16 December 2018
08:29 - Сенсация: Австралия Ғарбий Иерусалимни Исроилнинг пойтахти деб тан олди, Исроил эса расман Филистинники бўлиши керак бўлган ҳудудларни ўзиники қилиб олмоқда

Жаҳон ахборот воситаларининг хабарларига кўра, Австралиянинг Бош вазири Скотт Моррисон ўз ҳукумати Ғарбий Иерусалимни Исроилнинг пойтахти деб тан олганини, аммо ҳозирча ўз элчихонасини Тел-Авивдан кўчирмаслигини билдирибди. Ваҳолангки, октябрь ойида у ўз элчихонасини Иерусалимга кўчиришга ҳам тайёрланаётган экан. Қаранг, Австралия бутун Қуддусни эмас, фақат Ғарбий Қуддусни Исроилнинг пойтахти деб тан олибди.

Маълумки, шу пайтгача фақат АҚШ бутун Иерусалим/Қуддусни Исроилнинг пойтахти деб тан олган ва ўз элчихонасини бу шаҳарга 2018 йил 14 майда кўчириб бўлган эди.

Эслатиш керакки, БМТнинг 1947 йил 29 ноябрдаги қарорига кўра, Исроил ва Филистин давлатларининг ҳудудлари расмдаги харитадагидек бўлиши, Қуддус (Иерусалим) БМТнинг назорати остида қолиши, харитадаги сариққа бўялган қисмлар араб давлатиники, жигаррангга бўялган қисмлар Исроилники бўлиши керак эди. Аммо, 1950 йилдаёқ Исроил Иерусалимни, 1967 йилдаги 6 кунлик араб-яҳудий уруши пайтида эса, ўша пайтгача Урдун қўлида бўлган Филистин ҳудудларининг ҳаммасини босиб олган эди.

Ўтган асрнинг охири ва бу асрнинг бошларида Филистин ўзини мустақил давлат деб эълон қилди, аммо 2012 йилда БМТ Филистинни фақат кузатувчи давлат сифатида тан олди.

Келажакда нима бўлишини башорат қилиш осон эмас. Қуддусни ҳеч кимнинг рухсатисиз ўз пойтахти қилиб олган ва БМТ харитасига кўра арабларники бўлиши керак бўлган Қуддус атрофидаги ерларни яҳудийлар тарафидан ўзлаштириб олинишига йўл очиб берган, айни пайтда, Ғарб тарафидан қўллаб-қувватланаётган Исроил Филистин давлатиники бўлиши керак бўлган ерларни арабларга қайтарадими?

Кўринишидан, йўқ. Чунки, бир неча кун аввал Исроил Қуддус атрофида яҳудийлар рухсатсиз қуриб олган кўп қаватли, кўп квартирали уйларни расмийлаштирди, яъни у жуда катта ҳудудларни расман ўзига қўшиб олди. Жараёнлар шу йўналишда давом этаверса, арабларнинг иши чатоқ бўлади.