11 February 2019
21:07 - Қизиқ: Тошкентда АҚШнинг Вебстер Университетининг ва Москвадаги машҳур МГИМОнинг филиаллари очилади

Ташқи Ишлар Вазирлигининг Матбуот хизматига асосланиб тарқатилаётган хабарларда Тошкентда АҚШнинг Вебстер Университетининг филиалини очиш ҳақида битим имзолангани, шу йил кузда эса Москвадаги машҳур Москва Давлат Халқаро Муносабатлар Институтининг (Московский Государственный Институт Международных Отношений – МГИМО) филиали иш бошлаши айтилади.

1. АҚШнинг марказидаги Сан-Луис шаҳрида ишлайдиган Вебстер Университетининг филиали очилиши ҳақида. Вашингтонда, тўғрироғи, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида Олий ва Ўрта Махсус Таълим Вазирлиги ҳамда Вебстер Университети ўртасида таълим хизматларини кўрсатиш ва иншоотлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳужжат имзоланибди. Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистонда Америка олий таълим муассасасининг (ОТМ) биринчи доимий филиали очилишини тасдиқлайди.

Қачон бўлгани айтилмаган имзолаш маросимида АҚШ Давлат департементи, Таълим вазирликлари, USAID, Америка Халқаро Таълим Кенгашлари, Жаҳон Банки, Халқаро Валюта Фонди расмийлари, АҚШ таълим ва аналитик доиралари вакиллари, Вебстер Университети президенти Элизабет Стробл, Ўзбекистон Бош Вазир ўринбосари Танзила Норбоева, Бандлик ва Меҳнат Муносабатлари Вазири Шерзод Кудбиев, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси вакили Илҳом Ҳайдаров ҳамда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчи Жавлон Ваҳобов қатнашган.

Хабарда айтилишича, 2018 йилнинг сентябрида Вебстер Университети билан имзоланган келишувларга мувофиқ, Ўзбекистон Давлат Жаҳон Тиллари Университети базасида TESL магистрлик дастури йўлга қўйилган эди (инглиз тилининг иккинчи хорижий тил сифатида ўқитилиши), айни дамда Ўзбекистондаги 120 дан зиёд талаба ушбу дастур бўйича таълим олмоқда. Энди Вебстер томонидан бизнес-маъмурият, маркетинг ва тадбиркорлик, компьютер билимлари, журналистика ва медиа-саноат, соғлиқни сақлаш бошқаруви, STEM-таълим ва инновациялар ҳамда бошқа йўналишлар бўйича бакалавриат ва магистратура учун академик дастурларнинг тўлиқ спектри тақдим этилади.

2. МГИМОнинг филиали очилиши ҳақида. Ташқи Ишлар Вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатия Университети ректори Абдужаббор Абдувоҳидовнинг мамлакатимизга МГИМО делегациясига бошчилик қилиб келган мазкур олий таълим муассасасининг проректори Артём Малгин билан учрашув ўтказилибди ва Тошкент шаҳрида "МГИМО" битирувчиларининг V Халқаро форумини ўтказиш ва институт филиалини очиш билан боғлиқ амалий жиҳатлар муҳокама қилинибди.

"МГИМО"нинг Тошкент филиали жорий йилнинг сентябрь ойидан бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича тўлақонли фаолият кўрсата бошлаши режалаштирилмоқда экан.