22 January 2018
19:29 - “Бирлик” Партияси ва “Эзгулик” Жамияти Шавкат Мирзиёдан мотам эълон қилиш ва бу кунларга тушишимизнинг сабабларини ўрганиш Комиссияси тузишни сўради

21 январь, 2018 йил

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёга

“БИРЛИК” ПАРТИЯСИ ва “ЭЗГУЛИК” ЖАМИЯТИНИНГ ҚЎШМА БАЁНОТИ

Жаноб Шавкат Мирзиё!

Бу қўшма Баёнот-мурожаатнома чуқур азоб-изтироб ичида тайёрланди. Ўзбекистондан Россияга бир бурда нонга пул топиш учун кетаётган ватандошларимиз билан тўла автобус Қозоғистонда ёниб кетиши туфайли 52 нафар ўзбек ҳалок бўлди. Шунча одамнинг тириклайин ёниб, даҳшатли шаклда оламдан ўтиши - Гитлер Германиясининг мудҳиш лагерларида ҳам бўлмаган. Кўплаб ўзбек меҳнат муҳожирлари Россиянинг турли минтақаларида, турли вазиятларда ҳалок бўлаётгани ҳақидаги хабарлар йиллардан бери тўхтовсиз келмоқда. Сал кам ҳар куни Тошкент аэропортига 1-2 ватандошимизнинг жасади олиб келинаётгани ҳам маълум. “Бирлик” Партиясининг чет элларда ишлаётган ватандошларимизнинг тақдири билан шуғулланадиган махсус вазирлик яратиш хусусидаги таклифи ҳам, минг афсуски, инобатга олинмади. Сиз ҳокимиятга келгандан кейин тузилган Агентлик кўп нарсага қодир эмаслиги ҳам маълум бўлмоқда.

52 нафар ўзбекнинг тирклайин ёниб ўлиши билан боғлиқ воқеаларни ўрганиш, ҳалок бўлганларнинг жасадини Ўзбекистонга олиб келиш каби масалалар билан шуғулланадиган Комиссия тузилгани мутлақо табиий нарсадир. Аммо, СССРнинг ҳамма республикаларидаги “Бирлик” каби ташкилотларнинг кураши натижасида, бошқалар қатори, Ўзбекистонимиз ҳам мустақил бўлгандан кейин халқимиз қандай ғариб аҳволга тушганини ҳисобга олиб, давлат ҳокимияти ҳам, муҳолифат ҳам, яна бир қатор жиддий ишлар қилиш мажбурияти остидалар.

Шу мажбуриятдан келиб чиқиб, биринчи таклифимиз – Ўзбекистонда 3 кунлик миллий мотам эълон қилиш. Иккинчи таклифимиз - Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин нима учун ватанимиз ва халқимиз шундай ғариб аҳволга тушганини ўрганиш, иқтисодиётимизнинг кучи ва аҳолининг ўртача ойлиги бўйича ривожланган давлатларни қўйиб турайлик, баъзи қўшниларимиздан кўп марта орқада эканлигимизнинг, нима учун Ўзбекистон тўла бозор иқтисодиётига ўтмаётгани ва инвесторлар синфи яратишга йўл қўйилмаётганининг сабабларини ва бундай аҳволдагилигимизнинг айбдорлари кимлигини аниқлаш, уларни жазога тортиш масаласини кун тартибига олиб чиқиш, бу ғариб аҳволдан қандай қилиб чиқиш ва қайтадан бундай аҳволга тушмаслик учун нималар қилиш кераклиги хусусида хулосалар чиқарадиган - ҳокимият, мустақил мухолифат ва ҳуқуқ ҳимоячи ташкилотларнинг вакилларидан иборат - МАХСУС ДАВЛАТ КОМИССИЯСИ тузиш. Умид қиламизики, ватан ва миллатнинг бугунги ғариб аҳволидан келиб чиқиб, Сиз бу таклифларни қабул қиласиз.

Таклифимизда айтилган комиссияни тузиш ва комиссия ўз хулосларини чиқариши учун бир неча ой вақт кетади. Лекин, ҳозироқ қандайдир ижобий қадамлар қўйиш мумкин. Шундай қадамлардан бири сифатида “Бирлик” ва “Эзгулик”нинг бир гуруҳ фаолларини қабул қилишингизни ва уларнинг фикри билан тафсилотлироқ танишишингизни сўраймиз.

“Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси
Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти