05 November 2017
13:20 - Ислом динини ўлимдан қутқарайлик: Бир эркак ўзи билан никоҳсиз ётган хотиндан туғилган қизига уйланиши мумкинмиш

Инглизларнинг машҳур Daily Mail газетаси ва арабларнинг Ал-Арабия янгиликлар телеканалига асосланиб тарқатилаётган хабарларда айтилишича, Ислом Дунёсининг энг қадимий ва энг обрўли диний ўқув юрти бўлмиш Қоҳирадаги Ал-Азҳар Университетининг олими Мазен ел-Серсави эркак киши ўзи билан никоҳсиз жинсий алоқага кирган, яъни зино қилган аёлдан туғилган ўз қизига уйланиши ёки у билан ҳам никоҳсиз жинсой алоқа қилиши мумкин эмиш.

Мазен ел-Серсави бу гапларини Имом Шафига асосланиб айтибди. Имом Шафи 8-9 йилларда яшаган машҳур дин олими, ҳадисшунос бўлиб, унга кўра, никоҳсиз туғилган чақалоқнинг отаси номаълум ҳисобланади, демак, никоҳсиз туғилган қизга ўша эркак уйланиши мумкин, чунки у қизнинг отаси номаълум-ку. Яъни, эркак шу шаклда ўз қизига уйланса, уларнинг никоҳи ҳалол ҳисобланармиш.

Булар ҳаммаси ўзини Ислом олими деб ҳисоблайдиган одамларнинг Қуръонда аниқ жавоби бўлмаган саволларга тўқиган жавобларидир. Маълумки, Қуръонда тушуниб бўлмайдиган жойлар жуда кўп, Ислом уламолари ўз билимлари асосида уларни шарҳлаганлар, бу шарҳлар тафсир дейилади.

Мана қаранг, Ислом уламолари никоҳни илоҳийлаштириш мақсадида пасткашликдан ҳам баттар ишлар қилмоқдалар, балоғат ёшига етмаганлар номаҳрамлар олида юзлари очиқ бўлолмайдилар деб, феълан Оллоҳ икки жинсдан иборат қилиб яратган одамзодни яна бошқа синфларга бўлиб ташламоқдалар. Айнан шунга ўхшаш нарсалар туфайли Ислом дунёсида ҳеч қандай ривожланиш бўлмади. Эски шайхларнинг шархларини қайта кўриб чиқиш модаси бошланса, динимиз хаос ичида ўлади.

Одамзоднинг бошқа қисми ўта тезлик билан ривожланиб борар экан, мусулмонлар ўлим йўлидан қутилиш учун кофирларга қарши жиҳод қилиш, ҳозирги тил билан айтсак, террор қилиш йўлини танлашга мажбур бўлмоқдалар. Террор йўлидан қайтилмаса, Ислом динини кофирлар йўқ қиладилар.

Шундай экан, Ислом динида фундаментал ислоҳотлар қилиш, Ислом динининг Қуръонни хато тафсир қилиш натижасидан келиб чиққан хато тушунчаларидан қутилиш, авваламбор, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришиш керак. Кейинги қадамда 5 маҳал намоз, рўза, ҳаж каби амалиётлар фарзликдан чиқарилади, ягона илоҳий фарз Имон бўлиб қолади.

Акс ҳолда, Ислом дини ўз ўлимини ўзи тезлаштиради, холос.