02 February 2018
20:53 - Сенсация: Россия 200 минг гектар ерга пахта экмоқчи, Ўзбекистоннинг ҳамма пахта толаси ўзимизда қайта ишланадими?
Россия қишлоқ хўжалик вазирлиги ўсимликшунослик, механизациялаштириш, кимёлаштириш ва ўсимликларни муҳофаза қилиш департаменти директори Пётр Чекмарёвга кўра, Ўзбекистон ҳукумати яна 3 йилдан сўнг Россияга пахта сотишни тўхтатиши мумкин. Чунки ишлар чиқариш ва хомашёни қайта ишлаш корхоналари шу тариқа ўсиб борса, мамлакат ўз пахтасини шу ернинг ўзида қайта ишлаш имконига эга бўлади.

Россия ҳукумат эса ўз эҳтиёжлари учун пахта ўстиришга мос тушадиган 200 минг гектар майдон борлигини айтмоқда. Руслар тарқатган хабарларда Пётр Чекмарёвнинг қуйидаги сўзлари келдирилган: “Бизда пахта ишлаб чиқариш бўйича ишлар бошланяпти, бу янги экин, биз бунга тайёр бўлдик. Айни пайтда технологияга оид барча масалалар кўриб чиқилган, бу йил минг гектарга яқин пахта Астрахан ва Волгоградда экилади”.

Ўзбекистон ҳукуматига кўра, 2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурига мувофиқ, 2020 йилга бориб Ўзбекистонда етиштирилган пахта толаси маҳаллий корхоналарда тўлиқ қайта ишланади.

Шундай қилиш кераклигини “Бирлик” сал кам 30 йилдан бери гапириб келмоқда. Шунча йилдан бери бу соҳада етарлича ғайрат кўрсатмаган ҳукумат, ҳамма ишни 2-3 йилда битиришига ишониш қийин. Авваламбор, бу стратегик ишнинг режаси халқ муҳокамасига қўйилиши керак. Аммо, корруация ботқоғида ботаётган мавжуд режимнинг жиддийроқ режаси борлигига ҳам ишониб бўлмайди.