28 February 2018
01:35 - Бечора Америка ва “Америка Овози” - “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатга жавоб беришга мажбур бўлиб, яна шармандалари чиқди

Ҳамма нарса “Бирлик” Партиясининг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлигининг шу йил 14 январда эълон қилинган «АҚШнинг юзига доғ тушди: “Америка Овози” радиоси Ўзбекистондаги режимнинг қўғирчоқ ОАВлари рўйхатига расман киритилди» сарлавҳали хабаридан бошланди. Ўша хабаримизнинг асосий мавзуси - АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен хоним “Америка Овози” радиоси ўзбекча хизматининг журналисти, айни замонда, МХХнинг малайи бўлган Навбаҳор Имамовага берган интервьюси эди.

Памела Спратлен ўзининг узундан узоқ суҳбатида Шавкат Мирзиё президентлик курсисини мутлақо қонунсиз эгаллаб олгани ва сўнгра буни демократиянинг уруғи ҳам бўлмаган сайловлар йўли билан расмийлаштириб олганини умуман тилга олмагани, инсон ҳуқуқлари, ошкоралик ва демократияга яқин мавзуларни мутлақо унутганини ҳам айтиб, булар АҚШнинг рамзи бўлган демократия принципларига тупириш эканлигини алоҳида урғулаган эдик.

Шундан кейин, аниқроғи, 30 январда Абдураҳим Пўлат АҚШ Президенти Доналд Трамп, Давлат Котиби Рекс Теллерсон, Давлат Котиби ёрдамчисининг биринчи ўринбосари, Давлат Департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Элис Уэллс хонимга, “Америка Овози”, “Озодлик” ва яна бир қатор америкалик радиоларнинг умумий раҳабариятига қисқача маъноси қуйидагича бўлган хат йўллади:

“Мен АҚШ президентлари Барак Обама ва Доналд Трампга бир неча марта хати ёзиб, ислом терроризмининг илдизлари Ислом динининг Қуръонни хато тафсир қилишдан келиб чиққан хато тушунчаларида эканлигини, демак, ислом терроризмини куч билан енгиб бўлмаслигини, уни енгишнингн ягона йўли – Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини хато тушунчалардан қутилиб, дунёвийлик/секуляризмп принципини тан олишиги эришиш кераклигини, мусулмонлар бундай ислоҳотларга тайёр бўлмаганлари сабабли, инсониятнинг прогрессив қисми уларга ёрдам бериши шартлигини айтган эдим.

Жаноб Барак Обаманинг жавобларидан тушундимки, америкалик сиёсатчилар ҳали бу мавзунинг моҳиятини тушунмаяптилар. Мен бунга ҳайрон бўлмадим, чунки бор-йўғи 5 аср аввал насронийлар “Қуёш Ер атрофида эмас, Ер Қуёш атрофида айланади” дегани учун Жордано Брунони тириклайин ёқишган эди. Худого шукр, ҳозир 21 аср ва мени ҳеч ким ёқмаса керак.

Аммо, мен сизларини бу масалада тинч қўймайман. Ҳозир эса, эътиборингизни муҳимлиги билан аввалгисидан қолишмайдиган масалага, демократия масаласига қаратмоқчиман.

“Ҳаракат” Агентлиги хабар қилишича, АҚШнинг Ўзбекистонгдаги элчиси Памела Спратлен хоним “Америка Овози” радиосининг ўзбекча хизматига интервью бериб, Ўзбекистонда ҳокимиятни қонунларни оёқ ости қилиб эгаллаб олган Шавкат Мирзиёни мақтаб, уни сал кам худога айлантириб қўйибди. АҚШдек демократик давлат элчиси берган интервью дунёнинг энг мудҳиш диктаторликларидан бири бўлган Ўзбекистондаги қўғирчоқ ахборот воситаси ЎзАда тўла эълон қилиниши – “Америка Овози” радиоси Ўзбекистондаги режимнинг қўғрчоқ ахборот воситалари рўйхатига расман киритилганинингг исботидир. “Ҳаракат”нинг ўша хабарини бу хатга илова қилмоқдаман ва бу каби АҚШнинг юзига қора доғ бўладиган воқеалар қайтарилмаслиги учун керакли ишларни қиласизлар деб умид қиламан.”

Абдураҳим Пўлатнинг хатини ўз изоҳларимиз билан сайтимизда эълон қилиш ниятимиз бор эди, аммо имкониятларимиз чеклангани туфайли буни ўз вақтида қилолмадик. Аммо, кеча, 27 февралда яна ўша ЎзАда АҚШ Давлат Котиби ёрдамчисининг биринчи ўринбосари, Давлат Департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Элис Уэллс хонимнинг яна ўша “Америка Овози” журналисти Навбаҳор Имамовага берган интервьюси эълон қилинди. Юқорида айтганимиздек, Абдураҳим Пўлат ўз хатини Элис Уэллс хонимга ҳам жўнатган эди.

Бу интервью ҳеч шубҳасиз, бир томондан, Абдураҳим Пўлатга жавоб, чунки, АҚШлик икки дипломат қисқа вақти ичида 2 марта қандайдир Ўзбекистон ҳақида интервью беришлари ҳаёлга сиғмайдиган нарса. Аммо, иккинчи томондан, бу интервьюни Шавкат Мирзиё режими билан сиёсий ўйин ҳам дейиш мумкин.

Шуни алоҳида айтиш керакки, Элис Уэллс хоним суҳбатида асосан Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати, бундан ҳам муҳими, Ўзбекистоннинг Афғонистон масаласидаги роли ҳақида гапирган. Аввалги хабарларимизда ҳам кўп марта қайтарганимиздек, АҚШ Ўзбекистонни Афғонистон туфайлигина билади. Афғонистон бўлмасайди, умумий аҳволи қашшоқ ва қолоқ бўлган, профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош оладиган Ўзбекистон билан АҚШнинг мутлақо иши ҳам бўлмасди. Элис Уэллс хоним ҳам бор кучи билан Ўзбекистон АҚШ учун Афғонистон туфайли муҳимлигини урғулайди.

Ўзбекистондаги ички аҳвол ҳақида жуда қисқа гапирилади. Интервьюнинг айнан шу қисми Абдураҳим Пўлатга жавоб бўлса керак. АҚШ дипломати Ўзбекистондаги ўзгаришлар жараёни ҳақида берилган ягона саволга берган жавобида қуйидаги ўта умумий гаплардан бошқа нарса йўқ: “Ўзбекистон ўзи ўзгаришларни амалга оширяпти. Ташқи таъсир остида эмас. Биз катта қизиқиш билан кузатяпмиз ва қўллаб-қувватлаймиз. Ёрдамлашишга ҳам тайёрмиз.” Қаранг, бу жавоб – Ўзбекистонда пичоққа илинадиган биронта иш бўлмаётганини тан олиш-ку. Россиялик ўзбек аслли миллиардер Алишер Усмонов ҳам Reuters Агентлигининг мухбири билан суҳбатда Ўзбекистонга ёрдам бериш ҳақидаги саволдан шундай сўз ўйинлари билан қочган эди.

Хуллас, бир нарса аниқ. АҚШ Афғонистонда 2001 йили бошланган режаларини тўхтатиш ниятида эмас ва тўғри қилади. Афғонистонинг энг катта қўшнилари Покистон ва Эрон АҚШнинг бош душманлари экан, Афғонистон билан алоқалар учун Ўзбекистон ягона йўл. АҚШга бу минтақа, хусусан, Ўзбекистон шу нуқтаи назардангина қизиқдир. Аслида, АҚШ Афғонистоннинг демократик келажагинпи ўйласа, Ўзбекистонда ҳам демократик жараёнлар бошланишидан манфаатдор бўлиши керак эди. Аммо, ҳозирча бундай нарса кўринмаяпти.

Бу ҳам АҚШнинг юзида умрбод қоладиган қора доғ бўлмайдими?