02 November 2017
15:32 - Вазнсизлик одамнинг миясини бузар экан, ислом фанатизми ҳам шундай қилмайдими? Қилади, дейди Абдураҳим Пўлат!
Инглизларнинг New England Journal of Medicine (Англиянинг Янги тиббиёт Журнали) номли илмий нашрига асосланиб тарқатилаётган хабарларга кўра, одамнинг узоқ вақт фазода вазнсизликда қолиши, унинг миясида ўзгаришлар пайдо бўлишига олиб келар экан. Жумладан, миянинг анатомик тузилишида, жумладан, миянинг қивримларида (русчасига – извилины мозга) ўзгаришлар бўлади, мия суюқликларининг жойи ўзгаради. Табиий, буларнинг ҳаммаси одам организмига салбий таъсир қилади.

Олимларнинг бу йўналишдаги тадқиқотлари жуда муҳимлиги табиий. Чунки, фазога учишлар кўпайиши кутилмоқда, баъзилар фазода туристик саёҳатлар устида ўйлашга бошлашгани ҳам маълум. Келажакда бошқа планеталарга учишлар бошланиши ҳам шак-шубҳасиз.

Бизни эса, бошқа савол қизиқтириб қолди. Ҳозир Ислом дунёси жаҳоннинг энг қашшоқ ва қолоқ қисми бўлиб қолганининг, мусулмонлар замонавий дунёда биронта янгилик яратолмаганларининг, ислом фанатиклари кечагина Нью-Йоркда ўз ватандошимиз уюштиргани каби ақлсиз терактлар қилиш билан овора бўлиб қолганларининг сабаби – узоқ давом этган фанатизм, жумладан, ислом фанатизми эмасми? Айнан фанатизм мияда салбий ўзгаришларга олиб келмаяптими? Аҳволимиз шунчалик ғариблашдики, 10-11 сентябрь кунлари Остонада бўлиб ўтган Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича саммитининг Декларациясида "Ислом жамияти ҳаддан ташқари қашшоқлиги, одамларнинг ақл-идроки ҳам қашшоқлиги" очиқча тан олинди.

Эслатиб ўтамиз, фанатизм – ўз эътиқодига, кўпинча, диний, миллий ва сиёсий соҳадаги эътиқодларига кўр-кўрона амал қилиш, уларга содиқ қолиш каби хусусиятлардир. Ўзбеклар ислом фанатизми бўйича дунёда биринчилардан эканликлари ҳам маълум.

Олимлар фанатизмнинг мияга қандай таъсир қилишини ўрганишлари керак, ўйлаймизки, ўрганадилар. Аммо, ҳозироқ жуда катта эҳтимоллик билан тахмин қилиш мумкинки, мутлақо кўп ҳолларда ҳар қандай фанатизм, ҳатто, масалан, футбол тамошабинларининг фанатизми, уларни ибтидоийликка тортмоқда. Айнан ислом фанатизми Ислом дунёсини қолоқлик ва қашшоқликка тортаётгани ҳам шубҳасиздек кўринмоқда.

Мен, дейди “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат, сўнги ўн йилликлар ичида Туркияни қайтадан исломлаштириш бошлангани, ислом фанатизми у ерда кун эмас, соат сайин ўрта асрлар даражаси томонга кетаётганини кўрганимдан кейин, бу кетишда Туркия Ислом дунёсидаги ягона замонавий ривожланган ва кучли давлат мавқеини йўқотишга бошлашини, Туркия Халифалик каби инқирозга учраб парчаланишини башорат қилганимда тарихий фактлар ва интуициямга асосланган эдим.

Шу пайтгача тарихий фактлар ва интуициямга асосланиб қилган башоратларимнинг ҳаммаси тўғри чиққани учун Туркия хусусидаги башоратим ҳам тўғрилигига ишонаман. Инглиз олимларининг тадқиқотлари кўрсатмоқдаки, бу соҳада ҳам илмий ишлар олиб бориш ва фанатизмнинг мияга таъсирини ўрганиш мумкин, демак, шундай қилиниши керак. Менинг фикримча, фанатизм одамларнинг менталитетини ўзгартириди. Демак, фанатизмнинг мияга таъсири деганда миянинг ташқи кўринишидаги жизмоний ўзгаришлардан, яъни қивриқларнинг ўзгаришидан ташқари, жисмоний бўлмаган ўзгаришлар ҳам ўрганилиши керак.

Мен ўтган асрнинг 80-чи йиллари ўртасида Тошкентда Кибернетика Институтида “Интеллектуал Роботлар” лабораторияси яратганимда шундай нарсалар ҳам ҳаёлимда бор эди. Аммо, улар ҳозир мен учун фақат роботлар нуқати назаридан эмас, қолоқлик ва қашшоқлик гирдобида қолган миллатим ва умматимнинг ғариб аҳволи нуқтаи назаридан ҳам янги жиҳатлар касб этмоқда.