07 November 2017
01:32 - Жаноб Шакат Мирзиё! Шароф Рашидовнинг 100 йиллиги нишонланишга арзийдиган воқеами?

Кеча Ўзбекистон Коммунистик Партиясига 1959-1983 йиллари раҳбарлик қилган Кремлнинг хизмакори Шароф Рашидовнинг 100 йиллигига бағишланган тантанали табдирларда иштирок этиш учун Компартиянинг ҳозирги раҳбари, э... кечирасиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё Жиззахга келди. Шавкат Мирзиёнинг шу йил 27 мартдаги "Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Жиззахда бу воқеага катта тайёргарлик кўрилган экан, тантаналар доирасида Шароф Рашидовнинг ҳайкали очилибди (расмда).

Ўзбекистонни исломлаштириш режалари доирасида Шароф Рашидов хотирасига эҳсон дастурхони ёзилиб, Қуръон тиловат қилинибди. Ваҳолангки, Исломга кўра, ҳайкални қўйиб туринг, мусулмоннинг расмини ҳам олиш мумкин эмас. Шунинг учун, масалан, Эронда Муҳаммад пайғамбар ҳақида олинган кинофильмларда унинг юзи ҳам кўрсатилмайди.

Хабарнинг сарлавҳасидаги саволга келсак, Шароф Рашидовнинг ҳайкал қўйишга арзийдиган бир нечта иши тўғрисидана гапириш мумкин.

Биринчи. Ўтган асрнинг 70-йилларида Москва бутун СССР бўйлаб рус тилининг кучини ошириш учун СССР таркибидаги республикаларнинг биттасини пойтахтида бутуниттифоқ конференция ўтказиш қарори олди, аммо ҳамма республикларнинг раҳбарлари турли баҳоналар билан бундан қочдилар. Шароф Рашидовнинг ўзи ўртага отилиб, бу ишни ўз бўйнига олди. Шундан кейин ўзбек тилини ҳамма ердан сиқиб чиқариб, ўзбекларнинг уй тилига айлантириш жараёни бошланди. Ва Шароф Рашидов бунга эришди.

Иккинчи. Россияга сал кам текинга пахта етиштириб бериш ва Москвага ёқиш учун Шароф Рашидов Ўзбекистонда пахта яккаҳокимлигини ўрнатди ва Амударё ҳамда Сирдарё сувларини асосан пахтачиликка ишлатиб, Орол денгизини қуритиш учун асос тайёрлаб кетди.

Учинчи. 1966 йил 26 апрелда Тошкентда юз берган ер қимирлашдан фойдаланиб, Шароф Рашидов Тошкентнинг марказида янги қурилган уйларнинг кўпчилигини маҳаллий ва Россиядан кечалари олиб келинган руслар билан тўлатди, ўзбеклар Тошкентнинг четига сиқиб чиқарилди.

Тўртинчи. 1970 йил 22 апрелда Москвада Владимир Лениннинг 100 йилиги муносабати билан СССРдаги аҳолиси 1 миллиондан катта бўлган шаҳарларда метро қуриш қарори олинди. Аҳолиси 1 миллион ҳам бўлмаган Боку ва Тбилисида метро дарҳол қурилди. Тошкентда анча йиллардан кейин 2 миллион аҳолининг эҳтиёжларини қоплай олмайдиган 10 танинг атрофида метро станциялари қурилди.

Бешинчи. Навоий вилоятида дунёда энг кўп ва энг арзон олтин чиқариладиган конлар ишга туширилди ва олтинларни ўша пайтда тезлик билан қурилган аэропортдан тўғри Москвага жўнатиш йўлга қўйилди. Шароф Рашидов йиллик ишлаб чиқарилаётган олтиннинг миқдори билан ҳам қизиқмаган.

Олтинчи. Ҳозир “Бирлик” Партиясининг раиси бўлган Абдураҳим Пўлатнинг тоғаси, машҳур академик Ҳосил Фозилов ўтган асрнинг 60-чи йиллари бошида “Ўзбек болалари ҳар йили пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ишларига, кузда эса тахминан 3 ой пахта теримига олиб чиқилаётганлари сабабли, уларнинг саводи жуда паст бўлиб қолмоқда. Шу сабабли, Ўзбекистонда мактабларни 11 йиллик қилиш керак” деган таклифига Шароф Рашидов кўз юмди. Аслида, Ҳосил Фозилов у пайтда болаларни пахта теримига олиб чиқишни тўхтатиш тўғрисида гапириб ҳам бўлмаганлиги учун шундай айёрона йўл танлаган эди. Агар Шароф Рашидов ўзбек болаларининг келажагини ўйласа, бу таклифдан усталик билан фойдаланса бўларди

Мана шу айтилган нарсаларнинг ўзи, вақти келиб, Шароф Рашидовнинг ҳайкалини улоқтириш учун етарлича асосдир. Вақти келади, айнан шундай бўлади.