11 February 2019
17:31 - Ўзбекистон КГБсига янги раҳбар тайинланди - Абдусалом Азиз
ЎзА хабар қилишича, бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёнинг Фармонига биноан, Мудофаа Вазири лавозимида ишлаб келган генерал-лейтенант Азизов Абдусалам Абдумавланович Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлик Хизмати (собиқ КГБ) раиси лавозимига тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлик Хизмати раиси лавозимида ишлаб келган Ихтиёр Абдуллаев соғлиғи ёмонлашгани туфайли ўз аризасига биноан (кейинги бир йилда бўйин ва бел умуртқа поғонасида икки марта оғир жарроҳлик амалиётини ўтказган) лавозимидан озод этилибди.

Мудофаа Вазири лавозимига шу кунга қадар Тошкент харбий округи қўшинлари қўмондони лавозимида ишлаб келаётган генерал-майор Курбанов Баҳодир тасдиқланибди. Б.Курбанов аввал Ички Ишлар Вазирининг ўринбосари ҳамда Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган экан.

Шу йил 1 февралда Мудофаа Вазиримиз Абдусалом Азизов АҚШга боргани ҳақида хабар берар экан, ўша ерда олинган расмда Абдусалом Азизовнинг дўппайган қорни устидан кулган эдик. Энди, унинг паспортида исми “Абдусалам” эканлиги устидан куламизми? Йўқ, кулмаймиз, маслаҳат берамиз, исми-шарифингизни паспортда ҳам тузатиб олинг, жаноб Абдусалом Азиз!

Бу хабарга ҳам илова қилинаётган ўша расмда ўнг тарафда энг нариги четда турган киши – жаноб Абдусалом Абдумавлон ўғли Азиз.