04 February 2018
22:44 - “Эзгулик” фаоли Дилмурод Саййид оздликка чиқарилди
2018 йилнинг 3 февраль куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони Ижро Этиш Бош Бошқармаси тизимидаги 64/51-сонли колонияда жазо муддатини ўтаётган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти Тошкент вилояти бўлими фаоли, журналист Дилмурод Саййид озодликка чиқарилди, дейилади “Эзгулик” Жамияти томонидан тарқатилган релизда. Маълум бўлишича, журналист жиноят ишлари бўйича Қарши тумани судининг ажрими билан муддатидан аввал қамоқдан чиқарилган ҳамкасбимизнинг аҳволи яхши, айни пайтда колониядан Тошкентга йўл олган.

“Дилмурод Саййиднинг озод қилиниши “Эзгулик”нинг сиёсий маҳкумларни озод қилишга йўналтирилган хатти-ҳаракатлари ва жаҳон ҳамжамиятининг босими туфайлидир. Унинг муддатидан авал озодликка чиқарилиши шубҳасиз ижобий ҳодиса ва бундан хушхабарларнинг давомийлигидан умидвормиз”, дейди “Эзгулик” бугунги баёнотида.

Ҳуқуқ фаоли ва журналист Дилмурод Саййид Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) билан айбланиб, 2009 йилнинг июнида жиноят ишлари бўйича Тойлоқ тумани суди ҳукми билан 12,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.

Унга нисбатан шу пайтга қадар амнистия актлари қўлланилмаган.