таълим муассасалари шаҳар ташқарисида ё атрофида жойлашади. Бу - ўзгаришлар эртага бўлади, дегани эмас. Балки, 5 йил ё маълум вақтдан кейин бўлар, негаки, йирик мегаполисларнинг ўзига хос қонунияти бор. Унда кўпроқ бизнес марказ, хизмат ва савдо марказлари жойлашади, бошқа объектлар шаҳар атрофи ё ташқарисида бўлиши назарда тутилади.”

Аммо, кеча 16 февралда Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилган пресс-анжуманда шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев “отахон” олий таълим муассасаларининг четга чиқарилиши ҳақидаги таклифни ОАВдан билганини айтган. “Бундай масала кўтарилаётганлиги ҳақида ўзимиз ҳам оммавий ахборот воситаларида тарқатилган маълумотлар орқали хабар топдик. Бу ҳақида ҳокимият аппаратида ҳеч қандай гап бўлгани йўқ”, дебди Ортиқхўжаев.

Қаранг, ҳурматли ўқувчиларимиз, “Ҳаракат” Агентлиги Ўзбекистон давлати ўлим йўлидан кетаётганини йиллардан бери айтиб келар экан, социалистик иқтисодиёт билан яшаётган ҳар қандай давлат ўлимга маҳкумлигини урғулар эди. Мана кўриб турибмизки, Тошкентдаги 2 буюк университетни шаҳар ташқарисига чиқариш масаласи бўйича айтилаётган фикрлар бизнинг башоратимизни тасдиқламоқда холос.