23 October 2017
20:25 - Пойтахтдаги собиқ ишратхона ва фоҳишахоналар бечора милиционерларга уй қилиб берилди
Пойтахтнинг Амир Темур хиёбонида 150 нафар таянч пункти профилактика инспекторларига хизмат уйлари ва шахсий автомашиналар топширилди. Топшириш маросимида Сенат раиси, Бош прокурор, Ички Ишлар Вазири, Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти, шунингдек профилактика инспекторларининг ота-оналари ва яқин қариндошлари ҳамда журналистлар иштирок этишди.

Расмий агентликларнинг хабар беришича, мазкур уйлар фуқаролардан мусодара қилинган уйлар бўлиб, улар асосан фоҳишахона сифатида ишлатилгани сабабли жиноят қуроли сифатида тортиб олинган уйлардир. Яъни, сўнгги 1,5 йил давомида квартираларини ижарага берган фуқарорларнинг мазкур хонадонларининг аксарияти ижарачилар томонидан исловотхона сифатида фойдаланилгани аниқланиб, уйлар давлатга мусодара қилинган.

Бундай ғайриқонуний мусодаралар шу йилнинг 29 сентябрида қонунга киритилган ўзгартиришлар туфайли тўхтатилди. Аммо аввалроқ мусодара қилинган фоҳишахоналарни миршабларга берилиши - шундоқ ҳам халқ ҳурмат қилмайдиган миршабларимизнинг обрўсини яна ҳам тушишига хизмат қилиши шубҳасиздир. Бу маросимга бечоралар - Сенат раиси, Бош прокурор, Ички Ишлар Вазири, Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти – чақирилиши ҳам одамларнинг ҳаёлини ҳар тарафларга тортадиган ўта қизиқ воқеа. Ёки бу миршаблар халққа яхшироқ хизмат қилишлари кутилмоқдами?