03 October 2017
21:37 - ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИСИ АЪЗАМ ФАРМОНОВНИНГ ОЗОД ҚИЛИНИШИНИ ОЛҚИШЛАЙМИЗ! (Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг Баёноти ва "Ҳаракат"нинг таҳлили)

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/71-сонли муассасадан Аъзамжон Фармоновнинг муддатидан аввал озод қилинишини олқишлайди. Буни фуқаролик жамияти шакллантиришида қўйилаётган юксак қадам сифатида баҳолаб, бу одимнинг давомли бўлишига умид қилади.

Жамиятимиз шу йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси маъмуриятига хат билан мурожаат қилиб, қамоқларда қолаётган фуқаролик жамияти вакилларини озод қилиш, жуда бўлмаганда улар билан учрашувлар ташкил этишни сўраганди. Бошқарма жамиятимизга бу борада ижобий жавоб қайтариб, Аъзамжон Фармоновнинг озод қилинишида фаолларимизнинг иштирокини таъминлади.

Аъзамжон Фармоновнинг озод қилиниши президент Шавкат Мирзиёев томонидан бошланган умидбахш ислоҳотларнинг самараси ўлароқ баҳоланиши лозим. Ва, ишонамизки, бу ислоҳотлар бардавом бўлади. Бундан кейин ҳам кенг кўламли сиёсий, ижтимоий ва инсон ҳуқуқлари борасидаги ислоҳотларда изчил барқарорлик ва тараққиёт бўлишига умид қиламиз.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси маъмуриятига миннатдорчилик билдириб, жамоатчиликка фуқаролик жамият вакиллари билан учрашувларнинг давомли эканини маълум қиламиз.

“Ҳаракат”: Биз ҳам Аъзамжон Фармоновнинг озод қилинишини олқишлаймиз. Аммо, миллат ва давлатимизнинг ҳозирги ғариб аҳволи бизни “тўйда ҳам азада ҳам” бу аҳволдан келиб чиқаётган муаммолар ва уларни ечиш устида гапиришга мажбур қилади. Ўзини ҳуқуқ ҳимоячиси деб танитаётган Аъзамжон Фармоновнинг қамалиши атрофида, минг афсуски, турли-туман ёлғондан кўра кўпроқ тўғри гаплар бор. Масалан, у ҳуқуқ ҳимоячилигидан ўғрилик йўлига ўтиб кетган Толиб Ёқубнинг куёви эканлиги ва унинг йўлидан кетганлиги. Бундай нарсаларга кўз юмишни одат қилиб олгани учун ҳам миллат ва давлатимизнинг аҳволи ғарибдир. Бу хусусдаги фикрларимзни эрта-индин очиқлашга ҳаракат қиламиз.

“Эзгулик” Жамияти раиси Васила Иноятованинг Фейсбукдаги шахсий саҳифасидан олинган расмда унинг ўзи билан Аъзамжон Фармоновни кўрмоқдасиз.