03 August 2018
18:26 - “Бирлик” Партияси раҳбариятига партиянинг Самарқанд вилоят ташкилоти раиси Холиқназар Ғаниевдан истеъфо аризаси келди, янги раис сайланади
Бугун “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси раҳбариятига партиянинг Самарқанд вилояти ташкилоти раиси Холиқназар Ғанидан 1 августда имзоланган истеъфо аризаси келди. Холиқназар Ғани кексалиги (78 ёш), сурункали кўпйиллик ва кўпсонлик дардмандлиги туфайли БХҲП Самарқанд вилоят кенгаши раиси, БХҲП МК аъзоси ва бошқа лавозимлардан истефо беришини билдирган.

Холиқназар ака 2003 йили сайланган бу лавозимларида буюк ишлар қилдилар, дейди партия раиси Абдураҳим Пўлат. Эслатиб ўтамиз, 1988 йил 11 ноябрда тузилган ташкилотимиз “Бирлик” Халқ Ҳаракати номи остида 1991 йил 11 ноябрда расман рўйхатга ҳам олинган эди. Ислом Карим 1992-1995 йиллари демократик мухолифтга буюк зарблар берганига қарамасдан, фақат “Бирлик” оёқда қолди ва ҳатто америкалик сиёсатчиларни ҳайрон қилдириб, 2001 йилда қайтадан юксалишга бошлади. 2003 йил 7 майда, яъни 11 йиллик танаффусдан кейин Тошкентда ўз қурултойини ўтказди ва сиёсий партияга айланиш ҳақида қарор қабул қилди.

Ўша йили 25 авустда Қўқон шаҳрида “Бирлик” Халқ Ҳаракати асосида расман “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси тузилди. Ўша пайтда Самарқанд Университетида ўқитувчилик қилган фан номзоди Холиқназар Ғани партия раисининг 6 ўринбосаридан бири этиб сайланди. Қурултой қатнашчиларининг 95 кишилик рўхати “Ҳаракат” журналининг 2003 йилдаги 4 (43) сонида эълон қилинган (http://harakat.net/harakat/?id=43). Ўша пайтда партиянинг вилоят ташкилотлари ҳам ўз конференцияларини ўтказдилар. Самарқанд вилояти ташкилотимизнинг конференциясида Холиқназар Ғани вилоят ташкилотининг раиси этиб сайланди.

Партияни рўйхатдан ўтказиш учун партия аъзоларидан сал кам 21 минг кишининг имзоси тўпланди ва бошқа керакли ҳужжатлар билан Адлия Вазирлигига топширилди. Вазирлик минг хил уйдирма баҳоналар билан партиямизни рўйхатга олишни пайсалга солиб борди, аммо ўша пайтдаги ҳаромий президент Ислом Карим бизни тинч йўллар билан тўхтатолмаслигни тушунгач, 2005 йил 13 майда акромийлани қўғичоқ қилиб ишлатиб, Андижонда қонли воқеалар уюштирдии ва ундан кейин бошланган қама-қамашлар таъсири остида “Бирлик” ҳам фаолиятини тўла қонли равишда давом эттиролмай қолди.

Айнан ўша пайтда, аниқроғи, 2005 йилнинг 24 август куни Холиқназар акани ўз маҳалласидаги кўчалардан бирида бошига қоп кийғизиб ўғрилаб кетишди. 3-4 соатлик йўлдан кейин, уни ярим ертўлага ўхшаш жойда бир хонага қамаб қўйишди. У хонанинг деразасини уст қисми ер устида бўлгани сабабли, узоқда метро станциясига кириш жой кўриниб турарди. Шундан тахмин қилиндики, у кишини Тошкентда Олий Мажлис жойлашган ҳудуддаги изоляторлардан бирига ташлашган. 2 сентябрь куни у кишини яна бошига қоп кийғизиб у изолятордан олиб кетишган ва Самарқанд вилоятида ҳеч ким йўқ далага ташлаб кетишган. Мақсад – Холиқназар акани қўрқитиш, мухолифатдан кетишга мажбурлаш эди. Аммо, Холиқназар акадек мардларни Ислом Каримнинг режими синдиролмаган ва синдиролмайди.

Диктаторлик режимнинг ҳамма қаршиликларига қармасдан, ўта чекланган шаклда бўлса ҳам, фаолиятимиз тўхтовсиз давом этди. Партия раҳбарияти, вилоят ташкилотлари раисларининг ҳам иштирокида, ўз йиғилишларини мунтазам ўтказиб келди. Охирги 2 йиғилишимиз шу йил 17 март ва 3 июнь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилди. Холиқназар ака соғлиқлари яхши бўлмагани сабабли, у йиғилишларга келолмадилар, аммо йиғилишда қатнашган ҳисобландилар.

17 мартдаги йиғилишда Шавкат Мирзиё қилаётган косметик ўзгаришлар ватанимизни ҳозирги аянчли аҳволдан чиқаролмаслиги урғуланди ва Шавкат Мирзиёдан фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш талаб қилинди.

Фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни янгилаш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётади, фундаментал молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё жинояткорона қўйган тўсиқларни олиб ташлаш ғояси борлиги ҳам алоҳида урғуланган эди.

Хуллас, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси, оғир шартлар остида бўлса ҳам, ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Холиқназар аканинг аризасини, табиий, инобатга оламиз, у кишига чексиз миннатдорчиликлармизни изҳор қиламиз ва яқин орада Самарқанд вилоятида мажлис ўтказиб янги раис сайланишини ташкил қиламиз. У пайтгача, Холиқназар акадан ўз вазифаларини бажариб туришларини илтимос қиламиз.