28 September 2018
16:43 - Душанбеда МДҲ саммити бўлиб ўтди, хабарга арзийдиган гап бўлмади
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг навбатдаги саммити 27-28 сентябрь кунлари Тожикистон пйтахтида бўлиши аввалдан маълум эди. Туркманистондан бошқа ҳамма МДҲ лидерлари Душанбега кеча кечқурунга яқин етиб келдилар. Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон кечки овқат баҳонасида лидерларнинг норасмий йиғилишини ўтказиб олди ва кейин уларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича қандайдир халқаро кўргазмага ҳам олиб борди.

Бугун эрталаб Душанбега Туркманистон Бош вазири ўринбосари Пурли Агамуродов ҳам етиб келди ва аввалига МДҲ лидерларининг тор доирадаги, кейин делегациялар иштирокидаги йиғилишлари бўлиб ўтди. Дор доирадаги учрашувда қуйидаги лидерлар иштирок этгани расмий хабарларда айтилди: Россия, Белорусия, Қозоғистон, Озорбайжон, Молдова, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон президентлари Владимир Путин, Александр Лукашенко, Нурсултон Назарбой, Илҳам Алиев, Игорь Додон, Шавкат Мирзиё, Сооронбай Жээнбеков, Имомали Раҳмон, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Туркманистон Бош вазири ўринбосари Пурли Агамурадов.

Расмий хабарларда бир нарса тилга олинмагани қизиқ. Маълумки, Молдова Конституцион Судининг шу йил 24 сентябрдаги қарори билан бу мамлакат Президенти Игорь Додоннинг ваколатлари вақтинча тўхтатилган ва вақтинча президентлик лавозими парламент раҳбари Андириан Кандуга топширилган эди. Шундай экан, Игорь Додон бугунги саммитда ким сифатида қатнашгани ҳам номаълум. Расман МДҲдан чиқмаган Украина вакили саммитга келмагани ҳеч кимни қизиқтрамади, чунки, Украина феълан МДҲдан чиқиб кетганини ҳамма билади.

Бугунги саммит ҳақида МДҲга аъзо бўлган давлатларнинг оммавий ахборот воситалари умумий гаплардан иборат хабарлар тарқатдилар ва тарқатмоқдалар. Бу хабарларнинг умумий гаплардан иборатлиги ва Игорь Додоннинг тушуниб бўлмас шаклдаги иштирокини ҳам ҳисобга олсак, Душанбедаги саммитда бир қатор ҳужжатлар имзоланган бўлса ҳам, аслида, у расмиятчилик учунгина ўтказилган тадбир бўлганини тушунамиз.

Дарвоқе, Владимир Путиннинг таклифи билан “1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан Уруши Ғалабасининг 75 йиллиги” номли медаль чиқаришга қарор қилингани эътиборга лойиқ бўлиши мумкин. Бу медаль ҳали ҳаётда бўлган уруш ветеранларига топширилади.

Кейинги саммит 2019 йил 11 сентябрда Туркманистон пойтахти Ашхабодда бўлиши ҳам эълон қилинди.