19 December 2017
20:29 - Сиёсий маҳкум Исроилжон Холдор Тошкентдаги манзил колонияга ўтказилди
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг хабарига кўра, Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/36-сонли колонияда жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоли ва мухолифатчи Исроил ХолдоровТошкент вилояти Зангиота тумани Назарбек аҳоли пунктидаги 64/66-сонли манзил колонияга ўтказилди. У жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг ажрими билан жазо муддатининг 3/2 қисмини ўтаб бўлгани ва муносиб хулқ-атворда тавсифлангани учун манзил колонияга ўтказилган.

“Эзгyлик” Жамияти ўз баёнотида Исроил Холдоровнинг манзил колонияга чиқарилишини ижобий воқеа сифатида баҳолаб, унинг яқин орада озод қилинишига умид билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Исроилжон Холдор 2006 йилнинг 4 июнида жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди томонидан конституциявий тузумга тажовуз ҳамда давлат чегараларини ғайриқонуний равишда кесиб ўтишда айбланиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган, унга нисбатан берилган жазо муддати яна икки марта узайтирилган эди.

Расмда - 2016 йилнинг 11-сентябрь куни “Эзгулик” Жамияти фаоллари Васила Иноятова ва Абдураҳмон Ташанов Навоий шаҳридаги 64/29-сонли жазони ижро этиш муассасасида Исроилжон Холдоров билан учрашаётган пайт.