06 November 2017
23:15 - Ўзбекистонда давлат нотариуслари тугатилади, аслида ҳам шундай бўлиши керак эди
2018 йил 1 январидан Ўзбекистонда ўз-ўзини молиялаштиришга асосланган бюджетдан ташқари нотариусларни жорий этиш режалаштирилмоқда. Амалдаги давлат нотариал идоралари эндиликда босқичма-босқич нодавлат идораларга айлантириб борилади.

Марҳум Ислом Карим даврида хусусий нотариуслар кўплаб қонунбузарликлар содир этгани боис тизим тўлиқ давлат ихтиёрига ўтказилганди ва бундан сўнг соҳада қатор муаммолар юзага келди. Хусусан, нотариусларга бир неча кунлик навбатлар, нотариуслар ўзларини мутлақ ҳоким ҳис қилиши ва ҳоказо. Аммо жиноятчилик камаймади. Сўнгги бир йилда 27 нафар давлат нотариусига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Тайёрланаётган фармон лойиҳасига кўра, нотариал идораларни молиялаштиришнинг адолатли шароитларини яратиш орқали нотариусларнинг ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатишларига эришиш режалаштирилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Нотариал палатасини таъсис этиш ва барча нотариусларнинг унга мажбурий равишда аъзо бўлишини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Нодавлат палата нотариуслар фаолиятини мувофиқлаштириб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади.