29 November 2018
07:23 - Афғонистондаги парламент сайловларининг натижалари 2019 йил бошида эълон қилинади. Абдурашид Дўстим қани? Дунё ўзбекларига нима?

Аввалги хабарларимизда Афғонистонда шу йил 20-21 октябрь кунлари ўтказилган парламент сайловларининг натижалари 10 ноябрда ёки келаси йилнинг 19 январигача эълон қилинишини билдирган эдик. Мана, 10 ноябрда натижалар эълон қилинмади, демак, 19 январни кутамиз.

Маълумки, Афғонистонда вазият ёмонлашса ёмонлашмоқдаки, аммо яхши тамонга ўзгараётгани йўқ. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёнинг аҳмоқона ташаббуси билан Афғонистон ва Ўзбекистон расмийлари дунё тарафидан террористик ташкилот деб тан олинган “Толибон” вакиллари билан музокаралар ўтказганларига қарамасдан, “Толибон” терактларини давом эттирмоқда ва ҳатто ҳозир Афғонистон ҳудудларинг ярмидан кўпроғини ўз назорати остига олгани айтилмоқда.

Бундай шароитда Афғонистонда 2019 йил 19 мартда ўтказилиши керак бўлган навбатдаги президент сайловлари ҳам камида 3 ойга қолдирилгани эълон қилинди.

Минг афсусуки, бу хабаримизнинг сарлавҳасидаги “Абдурашид Дўстим қани? Ўзбекистон ўзбекларига нима?” cаволлари жавобсиз қолмоқда. Эслатамиз, Афғонистонда кучли позицияга эга бўлган тожиклар ўзбек аслли вице-президент Абдурашид Дўстимни (расмда), баъзи иддаоларга кўра, Ўзбекистон Президенти, тожик аслли Шавкат Мирзиёнинг ҳам ёрдамида, ноқонуний йўллар билан ағдаришга ва мамлакатдан ҳайдаб чиқаришга эришгандилар. Абдурашид Дўстим 2 йиллик сургундан сўнг Туркиядан Афғонистонга қайтиб келишга рухсат олган бўлса ҳам, ҳозир уни Қобулда уй қамоғида ушлаб туришгани ҳақида гаплар юрибди, аммо у қаерда эканлиги ҳақида биронта ишончли хабар йўқ. Афғонистон ўзбеклари жим туришибди.

Аслида, ўзбеклар миллат сифатини йўқотмаган бўлса эди, бутун дунё ўзбеклари Абдурашид Дўстимнинг ҳимоясига отилган бўлардилар. Аммо, Ўзбекистон ўзбеклари ўзларининг ва ўз ватанларининг, қўшни мамлакатларда яшайдиган миллатдошларининг аянчли аҳволи билан ишлари йўқ экан, уларга Афғонистон ўзбеклари ва Абдурашид Дўстимнинг аҳволи ҳақида гапириш фойдасиз эканлигини, минг афсуски, кўриб бўлдик.