04 August 2018
01:12 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Қора дори илдиз отмоқда. унга ким болта уради?
Марказий Осиё нафат қитъамиз, балки бутун дунёда ўз ўрнига эга. Ҳам стратегик, ҳам географик жиҳатдан кўпчиликнинг диққат-марказида бўлиб келадиган бу ҳудуд хорижликларнинг ҳам эътиборини тортади. Четдан назар ташлаб турган инсонларнинг ҳаммаси ҳам яхши нигоҳ билан қарамайди. Мўмай пул топиш, айниқса, Афғонистон орқали анча қулай. Юртимиз қисман бўлса ҳам бу мамлакат билан чегарадор эканлиги мана шундай “қора ишлар” бўлиб тураётган пайтда барчамизни сергак торттиради.

Бироқ ташқи кучларнинг алдовига осонгина учиб, мўмай пул топаётганлар ҳам йўқ эмас. Мана шундай инсонлардан бири Термизда истиқомат қиладиган шахслардан бири Жаҳонгир Хушшиевдир. Ушбу шахсни маҳалласида ҳамма танийди. Жаҳонгир ва яқин қариндошлари қора оғу билан савдо қилишини ҳатто “магазинчи Ғайбулла”гача етиб борган. Акаси Зайниддин ҳам бир вақтлар қилган қилмиши учун панжара ортида бўлди. Шунда ҳам ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, Зайниддин “кетига” наркотик тиқиб кирмоқчи бўлган эди.

Наркотик савдоси уларнинг “оилавий бизнеси”. Маҳалладагиларнинг айтишича, отаси ҳам бунгача 2 мартотаба судланган. Уларнинг бирида Бекободда нақд 31 килограмм героин билан қўлга тушгани асос бўлган экан. Бундай оғирликдаги оғуни тасаввур қилишнинг ўзи дахшат.
Гадо душмани гадо бўлади, деган жуда тўғри гап бор ўзбек халқида. Буни қарангки, оғуфурушнинг ҳам душмани оғуфуруш экан. Жаҳонгир ўз ҳудудига гегемонлик қилиш учун ўзига ўхшаган олиб-сотарларни йўлидан олиб ташлади. Ўзига ўхшаш кимсаларни савдо қилаётган пайтда тегишли органларга чақиб беради. Иш очилиб, жиноятчиларга тегишли жазо берилгач, ўша орган ходими катта эҳтимолда кўтарилар.

Аммо деган жойи бор. Наҳотки ўша ходим Жаҳонгирнинг ҳам шундай савдо билан шуғулланишини билмаса? Бу шахс ва унинг қилган қилмишлари ҳақидаги миш-мишлар кези келганда Термиз кўчаларини Афғон шамолидан баттар кўтариб юборади. Барчаси ҳам рост эмасдир, бироқ ўша шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламасди. Эмишки, унинг жиноий ишларида Ички Ишлар ва Хавфсизлик хизматидан ходимлар ҳам аралашиб, нималарнингдир эвазига савдо учун йўл очиб беришади.

Бироқ ўша нималарнинг бадали анча қимматга тушмасмикан? Ўша “қора дори” Ўзбекистонга кириб келгач, унинг маълум қисми қанчадан қанча тинч оилаларга, юрт ривожи учун улкан хисса қўшиши мумкин бўлган қайсидир инсон ё йигитнинг ҳаётини заҳарга айлантириб ташлаши мумкин-ку! Барчасига чап берадиган тўсиқлар тугади, деган умиддамиз. Термиз аҳлининг ҳаёти янада фаровон бўлиши учун Жаҳонгир Хушшиев каби олиб-сотарларнинг фаолиятига чек қўйилиши, бундай ишлар ва савдоси билан шуғулланувчиларнинг илдизига болта урилиши керак.

Мардоной