15 February 2019
12:44 - Сурия масалалари бўйича уч томонлама Россия-Туркия-Эрон учрашув натижалари маълум қилинди
Россиянинг Сочи шаҳрида кеча Россия, Туркия ва Эрон президентлари – Владимир Путин, Режеп Таййип Эрдўғон ва Ҳасан Руҳоний ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Бу Сурия масалалари бўйича уч томонлама форматдаги тўртинчи учрашувдир.

Учрашув якунида ташкил этилган матбуот анжуманида томонлар музокараларнинг конструктив руҳда ўтганини маълум қилишган.

"Ўзаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга қаратилган бу каби учрашувлар Сурия Араб Республикасида вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган ишларни самарали ташкил этиш имконини беради", дея қайд этган Путин анжуман доирасида.

Унинг таъкидлашича, Россия, Туркия ва Эрон томони Сурия инқирозини ҳал этиш бўйича ҳамкорликнинг асосий йўналишларини аниқлаб олган.

Тадбир сўнггида Сурия можаросини ҳал этишга қаратилган навбатдаги маслаҳатлашувларни Остона шаҳрида, шу йилнинг март-апрель ойларида ўтказилиши ҳақида маълумот берилди. Унда Суриядаги вазиятни барқарорлаштиришга кафил томонлар – Сурия ҳукумати ва мухолифат, шунингдек, БМТ вакиллари иштирок этади, дейилади РИА Новости хабарида. // ЎзА