04 February 2018
21:46 - Ўткан кунларимиздан бугунгиларигача: “Хотирлайман, ариқ олдида илк бор, Беихтиёр қараб қолди менга бу кўзлар”, дебди туркман шоири. Абдулла Қодирийдан таъсирланибми?


Машҳур Озорбайжон хонандаси Рашид Бейбутов рус тилида айтган ва қуйидаги сатрлар билан бошланган “Любимые глаза” номли ашуласини ўткан асрнинг 60-чи йилларидан билсам керак:

Воды арыка бегут как живые,
Переливаясь журча и звеня.
Возле арыка я помню впервые,
Глянули эти глаза на меня.

В небе блещут звезды золотые,
Ярче звезд, очей твоих краса.
Только у любимой, могут быть такие
Необыкновенные глаза.

Балки, бу ашулани биринчи бўлиб туркманларнинг “Хитрость старого Ашира” кинофильмида эшитгандирман. Йиллар ўтди. Ёшлик йилларида эшитган ва севган ашулаларимни унутгандай бўлдим. Аммо, бугун ҳаммаёқда Интернет, Youtube. Ва қариганинг сари устингдан ҳукмронлик қилишни ҳам истайдиган ўтмишни соғиниш ҳис-туйғулари.

Ўзимизнинг Ботир Зокиров, Фахриддин Умаров каби буюклардан ташқари , СССРда 60-80-чи йилларда машҳур бўлган Георг Отс, Рашид Бейбутов, Муслим Магомаев кабиларнинг ашулаларини эшитиб тураман. Рашид Бейбутов айтган “Любимые глаза” ашуласи ҳам уларнинг ичида.

Аммо, охирги кунларда ўзим ҳам тушунмайдиган сабаб билан бу ашулага меҳрим ортиб қолди. Уни баъзида бир кунда бир неча марта тинглайман ва ўзим ҳам тушунмайдиган туйғулар остида қоламан. Ўзим ўзимнинг олдимга савол қўйишгача бордим: “Бу қизиқишим ортишининг сабаби нима, у ерда ўзимизнинг “ариқ” сўзи ишлатилаётганими?” Кейин ашулани айнан шу савол остида эшитишга бошладим ва тўсатдан миямга чақмоқ каби фикр урилди: “Бу ахир Кумуш билан Отабекнинг биринчи марта ариқ бўйида кўз уриштирган пайтлари-ку!”

Менинг кўз ўнгимда романнинг шу учрашувга оид сатрларидан ҳам кўпроқ 1969 йили олинган “Ўткан кунлар” фильмида Гулчеҳра Жамиова ва Ўлмас Ализўжаев ролларини ўйнаган Кумуш билан Отабекнинг учрашуви турарди. Дарҳол у филмьни топиб, ўша жойларини кўрдим, китобини топиб ўша учрашувга оид сатрларни ўқидим. Мана ўша сатрлар:

“Отабек дўкондорнинг кўрсатишича қутидорнинг ташқарисига кирди. Шу вақт тасодуфан нима юмиш биландир меҳмонхонадан чиқиб келгучи фариштага кўзи тушди. Кумуш ҳам ариқ ёқасига келиб тўхтаган чингилин йигитга беихтиёр қараб қолди. Ихтиёрий эмас, ғайри ихтиёрий иккиси ҳам бир-бирисидан бир мунча вақт кўз ололмадилар. Охирда Кумуш нимадандир чўчигандек бўлди, енгилгина бир ҳаракат билан ўзини ичкари йўлак томонга бурди. Бу бурилишдан унинг орқа-ўнгини тутиб ёткан қирқ кокиллари тўлқинландилар. Кумуш ичкарига қараб чопар экан, йўл устидан ариқ бўйида қотиб турган йигитга яна бир қараб қўйди ва бу қарашда унга енгилгина бир табассум ҳам ҳадя қилди... Кумуш ичкарига кириб кўздан ғойиб бўлди, лекин Отабек яна бир неча дақиқа ерга михлангандек қотиб турди... Охирда кўзини катта очиб ўткан дақиқада учрашгани хаёлий гўзални истаб хаёлланди.”

Ҳа, Рашид Бейбутов айтган ашула айнан Кумуш ва Отабекнинг учрашуви ҳақида эди. Аммо, қандай қилиб бундай бўлди?

Дараҳол яна Интернетдан топдимики, Рашид Бейбутов бу ашулани Туркманистонда 1955 йили олинган “Хитрость старого Ашира” кинофильмида рус тилида ижро этган экан. Қўшиқнинг муаллифи 1915 йилда туғилган туркман шоири Қара Сейтлиев бўлиб, шеърни рус тилига таржима қилган А.Кронгауз “ариқ” сўзини русчада ҳам қолдирибди. Музиқасини эса, армани аслли композитор Андрей Бабаев ёзган. Бу ашула туркманларнинг колхозларини бирида бўлаётган замонавий "тоҳир-зуҳра"нинг севгиси ҳақида.

Мен бу ерда турли тарихий воқеаларни анализ қилиб ўз фикримни тасдиқлаш билан шуғулланишга вақтим йўқ, аммо фикрим қатъий: “Қара Сейтлиев Абдулла Қодирий репрессия қилинмасдан аввал чоп этилган “Ўткан кунлар” романини ўқиган ва айнан ўша ердаги Кумуш билан Отабекнинг учрашувини ёритувчи сатрлар таъсири остида ўзининг машҳур шеърини ёзган.

Нима бўлганда ҳам, кўриб турибмизки, ўзбекнинг буюки Абдулла Қодирийнинг асари туркманларнинг буюки Қара Сейтлиевни руҳлантирибди, озорбайжонларнинг буюки Рашид Бейбутов унинг ашуласини ҳамма ерда машҳур қилибди. А.Кронгауз ва Андрей Бабаевни ҳеч камситиш ниятим йўқ. Аммо, туркий халқларнинг буюклари Абдулла Қодирий, Қара Сейтлиев ва Рашид Бейбутовлар хотираси олдида тиз чўкишимиз керак.

Хонандамиз Форруҳ Зокир ҳам, бу ашулани айтишдан олдин, энг камида, бундай ўхшашлик борлиги ҳақида айтиб турса ёмон бўлмасди.

Ҳа, айтгандай, туркман шоирининг шеъридаги мен сарлавҳага қўйган сатрларни русчадан ўзбекчага менинг ўзим таржима қилдим.

Абдураҳим Пўлат
4 февраль 2018 йил