01 November 2017
23:12 - Яна бир сенсация: Президентнинг Давлат Маслаҳатчиси Қаҳрамон Қурнобой Новосибирскда ўзбек мардикорлари билан учрашди

Президентнинг ёшлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбой Новосибирск бозорларида меҳнат қилаётган ўзбеклар билан учрашибди. Бу ҳақда хабар қилган Ёшлар Иттифоқининг матбуот хизмати Россияда ишлаётган, бозорларда савдо қилаётган сотувчиларнинг 60 фоиздан ортиғи Ўзбекистон фуқаролари эканини урғулаган.

“Асосан, водий вилоятлари ёшларини ташкил этган савдогарлар билан Давлат маслаҳатчиси самимий мулоқот қилиб, уларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берган. Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси аъзолари меҳнат қилаётган ёшларнинг яшаш шароитлари билан танишган. Делегация аъзоси, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов ҳам ёшлар билан учрашувлар ўтказган” дейилади хабарда.

Давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбой бошчилигидаги амалдорлар, санъаткор ва дипломатларимиздан иборат делегациянинг у ерда ишлаётган ўзбеклар ва ҳатто иш берувчилар билан учрашувлари 9 ноябргача давом этади.

Ўзбекистон ҳукуматидагилар “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси “Ҳаракат” Агентлигининг ҳукуматни айби билан чет элда ишлашга мажбур бўлаёган ватандошларимизнинг муаммолари билан ҳам айнан ҳукумат шуғулланиши кераклиги ҳақидаги йиллардан бери айтиб келаётган гаплари инобатга олинаётгани олқишга сазовордир. Энди бошқа таклифларимизни ҳам қабул қилиш, жумладан, Ўзбекистон иқтисодиётида фундаментал ислоҳотлар бошлаш керак.