04 November 2017
15:13 - Хабарга ҳам арзимайди: Тошкентда МДҲ Хукумат Раҳбарлари Кенгашининнг йиғилиши бўлди, Абдулла Арипов фамилиясини тузатмоқчи

3 ноябрь куни Тошкентдаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат Раҳбарлари Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Аввал ҳукуматлар раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бўлган Унда Арманистон Бош вазири Карен Карапетян, Беларусь Бош вазири Андрей Кобяков, Қозоғистон Бош вазири Бакитжан Сагинтаев, Қирғизистон Бош вазири Сапар Исоқов, Россия Ҳукумати раиси Дмитрий Медведев, Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, Озарбайжон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ёқуб Эюбов, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эсенмурат Оразгелдиев, Молдованинг МДҲ устави доирасидаги ва бошқа органлари ҳузуридаги мухтор вакили Виктор Сороган иштирок этди. Мажлисда МДҲ Ижроия Қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев ҳам қатнашган. Расман МДҲнинг аъзоси бўлса ҳам, феълан ундан чиқиб бўлган Украина, табиий, Тошкентга ўз вакилини юбормаган.

Номидан ҳам кўриниб турганидек, МДҲ Ҳукумат Раҳбарлари Кенгаши бу ташкилотга кирувчи мамлакатлар ижро ҳокимиятларининг иқтисодий-ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлигини ривожлантиришни мувофиқлаштирувчи органидир. Аммо, бундай йиғилиш Тошкентда биринчи марта бўлаётгани кўпчилик билмайдиган факт бўлса керак.

Ҳукумат раҳбарлари Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашибдилар, кун тарибидаги 20 тага яқин масалани кўриб чиқибдилар.

Бу йиғилиш бўйича диққатга сазовор бўлиши мумкин бўлган қуйидаги нарсаларни тилга оламиз.

Нью-Йоркда ўзбек аслли террорист уюштирган исломий терактнинг ҳам таъсирида бўлса керак, терроризм, экстремизм, шунингдек, уларни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича аъзо давлатлар ўртасида маълумот алмашувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилибди, бу хусусда баёнот ва МДҲда ҳаво ҳужумларига қарши мудофаа системасини ривожлантиришни молиялаштириш ҳақидаги қарор қабул қилинибди.

Ҳукумат раҳбарлари халқаро картелларга қарши самарали курашишда дунё ҳамжамияти кучларини бирлаштириш, нефть ва газ машинасозлиги, мелиорация ва товарларнинг божхона нархлари масалалари каби соҳалар бўйича ҳамкорлик, жумладан, уларнинг ижросига доир дастлабки тадбирлар режаси хусусисида келишибдилар. Бошқа бир қатор майда-чуйда масалалар ҳам муҳокама қилинган, тегишли қарорлар қабул қилинган.

Бундай Кенгаш йиғилишининг 2018 йилдагиси Тожикистонда бўлади.

Ҳа, дарвоқе, бир муҳим масалани тилга олишни унутибмиз. Бош вазиримиз Абдулла Арипов Ўзбекистон ўзининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги иштирокига янгича тус беришни мўлжаллаётганини айтибди. Янгича тус бериш деганда, яқинда у ўз исми-шарифидаги мустамлакчилар тиқиштирб кетган “-ов” қўшимчасини улоқтириб, фамилиясидаги “А" ва "п” ҳарфларини "О" ва “ф” билан алмаштириш, бу каби йиғилишлар ҳақида кеча-бугун қилиб бўлинганидек, ортиқча хабарлар бериб ўтирмаслик, хабарларга биронта расм ҳам қўймаслик (чунки, у ерда жорийдаги президентнинг қули бўлган бош вазир ҳам бор-ку) назарда тутилган бўлса керак.

Расм русларнинг “Новости” Агентлиги тарқатган хабардан олинди.