13 January 2018
02:37 - Нью-Йорк фондлар биржаси юксалмоқда, АҚШ иқтисодиёти ўсмоқда, Шавкат Мирзиёдан сўранг, нимага бизда бундай биржа ҳам йўқ?

Авваламбор шуни айтиш керакки, тўла бозор иқтисодиёти билан яшаётган мамлакатларда иқтисодиётнинг асосий кўрсатгичларидан бири фондлар биржасидаги аҳволдир. АҚШнинг Нью-Йоркда иш юритадиган фондлар биржасида аҳвол қуйидагича.

Биржнинг асосий кўрсатгичи, яъни АҚШдаги энг катта 30 та компания акцияларининг ўртача нархини ўзида акс эттирадиган Dow Jones индекси 2016 йил 8 ноябрда ўтказилган сайловлар арафасида 18 минг атрофида эди. Доналд Трамп президент бўлиб сайланса ҳам, ҳали тахтга чиқмасиданоқ Dow Jones индекси 20 мингга чиқди. Мана орадан 1 йилдан бироз кўп вақт ўтди, кеча, яъни жорийдаги ҳафатанинг охирги иш куни Dow Jones индекси 25,8 минг бўлди.

Шундай қилиб, АҚШнинг энг катта компаниялари акцияларининг нархи, демак, уларнинг бойлиги, Доналд Трамп даврида тахминан 33 фоизга (!!!) ортди. Ҳеч шубҳасиз, майда компанияларнинг ҳам бойлиги ўртача шунча ортди. Демак, аҳолининг моддий аҳволи ҳам тахминан шунчага юксалди. Табиий, инфляциянинг ҳисобга олсак, ўсиш 33 фоиз бўлмагандир, аммо 20-25 фоиз атрофида бўлса ҳам, бу АҚШнинг катта ютуғидир.

Жойи келгани учун яна қайтармоқчимизки, АҚШда ишлаётган ўзбеклар ҳам, бошқа мамлакатлардагилар ҳам, фондлар биржаси/бозорида кетаётган жараёнлар билан қизиқишлари, қўл билан ушлаб бўлмайдиган, кўзга кўринмайдиган Dow Jones каби индекслар билан яшашни ўрганишлари, пулларини фақат банкларда эмас, ФОНДЛАР БОЗОРИНИНГ АКЦИЯЛАРИДА ҲАМ САҚЛАШНИ ЎРГАНИШЛАРИ ЛОЗИМ.

Масалан, банкда 10 минг доллар пулингиз бўлса, ўтган ойда ярим доллар атрофида фойда олгансиз. Шу пул фондлар бозорининг акцияларида сақланса, фойда камида 200 доллар атрофида бўларди. Фарқини кўрмоқдамисиз, жаноб америкалик ЎЗБЕКЛАР!!!!

Ўзбекистонимизни ҳозирги ғариб, аянчли аҳволдан олиб чиқиш учун, биринчи навбатда, катта хусусий тадбиркорликка йўл бериш, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш лозим. Айни замонда, ҳақиқий фондлар биржаси, яъни катта хусусий ширкатларнинг акциялари ҳам сотиладиган бозор яратилиши, бундай бозорнинг Dow Jones каби индекси бўлиши керак.

Шундай индекс бўлса, Шавкат Мирзиё халқни алдаб, фаровонлигимиз ўсиб бораётгани ҳақида лофлар айтолмайди. Чунки, аҳволимиз қанақалигини Dow Jones каби индекс ҳам кўрсатиб туради.

Хўш, Шавкат Мирзиё шундай қадамлар қиладими, ёки халқ майдонларга чиқиб, шундай қилиш талабини ўртага отишини кутиб ўтираверадими? Демак, ўзбеклар майдонларни тўлатиб митинг-намойишлар ўтказишга тайёрланаверишлари керак. Бошқа йўл йўққа ўхшамоқда.

Расмда – фақат шу ҳафтанинг иш кунлари Dow Jones индексининг зиг-загли ортиб бориши.