16 December 2018
02:23 - Украина Православ Черкови автокефалия мақомини олди, энду у Москва ва бутун Русия Патриархатидан мустақил бўлди

Маълумки, Ислом динида 2 та катта оқим ёки йўналиш (суннийлар ва шиалар) бўлгани каби, христиан/насронийларда 3 та катта оқим ёки йўналиш бор – католиклар, протестантлар ва православлар. Православлар бир қатор автокефалия деб аталадиган ҳудудий бўлимларга бўлинган ва уларнинг ҳаммасига, маълум маънода, Константинопол Патриархати раҳбарлик қилади. Энг катта автокефалия – Рус Православ Черкови эди, уни “Москва ва бутун Русия Патриархати” ҳам дейишади. Бу автокефалия Россия, Украина, Белорусия ва Молдова черковларини бирлаштирарди.

Аммо, Россия 2014 йили Қримни расман, Донбасни феълан босиб олгандан кейин, Россия-Украина муносабатларининг кескин ёмонлашиши натижасида, автокефалия ичида аввалдан бор бўлган келишмовчиликлар жиддий шаклда юксалди. Натижада, Украина черковларининг кўпчилиги Украина Православ Черкови номи остида бирлашдилар ва кеча Киевда, таъбир жоиз бўлса, бирлаштирувчи қурултой ўтказдилар.

Украина Президенти Петр Порошенко, экс-президент Виктор Юшченко ва Олий Раданинг жорийдаги раиси Андрей Парубий ҳам иштирок этган бирлаштирувчи қурултойда Украина Православ Черковининг раҳбари, яъни Патриархи этиб архиепископ Епифаний сайланди. Ташкилий босқичда “Киев ва бутун Русия-Украина Патриархати” деб танилган янги бўлимга раҳбарлик қилиб келган Филарет энди “фахрий Патриарх” унвони олди.

Истанбулнинг Фенер номи билан танилган жойида бош қароргоҳи бўлган “Янги Рим ва Бутунжаҳон Патриархати”нинг Патриархи (Константинополь Патриархи), яъни жаҳон православларининг раҳбари Варфоломей I - 2019 йил 6 январь куни архиепископ Епифанийга автокефалия томосини, яъни автокефалия гувоҳномасини топширади.

Ақли бор ҳар қандай одам тушунадики, Украина Православ Черковининг актокефалия мақомини олиши ва руслардан диний маънода ҳам мустақил бўлиши - фақат диний эмас, сиёсий ҳам маънога эга бўлган катта воқеадир.

Расмда – Украина Президенти Петр Порошено Патриарх Епифанийни ғалаба билан табрикламоқда.