13 January 2018
12:34 - Шавкат Мирзиё: Мудофаа ва Ташқи Ишлар вазирликларида ҳамма нарса “дабдала” эди, энди “Во!” бўлади! “Ҳаракат”: “Во!”чилардан қутилишни ўйлайлик!
Президент Шавкат Мирзиё 10 январда Чирчиқдаги бир ҳарбий қисмга бориб келди, сўнгра ўз ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Қуролли Кучларининг аҳволи ва келажаги ҳақида узундан узоқ нутқ сўзлади. 12 январда эса, ўз раислигида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари фаолияти таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Шавкат Мирзиёнинг бу иккала йиғилишда айтган умумий гапларини энг қисқа шаклда шундай ифдалаш мумкин: “Мен Бош вазир бўлсам ҳам, амалда ҳамма нарса ярамас Ислом Каримнинг қўлида бўлган сабабли, Қуролли кучларимизнинг ҳам, Ташқи Ишлар Вазирлигимизнинг ҳам, аҳволи “дабдала” эди, мана энди мен ҳаммасини “Во!”қиламан."

Шавкат Мирзиёнинг бу икки йиғилишдаги нутқлари қоғозда қолиб кетиши аниқ бўлгани сабабли, уларни анализ қилиб ўтириш – вақтни бекор кетказиш бўларди. Аммо, уларнинг масхарабозлик руҳини кўрсатиш учун иккита мисол келтиришдан фойда бор.

Биринчиси. Шавкат Мирзиё қуролли кучларимизни тубдан ўзгартирадиган ислоҳотлар қилмоқчимиш. Аммо, руслар айтгандек, “На какие шиши?” Ахир 2 ҳафта аввал Шавкат Мирзиёнинг ўзи тасдиқлаган 2018 йилга Давлат Бюджетимиз 62,229 трлн сўм, яъни бор-йўғи йўғи 7,69 млрд доллардир.

Ривожланган давлатларни қўйиб туринг, аҳволни яна қўшнимиз Қозоғистон билан солиштирайлик. У ерда Давлат Бюджети 2018 йилга 25 млрд доллар қилиб тасдиқланган, яъни биздан 3 баравар кўп, киши бошига эса, уларда аҳоли биздан 2 баравар кам бўлгани сабабли, 6 баравар кўп. Шундай қашшоқ эканмиз, Шавкат Мирзиё ниманинг ҳисобига армиямизни “Во!” қилмоқчи? Ҳаромий Ислом Карим йўл бермаган МЎЪЖИЗАЛАР ҲИСОБИГА БЎЛСА КЕРАК.

Иккинчиси. Қайсидир бир вилоятга бориб тутзорларни ривожлантириш, Қорақалпоғистонга бориб кўпроқ қора қалампир экиш маслаҳати берган Шавкат Мирзиё акамиз чет эллардаги элчихоналаримизда ишлайдиган дипломатларга ҳам маслаҳат беришдан ўзларини тийолмаптилар ва шундай дептилар: “Мисол учун, агар Италиядаги элчимиз шу мамлакат ишбилармонларининг вакилларини йиғиб, буюк итальян шоири ва мутафаккири Алигьери Дантенинг “Илоҳий комедия” асарини бизнинг улуғ шоиримиз Абдулла Орипов таржима қилганини айтиб, ўзбекча дантехонлик уюштирса, биласизларми, нима бўлади? Уларда Ўзбекистонга ҳурмат, қизиқиш, ҳамкорлик қилишга интилиш пайдо бўлади”.

Эй, ўқувчиларимиз тушунинг, Дантенинг сал кам МИНГ йил аввал яратган “Илоҳий комедия”сини бутун дунё халқлари ўз тилларига таржима қилиб бўлганларидан кейин ва руслар бизни босиб олгандан кейин Данте борлигини ўрганганимиз ва “Илоҳий комедия”ни русчадан таржима қилганимизни жуда яхши билан италияликларга Шавкат Мирзиёнинг таклифи билан қилинадиган ҳаракатларимиз устидан ичларида роса кулишади-ку. Чидай олмаганлар очиқча ҳам кулиб юборадилар. Аммо, масхарабоз ўзбеклардан нарироқ туришга ҳаракат қиладилар.

Хуллас, бунақа президент билан ишларимиз “Во!” бўлолмайди. Эсдан чиқармайликки, Тошкентда 1992 йил бошида Талабалар шаҳарчасида чиққан қонли тўпалонлардан кейин Ислом Карим “Бир неча ойда ҳамма нарса “Во!” бўлади деган эди. Ваҳолангки, ўшанда ўзбек профессорлари қозоқ профессорлари каби маош олардилар, бугун уларни қозоқ дворникларидан ҳам кам маош оладиган ҳолга Ислом Карим ва айнан Шавкат Мирзиё тушурмадими?

Эй, ўзбеклар! Майдонларга чиқиб, бундай “Во!”чилардан қутилиш, фундаментлар сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш тарафдорларини ҳокимиятга олиб келиш учун ҳаракатлар бошланг. Ва унутманг, “Биздан ҳаракат – Оллоҳдан баракат!”