10 February 2019
08:14 - Владимир Путин Сочида Қирғизистон Президенти Сооронбой Жээнбеков билан шубҳали учрашув ўтказди

Рус ва қирғиз ахборот воситалари кеча Россия Президенти Владимир Путин ўзининг Сочидаги қароргоҳида бу ерга амалий ташриф билан 1 кунга келган Қирғизистон Президенти Сооронбой Жээнбековни қабул қилганини эълон қилдилар. Уларнинг хабарларида умумий гаплар билан икки давлат ўртасидаги алоқалар яхши кетаётгани, Владимир Путиннинг шу йил март ойининг охирига режалаштирилган Қирғизистонга расмий ташрифи пайтида яна бир қатор ҳужжатлар имзолаш учун тайёрланаётгани айтилган.

Владимир Путиннинг қуйидаги сўзлари диққатга сазовор: “Евраосиё Иқтисодий Иттифоқи доирасида иқтисодий ҳамкорлигимизни ривожлантираверамиз. Шубҳасиз, ҳарбий қурилиш ва ҳамкорлик соҳаларида ҳам муҳокама қилинадиган мавзулар бор. Миграция масаласи ҳам Қирғизистон учун муҳимлигини тушунамиз”.

Қирғизларнинг хабарларида эса, Сооронбой Жээнбековнинг Владимир Путинга нисбатан хушомадгўйлик руҳида айтилган гаплари келтирилган.

Бир ярим ойдан кейин икки президентнинг расмий учрашуви режалаштирилган экан, кечаги Сочидаги учрашувнинг нима кераги бор эди, деган савол ўртага чиқишини ҳар ким тушунса керак. Бир неча кун аввал Бишкекга келган Россия Ташқи Ишлар Вазири Сергей Лавров Қирғизистонда русларнинг 2-чи ҳарбий базасини очиш ҳақида гапириб қолганини ҳам ҳисобга олсак, тушуниш мумкинки, бу 2 давлат Ўзбекистоннинг биқинида ҳарбий ҳамкорликни юқорироқ даражага олиб чиқишни ўйлаётгани жуда шубҳалидир.