10 February 2019
02:22 - Ўзбекистонда АЭС қурилиши қачондан бошланиши маълум бўлдими?

Анча вақтдан бери Россия ширкатлари билан Ўзбекистонда биринчи Атом Электростанцияси қуриш ҳақида келишилгани айтиларди, аммо ҳалигача вақти номаълум эди. Кеча Sof.uz cайти Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши 2022 йилдан эрта бошламаслигини хабар қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг 7 февраль куни тасдиқланган Атом Энергетикасини 2029 йилгача Ривожлантириш Концепциясида айтилган экан.

Бу Концепцияга кўра, мамлакатдаги илк атом электр станциясини барпо этиш уч босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқич - 2019—2020 йилларда АЭС қуриладиган жой аниқланади, 2020-2021 йилларда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. 2022 йилдан эса объект қурилишига киришилади.

Қуввати 2,4 ГВт бўлган икки энергоблок ишга туширилгандан сўнг, станция ҳар йили 18,9 миллиард кВт/с ишлаб чиқаради, 2 минг 700 иш ўрни яратилади.

Лойиҳани Ўзбекистоннинг шахсий маблағлари ва Россия давлат кредити ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилмоқда.

Эслатиш керакки, шу кунгача дунёнинг 32 мамлакатида 193 та АЭС ишламоқда. Масалан, АҚШда 86 та, Германияда 24 та, Францияда 22 та, Японияда 21 та, Хитойда 19 та, Буюкбританияда 17 та, Россияда 16 та, Қозоғистонда 1 та.