03 October 2017
17:17 - Абдураҳим Пўлат: “Эрк”да ҳамма ватанфурушмиди, унинг кучи нимада эди?

(Бу мақола 2016 йил август ойида ёзилган ва ўша пайтда "Ҳаракат" сайти ҳамда "Ҳаракат" журналида эълон қилинган. Аммо, унинг актуаллиги йўқолгани йўқ, яқин орада, яъни ўзбеклар миллат сифатини тикламагунча, йўқолмайди)

1989 йили “Бирлик” халқ ҳаракати энг кучга тўлган, комунистик режим эса жар ёқасида турган пайтда Салай Мадаминов бошчилигидаги гуруҳнинг (бугун у 53-54-чилар номи билан машҳур бўлмоқда) миллий ҳаракатга хоинлик қилиши миллатфурушлик, ватанфурушлик деб баҳоланиши мутлақо тўғридир. Чунки, улар йўқ қилинаётган миллий қадриятларимизнинг ҳимояси, ватаннинг муcтақиллиги учун кураш олиб борётган “Бирлик” халқ ҳарактининг оёғига болта урдилар.

Хўш, улар ватанни, миллатни кимга соттилар? Каримовгами?

Уларнинг хоинлиги Салай 1989 йил 30 август куни Каримов билан махфий учрашганидан кейин ўртага чиқабошлагани, учрашув у хоин оиласи билан дам олишдан қайтиб келаётганида уни самолет трапи олдида кутиб олган Компартия Марказкоми Мафкура бўлими мудир ўринбосари Ирисмат Абдухолиқов томонидан уюштирилгани энди исботланган факт. Аммо, кечагина ҳукуматнинг ашаддий мухолифатчиси деб ҳисобланган одамни Каримов самолет трапи олдида кутиб олдириб, ўз ҳузурига чақиришини тасаввур қилса бўладими? Йўқ, Каримов бу “мухолифатчи” гаплашишга тайёр бўлганига амин бўлгани учун шундай қилган. Уни тайёрлаш, тўғрироғи сотиб олиш, КГБ тарафидан дам олиш пайтида амалага оширилган.  (Ислом Каримов "Бирлик"нинг 10 сентябрга чақирилган 100 минг кишилик митингидан эс-песи чиқиб кетгани учун тез ҳаракат қилаётган эди. Чунки, 10 сентябрь ўзининг охирги сиёсий куни бўлишини тушунарди)

КГБ Совет режимининг, Кремлнинг қуроли бўлгани учун, Салай ва бошқа 53-54-чилар ватан ва миллатни айнан Кремлга сотганлари рад этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.

КГБ Салай Мадаминов билан қандай ишлагани. Ирисмат Абдухолиқов уни самолет трапи олдида кутиб олгани кеийнчалик маълум бўлди. Лекин, буларни билмасдан ҳам Салай ва унинг атрофидагиларнинг ишини фақат мен хоинлик деб баҳоладимми? Йўқ.

53-54-чилар “Бирлик”ни парчалаб, очиқчасига Каримов билан ҳамкорлик қилиш позициясига ўтганда, мутлақо кўпчилик улар билан кетмади, мен бўлган тарафда қолди. Ваҳоланки, мен билан қолганларнинг ҳаммаси “Бирлик” сафларига Салай Мадаминов, Дадахон Ҳасан, Зоҳир Аълам, Усмон Азим, Аҳмад Аъзам, Дилором Исоқовалар, яъни бўлғуси 53-54-чилар туфайли келгандилар. Демак, кўпчилик, айнан мен каби, уларнинг ишини хоинлик деб баҳолади.

Тўғри, Дадахон ака биp ҳафтадан кейин сафларимизга қайтди. Аммо бўлиниш куни у тарафда эди. “Бирлик” символларидан бўлган киши ҳам бўлиниш куни кўпчиликни орқасидан эргаштиролмагани жуда муҳим фактдир. Бу “Бирлик”нинг етуклик даражасини очиқча кўрсатмоқда. Менинг ишончим шундан иборатки, бу - миллатимиз етуклигининг ҳам кўрсатгичидир.

Озчиликдан иборат бўлган гуруҳнинг сотиб олинган қисмидан ташқари турли хусусий сабаблар билан унга қўшилганлар ҳам бўлган. Масалан, Тоҳир Каримов, Шоди Каримов ва кейин “Эрк” партияси котиби ҳам бўлган Ҳамидулла Нурмуҳамедов кабиларни сотқин дейиш қийин. Уларнинг “Бирлик”ни оёққа туришида қандай хизматлари борлигини мен жуда яхши биламан. Уларни сотиб олиш осон эмас. Аммо, уларнинг бошқа заифликлари бор эди. Масалан, Тоҳир Каримов ибтидоий маҳаллийчилик қурбони бўлди. У Салай билан бир вилоятдан бўлган.

Раҳматли Шоди ака ва Ҳамидулла ҳақида бир-икки оғиз сўз. “Бирлик”нинг Ташаббус гуруҳи тузилишидан бошлаб самарали фаолият олиб бориб, Тошкентда кўзга кўринган одамларимизга айланган бу икки киши бошқа турли ибтидоийлик қурбони бўлди.

1989 йил 28 май куни Таъсис Қуурлтойи ўтар экан, тажрибасизлигимиздан ёки демократияни бошқачароқ тушунишимиздан бўлса керак, баъзи хатоларга йўл қўйгандик. Масалан, ташкилотнинг сайланадиган раҳбар органларининг таркибини аввалдан муҳокама қилиб, керакли тайёргарчиликни кўрмадик. Натижада, Марказий Кенгаш аъзоларини сайлаш навбати келганда, ҳар ким аъзоликка номзод қилиб таниган одамини кўрсатишни бошлади. Мен уларнинг исмларини зўрға ёзиб олишга улгурардим. Бирпасда 93 кишининг номзоди кўрсатилганги эсимда. Яна номзод кўрсатиш учун қўл кўтариб турганлар жуда кўп эди. Уларни ҳам тушуниш мумкин. Тарихда биринчи марта демократик сайловлар бўлмоқда эди. Тушундимки, жараён шу кетишда кетаверса, рўйхатга бу ерда бор бўлган 250 кишининг ҳаммаси киради. Вақт кеч бўлган. Ҳар бир номзодни овозга қўйиб сайлов ўтказсак, эрталабгача ўтирамиз. Шу сабабли мен таклиф киритдим: “Ҳозир нормал сайлов ўтказиш имконимиз йўқ. Аслида, бу ердаги ҳар бир киши Марказий Кенгаш аъзоси бўлишга лойиқ. Йилнинг охиригача, ҳамма вилоятларда ташкилотланиб олганимиздан кейин, 2-чи Қурултойни ўтказишимиз керак. Ана ўшанда ҳақиқий сайловлар ўтказамиз. Шу сабабли, ҳозир номзод кўрсатишни тўхтатиб, шу 93 кишини рўйхати билан овозга қўйиб Марказий Кенгашни сайласак ёмон бўлмасди”. Шундай қилдик ҳам.

Беш дақиқа ҳам ўтмасдан жуда катта хато қилганимни тушундим. Шоди ака ва Ҳамидулла каби ростдан ҳам фаоллик кўрсатган, шу туфайли Марказий Кенгашга сайланишни орзу қилиб келган одамларнинг бир қисми учун мен ашаддий душманга айланиб бўлгандим. Кейинчалик, бу икки киши ва бир неча у кабилар айнан шу сабабдан “Эрк”га ўтишди.

Вилоятлардаги кўзга кўринган фаолларимиз ҳам хоинларга қўшилишмади. Аммо, баъзи кутилмаган воқеалар бўлди. Масалан Самарқанд ташкилотида. Бу ташкилотнинг лидерлари Алибой Йўляхшиев, Сулаймон Муродов ва Барот Намозов биз билан қолишди. Бўлинишдан 2 ҳафтача кейин “Бирлик” Ёшлар қанотининг раиси Асқар исмли йигит (у Тошкентда ўқир, аммо асли Самарқандлик эди) уйланадиган бўлди. Биз бир неча киши (Гулчеҳра Нуриллаевa ва Маҳмуджон Иноқовлар борлиги эсимда) тўйга Самарқандга кетдик. Жума ёки шанба куни бўлса керак, атайлаб вақтлироқ келдик ва баҳона билан маҳаллий “Бирлик” фаоллари билан кўришиб кетайлик дедик. Аввадан уларни огоҳлантирмаган бўлсак ҳам, бир соатлар ичида 20-25 киши тўпланди. У пайтда Самарқанд ташкилотимиз энг кучлилардан эди.

Шу ерда маълум бўлдики, юқорида номи айтилган 3 киши “Бирлик”нинг бўлинганини маҳаллий фаолларимизга ҳатто айтишмапти. Ҳалигача билмайман нега шундай қилишган, ўзлари шундай фикрга келишганми ёки улар билан қандайдир иш олиб борилганми, ҳар ҳолда ўз ташкилотларидан ҳақиқатни яширишган ва 53-54-чилар тарфидан Каримовнинг ёрдамида тайёрланаётган “Бирлик” номи остидаги Қурултойга қатнашишни мўлжаллаб қўйишган экан. Ўша кунги мажлис қатнашчилари тамомийла бизнинг позициямизда эканликларини билдиришгач, Алибой Йўляхшиев, Сулаймон Муродов ва Барот Намозовлар уларанинг амрини бажараришга ваъда беришди.

Минг афсуски, Дадахон Ҳасан айтганидек “бир марта зино қилган аёл бутун умр фохишалик қилади” шекилли, кейинчали Сулаймон Муродов “Эрк”га ўтиб кетди, Барот Номозов Ленинградга кўчиб кетди, ўша ердан туриб бир маҳаллар сайтимизнинг “Меҳмонлар китобида” бизга қарши тош отиб турарди. Алибой Йўляхшиев “Бирлик”да қолса ҳам ҳаётини уни барбод қилиш ишига бағишлади, аммо ҳеч нарса қилолмади. Мен бу кишини сафларимизда сақлаб қолиш учун чин кўнгилдан ҳаракат қилдим. У киши Москвага қочиб келгандан кейин, касалхонага тушиб қолганида, умримда ҳеч бир замон қилмаган ва ўлсам ҳам ўзим учун қилмайдиган ишни қилиб, Истанбулда яшайдига бойроқ ўзбекларнинг уйигача ялиниб бориб, бироз пул йиғиб жўнатдим, аммо, бу киши хусусида ҳам Дадахон аканинг гаплари ҳақлигини кўрдим халос.

Вақти келгани учун айтиб ўтмоқчиман, Истанбулда фақат Алибой ака учун тиланчилик қилмаганман. Ўзбекистон ҳукумати Туркияда ўқиётган талабаларни қайтариб олиб кетганда, уларнинг баъзилари қайтмасдан, ўқишни давом эттиришга ҳаракат қилишди. Уларнинг ичида Бурса шаҳрида ўқийдиган Баҳодир Файзи бор эди. Ўзбекистон улардан воз кечгач, ўқишга ўзлари пул тўлашлари лозим бўлди. Истанбулнинг марказида Риёд меҳмонхонаси қураётган Саудияли ўзбек бойларидан биргина талабанинг бир йиллик ўқиши учун уларнинг ҳамёни билан солиштирганда жуда ҳам оз пулни ундириш учун қанча ҳаракат қилганимни кўрсангиз эди. Охир оқибат пулни ундирдим ва кейинчалик гап-сўз бўлмасин дея, Баҳодирни чақириб, пулни тўғридан тўғри ўз қўли билан олишини уюштирдим. Кейинчалик, Баҳодир учун БМТгача хат ёзиб, АҚШга келишига ёрдам бердим. Ҳозир эшитишимча, устимдан бўҳтон тўла китоблар ёзиб юрган эмиш. Нимaгалигини ҳам биламан. Туркияда ўқиб юрган йиллари, огоҳлантиришларимга қарамасдан, у ярим террористик “бўзқуртлар” ташкилотига кириб қолган эди. Бу каби ташкилотларга қон билан қасам ичиб кирилишини ҳамма тушунса керак. Мен ҳар қандай террорга ва фанатизмга очиқча қарши чиқаётганим учун бўзқуртларни ҳам, уларнинг буйруғини бажаришга мажбур бўлган бечора Баҳодирни ҳам тушуниш мумкин.

Асосий мавзуга қайтсак. Хуллас, “Бирлик”нинг тузилишида унинг бошида турганларни доғда қолдириб, бу миллий ҳаракатни демократик йўлдан кетишини таъминладик. Бўлиниш мажлисида кўрдимки, мутлақо кўпчилик 53-54-чиларнинг йўлига кирмади. Демак, деб ўйладим мен ўша замонда, улар бошқа бир тузукгина ташкилот тузолмайдилар.

Кейин партиялар ҳақида қонун чиқди. Партияни рўйхатдан ўтказиш учун аввалига 3,5 минг аъзо керак эди, сўнгра бу рақам 5 мингга чиқарилди. Ўзбекларнинг ичидан ҳеч қачон бунча хоинни топиб бўлмаслигиа ишонардим. Аммо53-54-чилар 5 минг аъзо тўплаб рўйхатдан ҳам ўтишди.

Мен буни тушунмасдим. Буни миллатимизнинг ҳалигача сиёсий гўллиги, демократия меваларидан фойдаланишга ҳозир эмаслиги билан оқлашга интилиб, “Ўзбеклар демократияга тайёру демократия учун курашга тайёр эмас” деб мақола ҳам ёздим.

Ўзим учун қоронғу бўлиб келаётган бу ҳодисанинг асл сабабини эса яқинда ўргандим. “Эрк” партясининг ҳозирги раиси Самад Муроднинг бир оз илгари сайтимизда Отаназар Орипов хусусида берган маълумотларидан ва кейин қашқадарёликлар билан телефон орқали қилган суҳбатларимдан маълум бўлдики, “Эрк” партияси тузилмасдан олдин Қашқадарёда Самад Мурод ва Дайнов Ташановларнинг ташаббуси билан зиёлиларнинг “Эрк” жамияти яратилган экан. Жамият аъзоларининг сони чекланган бўлса ҳам у ўша романтик қайта қуриш йилларида вилоятда анчагина таниқли ташкилотга айланибди. Шу орада Тошкентда “Эрк” партияси тузилгани ҳақида ҳабарлар келган. Оммавий ахблорот воситалари мухолифат ҳақида ҳеч қандай маълумот бермагани сабабли, қашқадарёлик “эрк”чилар “Бирлик”нинг бўлиниши, унда Салой ва унинг ўзи каби хоин сафдошлари ҳақида ҳеч хабарлари бўлмаган. Улар “Эрк” партиясининг тузилишини “Бирлик” ичидаги партиялашиш жараёнининг маҳсули сифатида кўришган ва фракция шаклида “Эрк” партиясига қўшилишган, партияга минглаб қашқадарёлиликларни жалб қилишган. Рўйхатга олиш учун топширилган партия аъзоларининг 5 минг кишилик рўйхатида 3,5 киши қашқадарёлик бўлгани ҳайрон қолдирувчи фактдир.

Дайнов Ташановнинг айтишича, кейинчалик улар “Эрк” раҳбарияти ва шахсан Салай Мадаминов Каримовнинг қўғирчоғи эканлигини тушуна бошлашган ва партия ичида кўпчилик эканларидан фойдаланиб, Салойга босим ўтқазиш воситасида партияни демократик йўлга солишга интилишган. Икки ўт орасида қолган партия раиси бироз демократикроқ йўл тутабошлагач, Каримов “Эрк”га қарши ҳам босим бошлаган. Истанбулга қочиб кетган Салой 1994 йилнинг бошларида Ашхабодга келиб, Самад Муроддан партия қўриқчилари етиштириш учун Туркияга ёшлардан юборишни талаб қилгандан кейин, қандай қўриқчилар ҳақида гап кетаётганини яхши тушунган Самад раисларини демократия йўлидан чиқмасликка чақирганда, Салай телефонни узган ва шу билан оралари тамомийла бузилган. Аммо, Салай Мадаминовнинг хоҳишига қарши шаклда Самад Мурод партиянинг Бош котиби, 2003 йилда эса, раиси этиб сайланган.

Ҳозир Самад Мурод хоин Салой Мадаминов бошчилигидаги гуруҳ партиядан ҳайдалгани, унинг аъзолари Ўзбекистонда мухолифат партияларини рўйхатга олиш масаласи ҳал бўлмаганидан фойдаланиб ўзларини “эрк”чилар деб юргани, аслида Салайнинг атрофида ҳеч ким қолмаганини айтмоқда. Мен буни ўзи ҳам кўриб турибман. Яқинда Хельсинки комиссиядаги савол-жавоб пайтида “бу гурҳнинг ҳозир 50 кишилик тарафдори ҳам йўқ” деган сўзларим реалликка асосланган.

Менга ниҳоят бу масалада ҳамма нарса ойдинлашди. Ўзбек халқининг сиёсий етуклик даражаси юксак экан. 53-54-чилардан халқ нафрат қилгани учун улар режимнинг қўллаб қувватлаши натижасида ҳам таъсирчан, катта партияга айланишолмаган. Марказдан ўзларини мустақил тутишга интилган қашқадарёликлардан ташқари партиянинг ҳеч бир вилоятда етарлича аъзолари ва бунинг натижасида тузуккина таъсир кучи бўлмаган.

Кўриниб турибдики, энди бўлмайди ҳам. Чунки, миллатфуруш, ватанфурушларнинг жойи сиёсий ахлатхонада.