23 January 2018
01:47 - Қозоғистонда 41 нафар ўзбекистонлик носоз автобусдан қутқарилибди, Шавкат Мирзиёга Ўзбекистон Қаҳрамони унвони бериб, истеъфога жўнатиш керак!

Cazata.ru сайти хабар қилишича, 22 январь куни кечаси Қозоғистонда кучли совуқ сабабли дизель ёнилғиси музлаб қолган автобусдан 41 нафар ўзбекистонлик йўловчи, жумладан икки бола, эвакуация қилинибди.

Авария-қутқариш ишлари 22 январь куни кечаси “Остона-Петропавловск” автомобиль йўлининг 54-километрида ўтказилган. Казинформ агентлиги маълумотларига кўра, кучли совуқ туфайли дизель ёнилғиси музлаб қолган. Йўловчилар ва икки нафар Қозоғистон фуқароси бўлган ҳайдовчи исиниш пункти - Бозайғир қишлоғидаги 5-агротехника коллежи ётоқхонасига олиб келинган.

Қозоғистон Фавқулодда Ҳолатлар Қўмитаси матбуот хизмати сайтида айтилишича, кучли совуқ туфайли Қозоғистон автомобиль йўллари бўйлаб сафар қилиш хавфли. Қозоғистоннинг Ақмола вилояти ҳудудида бўрон хавфи эълон қилинган. Совуқнинг кечаси −35…−40 даражагача тушиши кутилмоқда, 24−26 январь кунлари ҳаво жуда совиб, -45 даражагача тушиши, кундузи −27…−32 даража бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Фавқулодда Вазиятлар Вазирлиги Қозоғистоннинг шимолий, марказий ва шарқий вилоятлари орқали сафарга чиқишни режалаштирган аҳолидан мазкур ҳудудларда кучли совуқ бўлиши кутилаётгани муносабати билан йўловчи автобуслари ва шахсий автотранспортда йўлга отланишдан тийилишни ҳам тавсия қилибди.

Хуллас, кўриб турибмизки, ўзбекларга омад ёр бўладиган кунлар ҳам йўқ эмас. Бор-йўғи 4 кун аввал 52 нафар омадсиз ўзбекистонлик автобусда тириклайин ёниб ўлган эди.

Шубҳа йўқки, аввалги ҳалок бўлганлар хотирасига дуо қилган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё туфайли кеча 41 нафар юртдошимиз ўлимдан қутилди. Кеча ўлимдан қутилганлар туфайли Шавкат Мирзиёга Ўзбекистон Қаҳрамони унвони бериш, аввалги ўлганлар туфайли истеъфога жўнатиш керак.